Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:26

Туркия Сурия билан чегарасида Россиянинг СУ-24 самолётини уриб туширди


Россия Мудофаа вазирлиги СУ-24 русумидаги ҳарбий самолёт Сурия ҳудудида уриб туширилган, деб баёнот тарқатди. Россия президенти Путин инцидентни «ортдан берилган зарба», деб атади. Туркия томони эса ўз чегара кучлари давлат чегарасини бузган Россия ҳарбий самолётини уриб туширди, демоқда.

24 ноябрь куни Россияга қарашли СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт Туркия-Сурия чегарасида Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилди.

Туркия томони СУ-24 ҳарбий учоғи мамлакатнинг ҳаво чегараларини бузгани учун урилганини даъво қилмоқда. Россия Мудрфаа вазирлиги эса СУ-24 Туркия ҳаво чегараларини бузганини инкор қилиб, учоқ Туркия чегарасидан 1 километр нарида уриб туширилган, демоқда.​

Туркия томони баёнотлари:

Туркия томони берган маълумотга кўра, 24 ноябрь куни СУ-24 бомбардимончи самолёти мамлакатнинг Сурия билан чегарасида Туркия миллий ҳаво чегараларини бузгани қайд этилган.

Туркия ҳаво кучларига қарашли иккита F16 русумидаги самолёт СУ-24 учувчиларини 5 дақиқа ичида 10 бора ҳаво ҳудудини тарк этишга чақирган ва акс ҳолда, ҳужум қилишидан огоҳлантирган.

Сурия-Туркия чегарасида Россия самолëти уриб туширилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Талаб бажарилмагач, самолёт Суриянинг Туркия билан чегараолди ҳудудида уриб туширилгани расман маълум қилинди.

Турк матбуоти берган хабарга кўра, СУ-24ни бошқарган икки учувчи парашютда сакраб, жонини қутқарган. Учувчилар Ассад армиясига қарши курашаётган маҳаллий туркман жангари гуруҳлари томонидан асир олингани айтилмоқда.

Россия томони баёнотлари:

​Россия Мудрфаа вазирлиги СУ-24 самолётининг Туркия ҳаво чегараларини бузганига оид даъволарни инкор қиларкан, буни исботлаб беришга тайёрлигини таъкидлади.

Вазирликнинг Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида аввалига самолёт, тахминан, "ердан отилган ракета билан урилгани" айтилди.

Аммо, куннинг иккинчи ярмида чиқиш қилган президент Владимир Путин инцидентни «ортдан берилган зарба», деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди:

«Бу ҳаракатлар террорга қарши кураш доирасидан чиқиб кетди. Табиийки, бизнинг ҳарбийларимиз ўз ҳаётини аямай, террорга қарши мардонавор курашмоқда. Аммо, бугунги йўқтишимиз террорчиларни қувватловчилар бизга ортдан қилган зарба оқибатидир. Мен буни бошқачасига атай олмайман», деди Путин Иордания қироли Абдулла Иккинчи билан Сочида ўтган учрашув пайтида.

Шунингдек, у Россия самолёти Сурия ҳудудида – Туркия чегарасидан бир километр нарида уриб туширилган, деб таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат фуқароларига Туркияга сафар қилмасликни тавсия қилди.

"Туркия тупроқларида террорчилар кўплиги боис, бу давлатдаги хавф Мисрдагидан оз эмас, деган тахминдамиз", деди жумладан Лавров.

Лавров, шунингдек, 25 ноябрга мўлжалланган Туркия сафарини ҳам қолдирди.

Огоҳлантирувлар

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳи вакили Рами Абдураҳмонга кўра, Су-24 самолёти Латакия вилоятидаги Туркман тоғларига қулаган.

Кейинги пайтларда Ассад қўшинлари бу тоғларда қатор ҳужумларни амалга оширди. Россия ҳарбий самолётлари эса бу ҳудудга ҳаводан зарба бермоқда.

Ўтган ойда Туркия самолётлари бу ҳудудда ҳаво чегараларини бузган номаълум дронни уриб туширган.

​Россия ҳарбийларининг Сурияда 30 сентябрда бошлаган ҳаво ҳужумлари давом этмоқда. "Исломий давлат" террор гуруҳига қарши дейилган амалиётларда, асосан, Сурия президенти Башар Ассад режимига мухолиф ҳарбий гуруҳлар урилаётганидан норозилик билдирилмоқда.

XS
SM
MD
LG