Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:56

Тошкент мева-сабзавотни юк машинада ташишга рухсат беради, лекин ҳаммага ҳам эмас


Ўзбек расмийлари мамлакатда етиштирилган мева-сабзавотни автоуловда хорижга экспорт қилишга рухсат беради, бироқ бу иш расмий изнни олган бир неча ширкат томонидангина амалга оширилиши мумкин.

Бу ҳақда Россиянинг Спутник нашри хабар тарқатди.

Бош вазир Шавкат Мирзиëев 28 август куни имзолаган 249-сонли қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш тақиқлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Мазкур қарорда 1 сентябрдан бошлаб бу маҳсулотларни юк машиналари орқали хорижга олиб чиқиш мутлақ тақиқлангани ва эндиликда бу ташувни фақат “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ëки ҳаво транспорти ширкатлари амалга ошириши мумкинлиги қайд этилганди.

Қарор изоҳида бундан мақсад Ўзбекистон мева-сабзавоти ва полиз экинларини солиқ ва бож тўловларини четлаб ўтиб, хориж, биринчи галда Қозоғистонга олиб чиқаëтган “ноҳалол экспортчилар”ни тўхтатиш ва уларни фош қилиб, жазога тортиш ва экспортни шаффофлаштириш экани таъкидланганди.

Ҳукуматнинг бу қарори мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланувчи ўзбекистонлик фермерларнинг эътирозига сабаб бўлганди.

- Экспортни фақат темир йўл ëки ҳаво орқали қиласан¸ дейиш¸ биздан лицензияни қайтариб олиш дегани. Чунки менда ҳозир 10 тонна узум тайëр ва уни машина билан Қозоғистон, ундан Россияга олиб чиқишни режалаëтгандим. Бу қарор “йўл ëпилди” дегани. Чунки поездда олиб чиқиш учун камида 60 тонналик вагонни олишим керак¸ менда унча ҳосил йўқ ва харажат ўзини оқламайди, - деганди узум етиштириш ва сотиш билан шуғулланиб келадиган ўзбек фермерларидан бири Озодлик билан сентябрь ойида қилинган суҳбатда.

Қарорга муносабат билдирган экспертлар эса “советча йўсиндаги” бу қарорни бозор иқтисодиёти қоидаларига зид эканини, чунки экспортдан валюта келишини урғулагандилар.

Ўзбекистонлик фермерлар ўз маҳсулотларини асосан машинада оз муддатда етиб олиш мумкин бўлган Қозоғистон ва Россияда сотишни мўлжаллаб тургандилар.

Мазкур қарор “ҳукумат “Ўзбекистон темир йўллари”ни мева-сабзавот ташийдиган монополистга айланмоқчи” қабилидаги тахминлар урчишига сабаб бўлганди. Айни пайтда ўз маҳсулотини темир йўл ёки ҳаво йўли орқали хорижга етказишни уддалай олмаган фермерларга хонавайрон бўлиш хавф солаётгани ҳақида хавотирлар билдирилганди.

Аммо эндиликда ўзбек расмийлари ўрта бир йўлни топган кўринади. Спутник нашри хабарида Ўзбекистонда 2016 йилнинг 1 январидан мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари юк машиналарида ташишга рухсат этилгани, ҳатто Мева, сабзавот, полиз экинлари, картошка ва узумдан ички бозорда рационал фойдаланиш ҳамда экспортни ташкиллаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ мева-сабзавот экспорти учун автотранспортдан фойдаланиши мумкин ҳуқуқий шахслар рўйхати тузгани айтилган. Бироқ бундай имтиёзга эга бўлган ширкатлар номи ўзбек расмийлари томонидан ҳали жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.

Мева-сабзавотни хорижга юк машиналарида ташишдаги бу чеклов фермерларда “Маҳсулотларни машинада ташишга биз ҳам рухсат ола биламизми?”, “Бизга изн берилмаган тақдирда лизенцияси бўлган монополиячи фирмалар мева-сабзавотни паст нархда сўраб туриб олмайдими ва биз яна зиёнда қолмаймизми?” каби ташвиш тўла саволларни туғдирмоқда.

XS
SM
MD
LG