Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:31

Айблов хулосаси: Обид қорига суиқасд қилган Жуковский буйруқни Тошкентдан олган


Суиқасдда гумонланаётган Юрий Жуковский Швециянинг Остешунд шаҳрида кузатув камераларига тушиб қолган
Суиқасдда гумонланаётган Юрий Жуковский Швециянинг Остешунд шаҳрида кузатув камераларига тушиб қолган

Швеция прокуратураси терговчиси 17 ноябрь куни Остершунд судига Обид қори Назаровга қилинган суиқасд бўйича айблов хулосасини топширди. Терговчи Кристер Петерсоннинг Озодликка айтишича, суиқасдда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский устидан 23 ноябрь куни бошланадиган судда имомни ўлдириш уриниши ортида Ўзбекистон ҳукумати турганига доир айбловлар ҳам кўриб чиқилади. Суиқасдда айбланаётган Жуковский шу йилнинг август ойида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган эди.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаровга 2012 йилнинг февралида уюштирилган суиқасдни тергов қилган Швеция Бош прокуратураси терговчиси Кристер Петерссон 17 ноябрь куни судга айблов хуслосасини топширди.

Суиқасдни амалга оширганликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский устидан маҳкаманинг 23 ноябрь куни Швециянинг Остершунд шаҳрида бошланиши кутилмоқда.

"Жуковский Ўзбекистондан буйруқ олганини аниқладим"

Остершунд шаҳар судига айблов хуслосасини топшириб бўлгач, Озодликка гапирган терговчи Петерссон ўз аризасида бевосита Ўзбекистон ҳукуматини айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон давлати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирди.

Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерссон
Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерссон

- Айблов хулосасида бу хусусда бир қатор ҳужжатлар ўрин олган. Лекин суиқасд ортида бевосита жаноб (Ислом) Каримов ёки махфий полиция (Миллий хавфсизлик хизмати-таҳр.) бошлиғи турганига доир баёнотлар йўқ. Чунки, Ўзбекистон расмийлари мен билан умуман ҳамкорлик қилмагани боис, судда уларга қарши айбловларни илгари сура олмайман. Лекин тергов давомида жаноб Жуковский бевосита Ўзбекистон давлатидан ёки воситачи орқали ёрдам, кўрсатма ва буйруқ олганига ишора қилувчи фактларни аниқладим,- дейди терговчи.

37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский шу йилнинг 25 август куни Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган ва уч ярим йил аввалги суиқасднинг бевосита ижрочиси сифатида ҳибсга олинган эди.

Келаси ҳафта бошланадиган маҳкама Обид қори Назаров ҳаётига қилинган суиқасд юзасидан ўтказиладиган биринчи суд эмас.

Обид қори Назаров Швециядан 2006 йилда бошпана олган
Обид қори Назаров Швециядан 2006 йилда бошпана олган

2012 йил май ойида суиқасд ижрочисига кўмаклашганлик айблови билан ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага қарши илгари сурилган айбловлар судда исботланмаган эди.

Терговчи Петерссон Озодлик билан суҳбатда бу сафар судга тақдим этиладиган далил-исботлар айбланувчининг жавобгарликка тортилишига кифоя қилишига ишонишини айтади.

- Биз судга топширган айблов хулосасида техникавий далиллар, жумладан унинг (Жуковскийнинг-таҳр.) телефон сўзлашувлари таҳлили, гувоҳлар кўрсатмалари, кузатув камераларидан олинган тасвирлар жамланган. Буларнинг ҳаммаси унинг суиқасд содир этилган пайтда Стромсундда бўлганини исботлайди. Қурол сақланган сумкада унинг бармоқ излари топилган. Жуковский тергов пайтида бу фактларни изоҳлаб бера олмади. Менинг нуқтаи назаримдан бу жуда кучли айблов хулосасидир. Лекин сўнгги қарорни суд беришини ҳам айтишим керак. Суд бундан аввал суиқасдга алоқадорликда айбланган икки кишини оқлаган эди. Ўшанда ҳам мен уларга қарши етарли далил келтирганман, деб ҳисоблаган эдим. Лекин бу сафар мен ундан ҳам кучлироқ далилларни келтирдим ва айбланувчининг айбини исботлай олишимга ишончим комил,- дейди прокуратура терговчиси.

Расмий сўровномада Юрий Жуковскийнинг "Пахтакор" футбол клуби маъмури экани иддао қилинган
Расмий сўровномада Юрий Жуковскийнинг "Пахтакор" футбол клуби маъмури экани иддао қилинган

Қарийб уч ой давом этган тергов давомида Жуковскийнинг Швецияга бориш учун Шенген визасини олишида Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби бош директори Рустам Кўпайсинов Латвия элчихонасига расмий хат билан мурожаат қилгани аниқланди. Расмий сўровномада Жуковскийнинг “Пахтакор” футбол клубида маъмур бўлиб ишлаши иддао қилинган.

Тергвочига кўра, Кўпайсинов Жуковскийга виза берилишини сўраб, бир неча марта мурожаат қилган. Латвия элчихонасига юборилган расмий сўровномалардан бирида "Пахтакор" клуби бош директори Жуковскийга 2011 йил 26 декабридан 2012 йил 26 мартига қадар виза берилишини илтимос қилади. Обид қорига суиқасд ана шу вақт оралиғида, 2012 йилнинг 22 февраль куни суиқасдга учраган эди.

Терговчи Петерссоннинг Озодликка айтишича, Жуковский тергов давомида айбловларни рад қилган, лекин Ўзбекистонда қолган қариндошлари хавфсизлигидан хавотирда бўлгани боис, барча ҳақиқатни ошкор қила олмаслигини билдирган.

- Сўроқ давомида у на ўзи ва на бошқаларни фош қилувчи ҳикояларни илгари сурди. Лекин шу билан бирга барча ҳақиқатни айта олмаслиги, чунки ўз оиласи тақдиридан хавотирда эканини қайта-қайта таъкидлади. Бу протоколларда бир неча марта акс этган. Мен ундан нима демоқчилигини, суиқасдга алоқадор бўлмаса, нега ҳақиқатни айта олмаслигини сўрадим. “Ўзингизнинг жиноятга алоқангиз йўқлигини, жиноятга ким алоқадорлигини билмаслигингизни айтмоқдасиз, нега барча ҳақиқатни ошкор қилолмайман, деяпсиз”, деб сўраганимда у ҳар сафар ҳожолатга тушиб, асабийлаша бошлар эди. У бирор марта бу гапларини тушунтириб бера олмади, дейди терговчи Кристер Петерссон.

Ўзбекистонлик таниқли имом, Тошкент ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Обид қори Назаров 2012 йил 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида суиқасдга учраган эди. 57 яшар Обидхон қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

1997 йилдан бери Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қидирувда бўлган Назаров 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган.

XS
SM
MD
LG