Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:23

Россияда ўзбек олими ўз ҳақлари учун курашмоқда


5 йил олдин Узоқ Шарқ Федерал Университетига (ДВФУ) кафедра мудирлигига таклиф этилган ўзбекистонлик профессор Йўлбарсхон Мансуров ўзига нисбатан босим давом этаётганидан шикоят қилаяпти. Ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишни давом эттираётгани учун университет раҳбарияти томонидан ётоқ жойидан маҳрум этилган домла Мансуров “Мен иш шароитларим яхшиланишидан ортиқ нарса талаб қилаётганим йўқ”, демоқда. Домланинг сўзларини инкор этаётган университетнинг янги раҳбарияти Россия Шарқидаги энг йирик ўқув даргоҳида ўзбекистонлик олимга “барча шароитлар яратилганини” таъкидлади.

Техника фанлари доктори, Россия табиатшунослик академияси мухбир-аъзоси ва Узоқ Шарқ Федерал Университети Инженер мактабининг “Материалшунослик ва материаллар технологияси” кафедраси мудири Йўлбарсхон Мансуров ўз илмий фаолиятини давом эттириш учун нормал шароит яратилишини ўз раҳбариятидан талаб қилмоқда.

Университетнинг янги бошлиқлари томонидан тақибга учрагани боис ўз ҳақлари учун курашаётган ўзбекистонлик домла Мансуров Озодлик билан суҳбатда унинг муаммолари университетда раҳбарият алмашган даврдан бошланганини гапириб берди.

Профессор Й.Мансуров Шереметьево аэропорти изоляторида
Профессор Й.Мансуров Шереметьево аэропорти изоляторида

Ўтган йилнинг 9 августида у бир гуруҳ шогирдларини Германиядан илмий сафардан олиб қайтаётганида Москвада Шереметьево аэропорти чегарачилар томонидан ушланиб, Россиядан Ўзбекистонга чиқариб юборилган эди.

Домланинг сўзларича, Россияга киришга тақиқ олиб ташланиб, у ишига қайтиб келганидан кейин, илмий ва ўқитувчилик фаолиятида бошқа қатор қийинчиликлар яратила бошланган:

- Янги йилдан олдин, билишимча, ректорнинг шахсий “совғаси” асосида “Яшаётган жойингни 31 декабргача бўшатиб берасан!”, деб талаб қилиб қолишди. Биринчи таклиф қилинганимда университет ва Инженерлик мактаби раҳбарияти уй-жой, контракт масаласи ҳал бўлишини айтган эди. Ҳозирга келиб Инженер мактаб директори “Ишлагин биз билан!” деса, ректор бошчилигидагилар “Бўшатиб бер!” деяпти. Аслида мени бўшатиш қонунга зид. Мен Россия Олий таълим вазирлиги, маҳаллий губернаторга, меҳнат инспекциясига мурожаат қилдим. Улар текширишни бошлаганидан кейин қаердандир “Узр, биз профессор Мансуровга рухсат берганмиз, бемалол яшайверса бўлади” деган қалбаки, 22 декабрь билан ёзилган хат пайдо бўлди. Бугун эса на Интернети, на бошқа коммунал шароитлари бор хонадан жой беришди, дейди Йўлбарсхон Мансуров.

Домла умрининг 4 йилдан ортиқ вақтини сарфлаган ва барпо этган кафедранинг барча лабораториялари ва кампусдаги ўқув бинолари университет раҳбарияти буйруғи билан тортиб олингани ва бошқа кафедраларга тарқатиб берилганини айтди. Ўқув корпуслари ва лабораториялар тортиб олинганидан буён у бошқараётган кафедра қатор халқаро ва илмий анжуманларни ўтказа олмаётир.

Йўлбарсхон Мансуров университетга “юқоридан” яқинда тайинланган Сергей Иванец истак-хоҳишларига қарши чиққани учун ҳатто ётоқхонасидан маҳрум этилган бўлиши мумкинлигини гапиради:

- Сабаблардан бири - одамлар орасида қўшниси натижаларга эришса ҳасад, ҳавас, рашқ деган нарсалар пайдо бўлади... Кейингиси, ўзбек фуқароси келди, меҳнатини қилди, кўрсаткичлари бор – жойи керак бўлиб қолди кимгадир. Ўзим миллатчиликдан узоқдаман, лекин миллатчилик қурбони ҳам бўляпман. Ректор бирдан тўнини тескари кийиб олди. “Сиз муносиб эмассиз бу университетга!” деган гап унинг оғзидан чиққан. У ўзи яқинда келган одам бўлса, деди Йўлбарсхон Мансуров.

ДВФУ ректори Сергей Иванец
ДВФУ ректори Сергей Иванец

ДВФУ ректори Сергей Иванец ўзбек профессорининг бу иддаоларини маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали қатъий рад этди.

- У бизнинг ҳурматли ходимимиз, у бўйича ФМСга сўровнома юбордик. Агарда Россия ҳудудида легал истиқомат қилишга рухсат берувчи ҳужжатларни намойиш қилганда эди, олам гулистон бўларди. Биз профессор ва унинг оила аъзолари яшаши ва ишлаши учун барча шароитларни яратиб берганмиз. Унга кимдир ҳалақит бераётгани тўғрисидаги гап-сўзларини ҳақиқат деб ҳисобламайман, деди бу масалада Владивосток нашрларидан бирига изоҳ берган ДВФУ ректори Сергей Иванец.

Айни пайтда, Озодлик Йўлбарсхон домланинг мазкур университетда аспирантура ва магистратурада илмий иш қилаётган ўғли Саиднўмон Мансуров ҳам маҳаллий Федерал миграция хизмати томонидан миграция қонунчилигини бузганликда айблангани ва “қора рўйхатга” киритилганини аниқлади. Ярим йилдан буён Миграция хизматидан расмий жавоб ололмаётган Саиднўмон асосий вақтини идорама-идора юришга сарфлаётгани маълум бўлди.

Йўлбарсхон домла ўтган 4 йиллик фаолияти давомида ўнлаб халқаро миқёсдаги илмий мақолалар чоп этгани, кафедранинг хусусий маблағлари ва имкониятлари эвазига 17 ўқитувчини Европанинг энг илғор билим даргоҳларида малака оширишга юборгани, бир нечта тилда диплом бериш имкониятини берувчи халқаро дастурларни ишга туширгани ва илмий муассасанинг халқаро миқёсда илмий алоқалари ва алмашинувини йўлга қўишга эришганини маълум қилди.

Профессор Мансуров Йўлбарсхон билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:47 0:00
Бевосита линк

Мени, энг аввало, ортимдан бу ерга келган юзлаб ўзбекистонлик талаба фарзандларимизнинг кейинги тақдири ҳам қизиқтиряпти”, дейди нафақат кўп йиллик меҳнати учун ичи куяётганини гапирган профессор:

- Менку истаган жойимда, ўз юртимда ҳам ишсиз қолиб кетмайман... Шунчаки, бу ерда ишлашга ўзимнинг хоҳишим бор. Лекин мажбуриятларим ҳам бор-да: иккита халқаро лойиҳам қолиб кетяпти, агарда мен тескари қараб чиқиб кетсам буни хорижий мувофиқлаштирувчи ҳамкорларимиз тушунмайди, сабаби барча маълумот менда. Кейин, уч йил давомида аспирант ва докторантларимни ташлаб кетворсам, улар янги раҳбар излашга мажбур бўлади, ёқлагунгача жувонмарг бўлиб қолиши мумкин, Худонинг ҳам, бандаси олдида ҳам нотўғри бўлади бу! Учинчи масала, фалакнинг гардиши билан Ўзбекистондан талабаларни ўқишга олиб келиб қўйганман. Уларни ота-онаси менга топширган! 2014-2015 ўқув йилига 100-та талаба олиб келганман. Улардан 25-таси Россия бюджети ҳисобидан, 75 таси тўлов асосида. Улар олдида ҳам мажбуриятларим бор, деди профессор Мансуров.

Материалшунослик соҳасида танилган олим яшашга маиший, ишлашга эса илмий шароитларни яратиш учун амалдорлар билан курашиб чарчаганини маълум қилди.

Суҳбат сўнггида домла Йўлбарсхон Мансуров ўз талабларига маҳаллий ҳукумат идораларидан жавоб кутаётгани ва ўзига қарши бошланган тақиб ва қувғинларни бас қилишнигина сўраётганини билдирди.

Озодлик профессор Мансуров ва ДВФУда таҳсил олишни давом этаётган ўзбекистонлик талабалар билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG