Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:44

"Косон қамоғини "чёрный зона" деб эълон қилишди"


Қашқадарё вилоятидаги Косон қамоқхонасида сақланаётган диндорлар оғир қийноқларга тутилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. "Ҳизбут Таҳрир" ташкилоти аъзолари қамоқхонадан йўллаган мактубда сентябрь ойидан муассасада "чёрный зона” режими бошлангани, диндорлар ўта оғир қийноқларга тутилаётгани иддао қилинди. Қамоқхонадаги эрини йўқлаган аёл эса иддаони тасдиқлади.

Косон қамоғидан мактуб

Қашқадарё вилоятидаги Косон шаҳридаги УЯ 64/51 қамоқхонасидаги диндор маҳбуслар номидан йўллангани айтилган мактубда шундай дейилади:

"Биз Қашқадарё вилояти, Косон шаҳридаги УЯ 64/51 қамоқхонасида сақланаётган Ҳизб ут-Таҳрир аъзоларимиз. Ўзбекистон ҳокимлари бу қамоқхонани Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида жойлашган УЯ 64/48 қамоқхона шаклига айлантиришга уринмокда... жирканч ишларни амалга оширадиган маҳбуслар 2015 йил 19 сентябрда кўчирилган... бу маҳбуслар 25 сентябрда УЯ 64/51 сонли қамоқхонани "чёрный зона", деб эълон қилишди. Бу маҳбуслар ўз фикрида собит турган Ҳизб ут-Таҳрир йигитларини алоҳида камераларга ташлаб, турли хил қийноқларга солмоқда, хорламокда... Уларнинг қўл ва оёқлари ўта вахшиёна тарзда уриб, синдирилмокда... Бўлаётган бу ходисалардан қамоқхона маъмурияти хабардордир".

Шу кунга қадар номи тилга олинган қамоқхонада диндорларга нисбатан оғир қийноқлар қўлланиши ҳақида кўплаб мурожаатлар бўлган, аммо Ўзбекистонда Жазони ижро этиш бош бошқармаси бундай шикоятларга муносабат билдирмай келади.

"Чёрный зона"даги маҳбуснинг хотини билан суҳбат

Ўтган ойда Косон қамоғида учинчи йилдирки жазо ўтаётган турмуш ўртоғини кўриб қайтган фарғоналик аёл ҳам Озодлик билан суҳбатда ичкарида маҳбуслар оғир қийноқлар солинаётгани, қамоқхона маъмурлари эса вазиятдан кўз юмаётганидан арз қилди.

- Ўтган ойда бориб келдим. Хўжайним: "Олдин бу ер "қизил зона" эди (қамоқхона маъмурияти назорати остидаги зона - таҳр.), ҳозир "чёрный зона”, деб эълон қилишди. Диндорлар роса қийнашяпти. 25 сентябрь куни битта андижонлик диндор болани уриб, ўлдириб ташлашибди. Назоратчилар индамаяпти экан. Энди шу бирордар болларга оғир қийноқлар қўллашяпти, дедию менга ҳаммасини айтмади. Энди аёл киши бўлганим учун аяди, - дейди исмини сир сақлаган фарғоналик аёл.

25 сентябрь куни бу қамоқхонада бир диндор маҳбуснинг уриб ўлдирилгани ҳақида Озодликда тасдиқланмаган норасмий маълумот бор.

Норасмий манбалар иддаосича, маҳбуснинг исми Аҳмаджон Казаковдир. У Андижон шаҳрида истиқомат қилган ва 4 йилдан ошироқ вақтдан буён қамоқ жазони ўтаётган эди. Бу маҳбуснинг ўлими ҳақида Озодликка хабар қилган норасмий манбалар марҳумнинг оиласи матбуот билан боғланишдан чўчиётганини айтиб, бошқа маълумотларни очиқламадилар. (Озодлик айни дамда бу иддаоларга аниқлик киритишга уринмоқда)

Фарғоналик аёл билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Косон қамоқхонасидаги диндорнинг хотини билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:14 0:00
Бевосита линк

ИШИД қўрқуви боис, ҳизбчиларга босим кучайди

Ўзбекистонда турли диний оқимлар, айниқса, “Ҳизбут Таҳрир” партиясига алоқадорликда гумон қилинган ва ИИВ томонидан рўйхатга олинган шахслар устидан ҳам назорат ўта кучайтирилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 2015 йилнинг бошидан буён Ўзбекистонда диний мотивларда айбланиб, қамоққа ташланганлар сони 200 нафарга яқиндир, демоқда.

- Бу тахминий рақам. Ҳозир маҳкамаларнинг кўпи ёпиқ ўтаяпти. Ҳукумат рақамларни бермагандан кейин, расмий матбуот хабар қилмаганидан кейин шунақа тахминий рақамга таянишга тўғри келаяпти. Бу диндорлар устдан назорат кучайгани бор гап. Бунга ўша ИГИЛ ("Исломий давлат" террор гуруҳи - таҳр.) сабаб. Чунки, унинг сафига қўшилиш учун кетаётганлар, менинг назаримда, кўпайяпти. Қамоқда ҳам, айниқса, "Ҳизбут Таҳрир" аъзоларига муддат қўшиб берилаяпти, чунки чиққанидан кейин шу ИГИЛга кетиб қолади, деган хавотир бор, - дейди Суръат Икромов.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Суръат Икромов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00
Бевосита линк

Ҳизбут Таҳрир "Исломий давлат"ни тан олмайди

“Ҳизбут Таҳрир” ташкилоти марказий матбуот хизмати вакили Ислом Абу Халил Ўзбекистонда ташкилот аъзолари ёки тарафдорлари ортидан назорат кучайтирилгани, айниқса, қамоқда сақланаётган диндорлар устидан босим, қийноқлар ошиб бораётганидан хавотир билдирди:

"Ҳукумат ўз жиноятини яшириш учун шунақа қилишяпти. Аввал ҳам қамоқхоналарда шунақа "чёрный зона” режимини қилиб, бизнинг биродарларимизни қийноққа солишгани кузатилган, қайси қамоқда бўлгани ҳозир аниқ эсимда йўқ. Уриб ўлдиришгани ҳолатлари ҳам бўлган. "Исломий давлат" билан "Ҳизбут Таҳрир"ни бир-бирига боғлаб, биродарларимизни қамаш ҳоллари кузатиляпти. Бизнинг амиримиз баёнот берган, биз "Исломий давлат"ни тан олмаймиз, у ерда давлат тизимининг ўзи йўқ", дейди ташкилот марказий матбуот хизмати вакили Ислом Абу Халил.

Унинг айтишича, шу кунда Ўзбекистондаги 50 дан ортиқ жазони ўташ муассасасида 6-8 минг атрофида "Ҳизбут Таҳрир" ташкилоти аъзоси қамоқ жазосини ўтамоқда.

Тақиқлар

Бу ташкилот Ўзбекистонда расман тақиқланган диний экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилган. Ташкилот аъзолари аксар ҳолларда Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 ва 244-моддалари асосида Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз ҳамда тақиқланган диний ташкилотлар тузиш, унга алоқадорлик айблови билан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилади.

Ўзбекистонда йиллар давомида бу ташкилотнинг қамоққа ташланган аъзолари қийноққа тутилгани, айрим ҳолларда қийноқлар остида қамоқхоналарда вафот этгани кузатилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ер юзида тинч йўллар билан исломий давлат бошқаруви - ҳалифалик ўрнатишни даъво қилган бу сиёсий ташкилотни тақиқлаш, унинг аъзоларини эса қамоққа ташлаш амалиётини қоралаб келадилар.

Ҳозирга келиб бу ташкилот Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон, Тожикистонда тақиқланган. Бундан ташқари, Туркия, қатор араб давлатлари, Германияда ҳам тақиқланган. Австралия ва Буюк Британияда ҳам тақиқлаш ҳаракатлари бўлган, аммо амалга ошмаган.

XS
SM
MD
LG