Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Ҳар бир ўзбекистонликнинг йилига 63 килодан гўшт ейиши хабар қилинди


“Республика аҳолисининг (жон бошига йилига истеъмол меъёри 40 кг) гўшт маҳсулотига бўлган йиллик талаби 1 млн. 200 минг тоннани ташкил қилгани ҳолда, амалда 1 млн. 900 минг тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштирилади”.

Бу маълумот Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раҳбарлари 10 ноябрь куни Тошкентда ўтказган матбуот анжуманида маҳаллий журналистларга етказилди.

“Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзуида ўтказилган анжуманда 1990 йилда Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, авваламбор, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан импорт ҳисобига қондирилгани, ҳозирги кунда бу эҳтиёжнинг 96 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қопланаётгани айтилди.

"Ҳар бир фуқаро харид қувватига эга"

Матбуот анжуманини ўтказган Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раҳбарлари фикрича, шу кунда “мамлакатнинг ҳар бир фуқароси, ёши ва жамиятдаги мавқеидан қатъий назар, бозордаги ҳар қандай нарх-наво шароитида ўзига керакли бўлган маҳсулотларни харид қилиш имкониятига эга”дир.

Матбуот анжуманида эълон қилинган яна бир-икки рақам:

“мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 марта, саноат усулида қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмоли деярли 4 баробарга ортди”.

Уюшма раҳбарлари фикрича, “бу ҳолат аҳолининг яшаш шароитлари тобора яхшиланиб бораётганлигидан далолат беради”.

Анжуманда эълон қилинган бошқа маълумотлар билан уюшманинг расмий сайтига кириб танишишингиз мумкин.

Энг муҳим маълумот!

Матбуот анжуманида эълон қилинган маълумотлардан мана буниси алоҳида эътиборга лойиқдир:

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раҳбарларига кўра, Ўзбекистоннинг “ҳар бир фуқароси бир ой давомида 40 дан ортиқ номдаги маҳсулотларни харид қилиш имкониятига эга ва бунга ўртача ойлик маошнинг 40 фоизини сарфламоқда”.

2 савол

Ҳар бир фуқаро сотиб олиши мумкин 40 дан ортиқ номдаги маҳсулотнинг рўйхати борми? Бугунги кунда Ўзбекистонда ўртача ойлик маош неча пул?

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси сайтида бу саволлар жавоби йўқ ва шунинг учун уюшма билан боғландик. Бироқ биз боғланган уч масъул ходимдан ҳам жавоб чиқмади.

Ўртача ойлик - давлат сири?

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2010 йил августида Мустақиллик байрами муносабати билан қилган нутқида мамлакатда ўртача маош миқдори ўша йилиёқ 500 АҚШ долларни ташкил этади, деб мақтанган эди.

Ўшандан бери ўтган 5 давомида Каримовнинг бу масалани тилга олгани тўғрисиди бирон-бир маълумот мавжуд эмас.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси тарафидан ишлаб чиқилган 2012 йил тўққиз ойи бўйича ҳисоботда тўққиз ой ичида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 18,9% ўсгани хабар қилинган, лекин конкрет рақам айтилмаган эди.

Википедияга кўра, 2011 йили Ўзбекистонда ўртача ойли маош 120 долларни ташкил қилган.

Мамлакат бўйлаб шу кундаги ўртача ойлик маош тўғрисида маълумот тополмагач, мактаб ўқитувчисининг маошига қизиқдик.

Ўқитувчининг ойлиги

Sputniknews сайтининг Таълим вазирлигига таяниб хабар қилишича, ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги 2015 йил, 1 сентябрида 1,235 миллион сўмни ташкил қилган.

Бироқ Қўқон шаҳридаги мактаблардан бири директоридан Озодлик олган маълумотларга қараганда 1,235 миллион сўм ўртача ойлик эмас, балки энг катта ойликдир.

“Ҳафтасига 10 соат дарс ўтадиган ўқитувчи 320-340 минг, 20 соат ўтадигани 720 – 750 минг сўм маош олади. Дарслари кўпроқларники барча қўшимчалар билан 1200-1300 мингга боради , деди директор”.

Реал оилалар чўнтаги

Энди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг “ҳар бир фуқаро бир ой давомида 40 дан ортиқ номдаги маҳсулотларни харид қилиш имкониятига эга ва бунга ўртача ойлик маошнинг 40 фоизини сарфламоқда”, деган маълумотини водийлик икки оила кирим-чиқимига қиёслаб кўринг.

Наманганнинг Мингбулоғида яшайдиган Исмоил ака – пенсионер. Унинг ўғли хотинини олиб, уч боласини ота-онасига қолдириб, ишлаш учун Россияга кетган.

Демак, оилада 5 киши бор. Исмоил ака ва унинг хотини иккалови биргаликда тақрибан 1 миллион сўм пенсия олади.

Исмоил акадан озиқ-овқат учун сарф-ҳаражатларини сўрадик. Бир қарашда, у кишининг бундай ҳаражатлари Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг айтаётган даража атрофида.

Фақат бир фарқ ҳисобга олинмаса. Гап шундаки, Исмоил аканинг айтишича, унинг оиласи бир ойда 1 кило гўшт ейди.

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг ҳисоб-китобича, Исмоил аканинг 5 кишилик оиласи бир ойда камида 20 кило гўшт ейиши керак эди ва бундай ҳолатда икки киши оладиган пенсиянинг 50 фоизидан кўпи фақат гўштга сарф бўларди.

Фарғоналик журналист аёл исми айтилмаслиги, овози эшиттирилмаслиги шарти билан (Озодликда суҳбатнинг аудиоёзуви бор) оиласининг кирим-чиқими тўғрисида айтиб берди.

У уч фарзанди ва қайнона-қайнотаси билан (6 киши) яшайди. Ўзининг ойлиги ва қайнларининг пенсияларини қўшганда бу оилага 1 миллион 300 минг сўм атрофида пул киради. “Пулнинг деярли ҳаммаси озиқ-овқатга сарфланади”, деди аёл. Унинг айтишича, бир ҳафтада кўпи билан 2 кило гўшт сотиб олади.

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг ҳисоб-китобича, журналист аёлнинг 6 кишилик оиласи бир ойда камида 25 кило гўшт ейиши керак эди

Наманганлик Исмоил акадан ҳам, фарғоналик журналист аёлдан ҳам истеъмол қиладигани озиқ-овқат маҳсулотларини санаб беришни илтимос қилдик. Икккаласининг ҳам ҳисоби зўрға 15 таданга етди. Бу ҳисобга тузу қалампир, кашничу ялпизни қўшмадик.

XS
SM
MD
LG