Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:25

Тошкент идораларида ойлик бериш ярим йилгача кечикмоқда


"Тошкент трамвайи" унитар корхонасида ишчиларга май ойидан буён ойлик маошлари берилмаяпти. Тошкент тиббиёт академияси ходимлари эса икки ойлик меҳнат ҳақини ололмаяпти. Ишчиларнинг Озодликка айтишича, маошлари вақтида берилмаслигидан прокуратурага қилган шикоятлари ҳам бесамар қолаяпти. Ташкилот раҳбарлари эса ойликларнинг кечикишида банкларни айблашди.

Трамвайчиларнинг муаммосини прокуратура ҳам ҳал қила олмаяпти

“Тошшаҳартрансхизмат” ширкатига қарашли “Тошкент трамвайи” унитар корхонаси ишчи-ходимлари ярим йилдан буён ойлик маошини ололмасдан ишлашга мажбур бўлишмоқда.

Корхона ишчиларининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, раҳбарият ойликларнинг қачон берилиши борасида жўяли бир жавоб бермаяпти:

“Май ойидан бери ойлик олганимиз йўқ. Ярим йилдан бери фақат қарз олиб ишлаяпмиз. Йўл кира бор, обед қилишимиз керак. Бунинг устига ҳамманинг оиласи, бола-чақаси бор. Уларни қандай боқамиз? Бўшаб кетай десак, иш топиш қийин. Ана берар, мана берар, деб умид билан ишлаяпмиз. Бошлиқлар олдига неча марта шикоят қилиб кирдик. “Берамиз” ҳам демайди, “бермаймиз” ҳам демайди. Нима қилишимизни ҳам билмай қолдик”, дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда корхона ишчиларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Ишчиларга кўра, улар ойлик кечикиши муаммосини ҳал қилиб беришни сўраб, ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам мурожаат қилганлар, бироқ натижа бўлмаган:

“Бир неча киши шаҳар прокуратурасига ҳам шикоят қилди. Бунга ҳам бир неча ой бўлди. Лекин прокуратура ҳам ҳал қилиб бера олмади. Кейин “Даракчи” газетасига ҳам ёзишди. Бундан ҳам бирор фойда бўлмади. Профсоюзга ҳам бориб келишди. Бундан ҳам натижа бўлмади”, дейди бошқа бир ишчи аёл.

Корхона раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда ойлик кечикишини корхонанинг молиявий аҳволи билан боғлади:

“Корхонамиз картотекада ўтирибди, яъни расчётный счётда пулимиз йўқ. Шунинг учун ойликларни бера олмаяпмиз,” деди корхона раҳбарларидан бири.

Ҳисоблаш бўлими ходимларидан бири эса маошлар берилиши билан боғлиқ муаммо сабаби банкларнинг ўз вақтида пул бермаслигида эканини айтди.

“Тошшаҳартрансхизмат” ширкатининг молиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Моҳир Камолович Валиев эса бу масалада Озодлик билан гаплашишни истамади.

Тиббиётчилар ҳам ойликсиз ўтирибди

Тошкент Тиббиёт академиясининг Биринчи клиникаси ишчиларидан Озодликка келган мактубда ҳам ойлик муаммоси тилга олинган. Ушбу шикоят ортидан Озодлик мухбири клиника ишчилари билан телефон орқали боғланиб, вазиятни ўрганди.

“Сентябрь ойини ҳали олмадик. Августнинг ойлигини олганимиз билан пахта учун тўлаганмиз. Яхшиям уйда бошқа ишлайдиганлар бор. Ўшаларнинг ҳисобига яшаяпман кейинги уч ойда. Раҳбариятнинг иши йўқ, нима ҳисобига яшаётганимиз билан. Оилани қандай боқамиз, бу ҳам уларни қизиқтирмайди”, деди клиника ишчиларидан бири.

Клиника мулозимларидан бири ишчилар ойлигининг кечикиши учун масъулиятни банкка юклади:

Айб бизда эмас, банкда. Банк бермаяпти пулимизни. “Нақд пул йўқ”, дейди. Кейинги пайтда ўзи банкка бориб, уришиб-уришиб оладиган бўлдик ойликларни. Берса ҳам тўлиғича бермайди. Бўлиб-бўлиб беради. Сентябрни шу кунларда берамиз деб турибмиз”, деди клиника мулозимларидан бири ўзини таништирмаган ҳолда.

Банкларда пул йўқлиги рост

Озодлик боғланган банк расмийлари муаммо нақд пул йўқлиги билан боғлиқ эканлигини тасдиқлашди ва вазият яқин орада ўнгланишига умид билдиришди.

Шу йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазирга юборган ҳисоботида мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган эди. Озодликка сиздирилган ҳисоботда мамлакат банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши таъкидланган эди.

Шу кунларда пойтахт банкирлари нақд пул билан боғлиқ муаммо жиддийлашгани боис тошкентдаги пенсионерларни пластик картага ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Сентябрь ойидан бошлаб аксар банклар нақдсиз тўлов тизимида ҳам муаммога дуч келаяпти. Жумладан, Ўзбекистондаги аксар давлат ташкилотларига маош беришга ваколатли Агробанк пластик карталарга нақдсиз тўловларни ўтказишда жиддий муаммога учрамоқда. Банк масъуллари эътирофича¸ нақдсиз тўлов тизимидаги муаммо илдизи давлат ғазнасида пул йўқлигига бориб тақалади.

XS
SM
MD
LG