Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Россиядан қайтган жондорлик муҳожир¸ хотини ва икки боласи ўлик ҳолда топилди


12 январь куни Бухоро вилояти Жондор туманининг Алели қишлоғида истиқомат қилган Азиз Арашев¸ унинг хотини ва икки боласи ўз уйида ўлик ҳолда топилди. Озодлик манбаларига кўра, тергов Арашевнинг ўзи хотини ва болаларини ўлдириб¸ сўнг жонига қасд қилгани ëки бу оиланинг номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилгани тахминини ўрганиб чиқмоқда.

Биринчи тахминга кўра¸ 33 яшар Азиз Арашев 11 январь куни кечаси 30 яшар хотини Холидани, олти яшар ўғли Озодбек ва 5 яшар қизи Озодани ўлдириб, кейин ўзини ўлдирган бўлиши мумкин.

Исми сир қолишини сўраган алелилик ўқитувчининг айтишича, қўни-қўшни ва қишлоқдошлар тўртала жасадни орадан бир кун ўтиб топишган :

“Азизнинг ҳовлиси ота-онасининг ҳовлиси рўпарасида жойлашган. Жасадлар бир кундан сўнг топилди. Ота-онаси уларни болаларини олиб шаҳарга кетган деб ўйлашган. Улардан дарак бўлмагач¸ уйга киришса Азиз, унинг хотини ва икки боласи қонга беланиб ўлиб ётган экан. Азизнинг жасади ёнида пичоқ ётган экан. Айтишларича, Азиз хотини билан жанжаллашиб уни ва болаларини ўлдиргандан сўнг, ўзига пичоқ урган”, деди ўқитувчи.

Алелилик ўқитувчи Арашевлар оиласида қаттиқ жанжаллар бўлмаганини, Азизнинг бошқалар билан муомаласи яхши бўлганини қўшимча қилди.

Жондор ҳокимлигига яқин Озодлик манбасининг айтишича, Арашевлар оиласидаги бу фожиа бўйича икки тахмин кўриб чиқилмоқда:

“Милициядаги танишимнинг айтишича, Азиз Арашев хотини билан қаттиқ жанжаллашиб қолиб оиласи ва ўзини қатл этгани биринчи версия сифатида кўрилмоқда. Чунки, ўртамиёна яшайдиган бу оиланинг уйидан ўғирлайдиган нарса бўлмаган. Азиз ҳар йили Россияга бориб ишлаб келаркан. Лекин ҳар ҳолда милиция бу оила аъзоларини ўлдириб кетган бўлишлари ҳам мумкин, деган тахминни ҳам текшираяпти экан. Азизнинг қўни-қўшнилари, уни яқиндан билган одамлар ҳозир сўроқ қилинаяпти”, деди ҳокимиятга яқин Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизидаги қотилликларга оид аниқ статистика ошкор этилмаса-да¸ Озодликка бундай фожиалар тўғрисида келаëтган хабарлар сони кўпаймоқда.

Ўтган йил январь ойида Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида яшовчи Дилноза Худойберганова икки фарзандини пичоқлаган эди. Унинг 7 ёшли қизи Шаҳло ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли Бозорбой эса оғир яраланган эди.

2015 йилнинг февраль ойида Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 28 яшар қиз ўз отасини болта билан чопиб ўлдирган эди. Воқеадан хабардор манбаларга кўра, қиз оилавий келишмовчилик боис келиб чиққан жанжал натижасида ушбу қотилликка қўл урган.

2015 йилнинг 16 июль куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи 23 ёшли Зуҳра ўз ўғли 4 ёшли Беҳрўзни пичоқлагани учун ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG