Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:59

Раҳмон ëрдам сўраб Путинга, Бердимуҳаммедов эса Каримовга бош урди


Имомали Раҳмон Сочида Путин билан асосан афғон таҳликасини муҳокама қилди.
Имомали Раҳмон Сочида Путин билан асосан афғон таҳликасини муҳокама қилди.

Афғонистон билан чегара ҳудудлари бирин-кетин Толибон билан ҳамкорликда жанг қилаëтган ишидчилар қўлига ўтаëтган бир пайтда Тожикистон президенти сешанба куни Путин ҳузурига Сочига кетди¸ Туркманистон президенти эса¸ Каримов олдига Оқсаройга келди.

Афғонистон билан чегара ҳудудлари бирин-кетин Толибон билан ҳамкорликда жанг қилаëтган ишидчилар қўлига ўтаëтган бир пайтда Тожикистон президенти сешанба куни Путин ҳузурига Сочига кетди¸ Туркманистон президенти эса¸ Каримов олдига Оқсаройга келди. Таҳлилчиларга кўра¸ тожик ва туркман президентлари ўз кучлироқ иттифоқчи ва қўшниси даргоҳига¸ биринчи галда¸ ҳарбий ëрдам сўраш учун келган.

Тожикистон президенти 6 октябрь сешанба куни Сочида Путин билан ўтказилган музокаралардан сўнг¸ Толибон ва Афғонистон шимолида у билан ҳамкорлик қилаëтган ИШИД жангариларининг Тожикистонга туташ ҳудудларни эгаллаши ўзини оғир аҳволга солиб қўйганини яширмади.

“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳудудидаги хавфсизлик масалалари ҳақида гапирмоқчиман¸ зотан тожик-афғон чегараси айни шу ҳудудга киради. Афғонистондаги вазият кун сайин ëмонлашмоқда. Ҳозир тожик-афғон чегарасининг қарийб 60 фоизлик қисмида жанговар амалиëтлар бормоқда. Бу бизни жуда қаттиқ хавотирга солмоқда ва бугун айнан минтақа хавфсизлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилмоқчиман”¸ деди Афғонистон билан 1344 километрлик чегараси бўйлаб яна уруш олови ëнаëтган Раҳмон.

Кузатувчилар таъкидича¸ 7 октябрь куни Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовни Тошкентга олиб келган асосий муаммо ҳам айнан Афғонистон шимолининг турли экстремистик исломий гуруҳлар қўлига ўтаëтганидан туғилган таҳдиддир.

Бердимуҳаммедов-Каримов учрашуви ҳақида берилаëтган расмий баëнотларда кун тартибидаги асосий масала ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантириш деб таснифланаëтган бўлса-да¸ иккала қўшни айнан хавфсизлик вазиятининг ëмонлашгани ва кўрилажак чоралар ҳақида гаплашади¸ дейди Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар.

- Туркманистон Афғонистон билан 775 километрлик ўзаро чегарага эга ва асосан кимсасиз чўл ҳудудидан ўтувчи бу чегара чизиғи илма-тешик бўлиб ëтибди. Бу чегарадан ўтиш учун танкнинг кераги йўқ¸ бемалол эшакда ўтса ҳам бўлади. Туркманистон армияси заиф ва бунча ҳудудни қўриқлай олмайди. Гап Толибон ва бошқа жанггари гуруҳларнинг қўшин тортиб бостириб кириши ҳақида кетмаяпти¸ албатта. Хавф¸ бир гуруҳ ишидчининг Туркманистон ҳудуди¸ ундан Ўзбекистонга ўтиб¸ террор ва қўпорувчилик амалиëтлари қилишидадир. Бундай таҳдиддан ўзини ҳимоялаш эса¸ янада қийин иш. Ана шундай вазиятда Бердимуҳаммедов Каримовдан бевосита ҳарбий ëрдам сўрайдими-йўқми¸ буни билмайман. Аммо ўз тажрибали қўшнисидан маслаҳат олиш¸ вазиятнинг қандай ривожланиши ва нималарга¸ қандай тайëр туриш лозимлиги ҳақида гаплашиб олишини тахмин қиламан¸ дейди Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институтининг собиқ директори¸ сиëсатшунос Рафик Сайфулин.

Бердимуҳаммедов ўзи тушиб қолган вазиятда реал ëрдамни Россия ëки АҚШ бериши мумкинлигини билади¸ лекин бу икки давлат ëрдам эвазига қўядиган шартлар оғир бўлажагини ҳам билганидан¸ қарор беришдан олдин Каримов кўнглига қўл солиб кўрмоқчи¸ дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Россия сиëсий тадқиқотлар институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси Аждар Куртов¸ Бердимуҳаммедов-Каримов учрашувида¸ айнан жанггарилар таҳдидини қандай қайтариш масаласи баробарида ўзаро олди-берди ҳам муҳокама қилинишини ҳам тахмин этади:

- Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай президент¸ чегараси бўйлаб уруш борар экан¸ қўшниси¸ айниқса¸ ўзидан кучлироқ ва тажрибалироқ қўшниси билан бу ҳақда гаплашмаслиги мумкин эмас. Ўзбекистоннинг туркман-афғон чегарасидаги ишидчилар таҳдидини қайтаришдаги ëрдами эвазига Туркманистон Ўзбекистонда пойтахт Тошкентгача етиб келган энергетик бўҳронни сал бўлса ҳам енгиллатишда кўмаклашиши мумкин. Агар Толибон ëки бошқа жанггари гуруҳлар Туркманистон ҳудудига ўтишга уринадиган бўлса¸ бундай вазиятда Ўзбекистон ўз жанговор техникасини юборишдан тортиб¸ ҳарбий қисмларини жўнатишга қадар ëрдам бериши мумкин. Туркманистоннинг нейтрал давлат сифатида 1995 йили БМТ томонидан тасдиқланган мақоми бундай ëрдам сўраш ва олишга мутлақ тўсқинлик қилмайди¸ аксинча¸ дейди Аждар Куртов.

Айни пайтда бу таҳлилчи¸ ҳозирча на жиҳодчи гуруҳларнинг Туркманистон ҳудудига ўтиш хавфи жиддий¸ ва на Ўзбекистон ҳарбийларини туркман-афғон чегарасига жўнатиш учун ҳуқуқий асос борлиги боис¸ бундай эҳтимол тахмин даражасида қолажагини қўшимча қилади.

- Дейлик¸ беш-ўнта ишидчи Туркманистон¸ у орқали Ўзбекистон ҳудудига кирди ҳам дейлик¸ Хўш¸ улар қўлидан нима келади? Бир-иккита жойни портлатиш¸ ўзи билан бирга беш-ўнта бегуноҳ одамни ўлдиришдан нарига ўта олмайди бунақа уриниш. Бу билан бутун бошли армия ва бошқа қудратга эга Ўзбекистон тугул¸ энг заиф давлатни ҳам ағдариб бўлмайди¸ Сурия ва Ироқдаги воқеаларда катта кучлар¸ катта пул аралашгани учун¸ уларни мисол келтириш ўринсиз деб ҳисоблайман. Шу боис¸ Афғонистон шимолининг Толибон ва ишидчилар қўлига ўтганидан кейин Марказий Осиë хавфсизлиги жиддий таҳдид остида қолди¸ деган гапларни бўрттириш деб ҳисоблайман¸ дейди россиялик таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG