Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:19

Жиззахда фермерлардан 13 000 сўмлик нўхатни 2 500 сўмдан олмоқчилар


Жиззах вилояти Бахмал туманилик фермер Озодликка йўллаган хатида туман ҳокими фермерларни даласининг бир қисмига нўхат экиш, етиштириладиган ҳосилни эса, у айтган ширкатга сотиш назарда тутилган шартномани имзолашга мажбурлаётганидан шикоят қилди.

Бахмал туман ҳокимлиги мулозими, Озодлик саволига жавобан, фермер шикоятида тилга олинган ҳолатни на тасдиқлади ва на инкор этди. Бироқ у масалага ойдинлик киритиши мумкин бўлган муҳим бир гапни айтди.

Бахмаллик фермердан келган:

“Бахмал тумани ҳокими кечаги мажлисида фермерларга мажбурий кредит олишини айтди. Бундан ташқари далага камида бир гектар ерга мажбурий нўхат экиши ва уни етиштиргандан сўнг ҳосилни ҳоким айтган фирмага килосини 2500 сўмдан топширишини айтди. Нўхатнинг ҳозирги нархи 13 000 сўм”.

Озодлик хат муаллифи билан боғланди. Исми айтилмаслиги ваовози эшиттирмаслигини сўраган фермер хатида келтирилган гапларни тасдиқлади, кредит ва нўхат масаласи кўтарилган йиғилиш 10 февраль куни бўлиб ўтганини айтди.

Фермер хатидаги гапларни бошқа бахмаллик тасдиқлади

Фермер суҳбат чоғида айтган бошқа гапларни келтирмаймиз, чунки унинг айтганларини бошқа бир бахмаллик – Озодликнинг фаол тингловчиси Очил Мирзаевдан эшитдик.

- Кредит масаласини билмадиму лекин нўхат масаласидан хабарим бор, деди Мирзаев.

Унинг айтишича, Бахмалнинг лалми ерларида деҳқончилик қиладиган фермерлар, одатда, ҳар йили ер майдонининг 10 фойизига дам беради, 10 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ана ўша дам олиши керак бўлган ерга бу йил нўхат экиш буюрилган.

Шартнома шарти

Очил Мирзаев 10 февраль куни йиғилишда қатнашган қишлоқдошлари - маҳаллий фермерларнинг айтганларига таяниб, бундай деди:

- Бир ишбилармон гектаридан 350 килодан нўхатнинг ҳар килосини 2500 сўмдан топшириш тўғрисида фермерлар билан шартнома тузаяпти.

Нўҳат нархи ва "орти бақувват" ишбилармон

Мирзаевнинг айтишича, шу кунда энг арзон нўхат Бахмалда:

- Ўзбекистон бўйлаб нўхатнинг энг арзони бизда. Килоси 13 000 сўм. Мана шундай шароитда ўша ишбилармон фермерлар билан 2500 сўмданга шартнома тузаяпти экан, чунки унинг орқаси бақувват, деди Очил Мирзаев.

- Ким ўша бақувват одам? Туман ҳокимими?

- Йўқ, бизда ҳоким мажбур қилмайди. Унинг бажарувчилари бор. Қиладиган ишларига шайтон ҳам ҳайрон қоладиган амалдорлар бор, ҳамма ишни ўшалар бажаради, деди Очил Мирзаев.

- Шахсан Сиз таклиф қилинаётган шартномани имзолаган бўлармидингиз?

- Бундай шартлар билан имзолаш у ёқда турсин, бундай шартномани таклиф қилган одамни судга берган бўлардим, деди Очил Мирзаев.

Унинг гапларидан келиб чиқилса, шартномани имзолаган фермер, нўхатни топшириш муддати келганда, қарз бўлиб қолиши ҳам турган гап:

- Мен нўхат етиштириш бўйича мутахассисман. Бир гектар ердан об-ҳаво яхши бўлган йилда 500 килогача нўхат олиш мумкин. Лекин бунча ҳосил олиш учун жуда катта ҳаражат қилиш керак бўлади. Баъзи йилларда 200 кило ҳам, ҳатто 100 кило ҳам нўхат ололмайсиз, деди Очил Мирзаев.

Илм-фан нима дейди?

Бахмаллик суҳбатдошимизнинг гаплари тасдиғини Навоий вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси расмий сайтида эълон қилинган мақоладан топдик:

“Агарда намгарчилик кам бўлса нўхат паст бўйли бўлиб кам шохлайди ва ҳосилдорлиги <ҳар гектаридан> 2-3 центнер, нам кўп бўлган йилларда эса 5-6 центнер дон олинади”.

Мақолада айтилишича, лалми шароитда нўхат гектарига 50-60 кг.дан кам экилмаслиги шарт. Акс ҳолда туп сонини камайиши эвазига ҳосилдорлик пасайиб кетади.

Бўш вақтингизда ҳисоблаб кўришингиз учун маълумот:

Демак, бахмаллик фермер 1 га ерга экиш учун 60 кг нўхатни бозордан 13 000 сўмдан сотиб олади. Уруғлик сотиб олишга кетадиган маблағга ҳосилни етиштириш учун қилинадиган ҳаражатларни қўшинг.

Ҳар гектаридан 350 кило ҳосилни эса, килосини 2500 сўмдан топширади.

Бахмал туман ҳокимлиги мулозими Озодлик саволига фермер шикоятида тилга олинган ҳолатни на тасдиқлади ва на инкор этди. Лекин у бу йил нўхатнинг экспорт қилинадиган маҳсулотлар қаторида эканлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG