Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:20

Чақалоқ сотган туғруқхона мудири, чавақланган қўшмачи


Сирдарёда мижоз йигит қўшмачи ва фоҳишани чавақлади. Ботир Қодировнинг болалик сурати туфайли Шерали Жўраев билан боғлиқ миш-миш яна ёдга олинди. Фарғонада 2000 долларга чақалоқ пуллаётган туғруқхона мудири қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Бухорода солиқ мансабдори пора билан ушланди”

Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани давлат солиқ инспекцияси шўъба бошлиғи Ш.Камолов порахўрлик туфайли 4 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 12 ноябрь). Ш.Камолов “Сарбон Сардоба люкс” масъулияти чекланган жамиятининг 2011-2014 йиллардаги фаолияти юзасидан текширув ўтказади. Мансаб мавқеидан фойдаланган солиқ мансабдори аниқланган қонунбузарликларни текширув далолатномасида тўлиқ акс эттирмаслик эвазига жамият раисидан 1100 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда ушланган. Жиноят кодексининг 210-моддасида айбланган Ш.Камолов 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

“Сирдарёда мижоз йигит қўшмачи ва фоҳишани пичоқлаб кетди”

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги фоҳишахонада содир этилган қотиллик юзасидан суд жараёни якунланди. Бу ҳақда “Адолат кўзгуси” газетаси 2015 йил 43-сонида хабар қилинган. Асли андижонлик Яҳёбек Абдуназаров Зангиота туманида новвойхонада ишлаган. Ишдан зериккан пайти телефонини титкилаб, тасодифий рақамлар орқали қўшмачи хотин билан мулоқот ўрнатади. Сўнг унинг таклифи билан Гулистонга келади. Аммо нафси қонган мижоз йигит тўлов борасида келишолмай фоҳишани ва қўшмачи аёлни чавақлайди. Тергов жараёнида Я.Абдуназаров аввалроқ номусга тегиш жиноятини содир этгани аниқланади. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди уни 20 йилга озодликдан маҳрум этган.

“Чироқ ўчдими? Қўнғироқ қилинг!”

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти жорий йил 2 ноябрдан янги диспетчерлик тизимини ишга туширди. Компания матбуот хизмати маҳаллий газеталар орқали маълум қилишича, эндиликда истеъмолчилар электр энергия таъминотига оид муаммолар билан ушбу тизимга мурожаат қилишлари мумкин. Чироғи ўчган истеъмолчига (0371) 202-50-55 рақамига қўнғироқ қилиш маслаҳат берилган.

“300 доллар учун 5 йил қамоқ”

Хоразм вилояти Питнак шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 5 йилга муддатга озодликдан маҳрум этилди (“Даракчи”, 12 ноябрь). Исми ошкор этилмаган тиббий бирлашма бошлиғи иш сўраб келган аёлни санитарликка қабул қилиш эвазига ундан 300 доллар пора олган пайтда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди тиббиёт бирлашмаси бошлиғини маълум муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этган.

“Фарғонада 2000 долларга чақалоқ пуллаётган туғруқхона мудири қамалди”

Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги туғруқхона мудири чақалоқфурушликда айбланди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, мудир ўз туғруқхонасида дунёга келган чақалоқни бошқа бир аёлга 2000 долларга пуллаётганда ушланган. Исми ошкор этилмаган мудирга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Ботир Қодировнинг болалик сурати туфайли Шерали Жўраев билан боғлиқ миш-миш яна ёдга олинди”

Инстаграмда mashhur yulduzlar oilasi cаҳифаси хонанда Ботир Қодировнинг мактаб давридаги суратини жойлагач, мухлислар ўртасида қизғин муҳокама бошланди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, виньеткадаги сурат остида Ботир Қодировнинг фамилияси “Жўраев” деб кўрсатилган. Аввалроқ хонанда Ботир Қодиров таниқли ҳофиз Шерали Жўраевнинг ўғли экани ҳақида миш-миш пайдо бўлган ва уни ҳофиз Жўраевнинг ўзи инкор этган эди. Инстаграмдаги сурат бир муддат унутилган миш-мишни яна қўзғади.

“Ўзбекистонлик профессор 23 ёшдан аввал уйланмаслик лозим деб ҳисоблайди”

Ёшларда оила қуриш иштиёқи барвақт пайдо бўлишига қарамасдан эркаклар 23 ёшдан, қизлар 18 ёшдан олдин оила қурмагани маъқул (“Оила даврасида”, 12 ноябрь). Бу ҳақда профессор Ҳамидулла Болтабоев Фитратнинг оила хусусидаги қарашларига асосланиб ёзади. Айтилишича, мазкур маслаҳат муаллифи физиологик, генетик ва гигиеник талабларни кўзда тутган.

XS
SM
MD
LG