Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:27

Бишкек "ёлғон хабар" тарқатган Москвага норозилик нотаси топширди


Қирғизистон ва Россия байроғи.
Қирғизистон ва Россия байроғи.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Москвага расмий нота жўнатиб, Россия матбуоти Қирғизистон ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатаётганига норозилик билдирди. Россия матбуотида бу каби “ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар” президент Атамбаев ГЭС қурилишлари бўйича Москва билан ҳамкорликни тўхтатиши ҳақида баёнот бергани ва қирғиз парламенти Россия билан тузилган шартномаларни бекор қилганидан сўнг пайдо бўла бошлади.

Россия телеканаллари ва матбуотида январь ойида Қирғизистонда яшаётган рус миллатига мансуб етим қолган икки бола циганларга ички тана органлари донори сифатида сотилаётган жойидан қутқариб қолингани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Москва телеканаллари намойиш этган лавҳаларда бу ҳақда Россиянинг Қирғизистондаги консулхонаси вице- консули Анастасия Антонова гапириб берган. Москва матбуоти эса "Қирғизистонда оғир аҳволда қолган рус болалари Россия томонидан қутқарилганидан сўнг, ҳозир Новосибирскда бахтли ҳаёт кечираётганлари" ҳақида жар солган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабарларнинг ёлғон эканини таъкидлаб, Москвага норозилик нотаси жўнатган.

- Нота икки бола ҳақидаги хабарлардан сўнг жўнатилди. 3 январь ва 6 январь кунлари вице –консул Анастасия Антонова болалар тана ички аъзолари донори сифатида сотилаётган жойидан қутқариб қолингани ҳақида шахсан маълумот берган. Бу хабарлар текширилганида, хабарнинг ёлғон экани аниқланди, -деди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Нурлан Суйоркулов.

Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси расмийлари Россия матбуотига сиздирилган хабар ва қирғиз ҳукумати бу хабарни ёлғон сифатида баҳолагани юзасидан шарҳ беришдан бош тортмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса олиб борилган текширувлар жараёнида Россия матбуоти тарқатган хабарлар тасдиқланмаганини маълум қилди. Қирғиз милициясининг билдиришича, етим қолган рус миллатига мансуб 6 ёшли Тимофей Романенко ва 14 ёшли Анна Черницина Чуй вилояти Сўқулуқ туманидаги болалар уйида тарбияланган. Уларнинг Германия ва Россияда қариндошлари борлиги аниқланган. Аммо болаларни Россиядаги қариндошлари асраб олишни истамаган. Германиядаги қариндошлар эса етим қолган болаларни асраб олиш учун ҳужжат тайёрлаётган бир пайтда Россия элчихонаси Тимофей Романенко ва Анна Черницинани Новосибирскка олиб кетиб, болалар уйига жойлаштирган.

Тимофей ва Анна Россия фуқаролари бўлгани учун ҳам болаларнинг Германиядаги қариндошлари Россиянинг Бишкекдаги элчихонасига ҳужжатларни тўғрилашда ёрдам сўраб мурожаат қилган экан. Бу ҳолат “Қирғизистонда рус болалари ички органлар донори сифатида сотилаётганида қутқариб қолинди”, қабилида Россия матбуотига сиздирилган.

Қатор сиёсий таҳлилчилар рус матбуотида пайдо бўлган бу каби хабарларни “ахборот уруши элементи” сифатида баҳолаш мумкинлигини айтмоқдалар. Жумладан, сиёсатшунос Марс Сариев ҳам мана шу фикрга қўшилади.

-Эътибор берган бўлсангиз, Германияда Лиза деган рус қизи ҳақида ҳам шунга ўхшаш хабарлар тарқатилган эди. Энди Қирғизистондаги болалар ҳақида ҳам шундай хабарлар пайдо бўлди. Менга бу ҳолат ахборот урушининг бир элементи бўлиб туюлаяпти. Россиядан нотага расмий жавоб келишини кутиб турайлик, шундан сўнг кўп нарса ойдинлашади, -деди Марс Сариев.

Президент Атамбаев ГЭС қурилишлари бўйича Москва билан ҳамкорликни тўхтатиши ҳақида баёнот бергани ва қирғиз парламенти Россия билан тузилган шартномаларни бекор қилганидан сўнг Россия матбуотида Қирғизистонга оид қатор салбий мақолалар пайдо бўлди. Жумладан, ўтган ҳафтада Москвадаги ахборот агентликлари тарқатган хабарларда Қирғизистон Россия билан муносабатларни ёмонлаштираётган давлат қаторида тилга олинган эди.

XS
SM
MD
LG