Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:11

Раҳмон умрбод президентликда қолиш учун референдум ўтказади


Тожикистон парламенти мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида 22 майда умумхалқ референдуми ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу референдумда Имомали Раҳмоннинг бир умр президент бўлиб қолиши, президентликка номзодлар ёшининг пасайтирилиши назарда тутилган ўзгартишлар умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Кузатувчилар фикрича, бу референдум билан тожик президенти ўзини ва оиласини бир умр ҳокимиятда қолишини таъминлайди.

Тожикистон Конституциясига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар 22 май куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида муҳокама қилинади. Бу ҳақда тожик парламенти 10 февраль куни қарор қабул қилди.

Референдум бюллетенида фақат битта савол бўлади: “Сиз Тожикистон Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қиласизми?”

Парламентнинг иккала палатаси вакиллари тайёрлаган ўзгартишлар лойиҳасига кўра, Конституциянинг 65-моддаси қуйидаги сўзлар билан тўлдирилади:

“Мазкур модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган чеклов, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвосига тааллуқли бўлмайди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвосининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатини Конституциявий қонун белгилайди”.

Тожикистонни 1992 йилдан бошқариб келаётган ҳозирги президент Имомали Раҳмон, республика Конституциясига биноан 2020 йилда ўз номзодини президентликка қайта қўя олмайди. Агар мазкур ўзгартиш референдумда қабул қилинса, у ўз номзодини ҳеч қандай тўсиқларсиз яна президентликка қўйиши мумкин.

Конституцияга ўзгартиш киритиш лойиҳасидаги иккинчи муҳим жиҳат шуки, энди президентликка номзодлар ёшига ҳам ўзгартиш киритилади, президентликка номзодлар ёши аввалги 35 ёшдан эмас, балки 30 ёшдан қилиб белгиланади.

Бу ўзгартиш, президентнинг тўнғич ўғли Рустам Имомалининг 2020 йилда ўз номзодини президентликка қўйиш имконини беради. Ўшанда президент ўғли 33 ёшга тўлади.

Лойиҳадаги ўзгартишларнинг учинчи муҳим жиҳати, диний партиялар фаолиятига қаратилган. Агар лойиҳадаги ўзгартишлар қабул қилинса, бундан сўнг мамлакатда диний ва миллатчилик руҳидаги сиёсий ва диний партиялар ҳамда бирлашмалар ташкил этилиши тақиқланади.

Шунингдек, янги ўзгартишларга кўра, парламент депутатлигига, Конституциявий, Олий, Иқтисодий судларга номзодлар ёши 30дан паст бўлмаслиги ва улар олий маълумотли бўлишлиги шарт қилиб қўйилади.

Кузатувчиларга кўра, бу ўзгартишлар¸ Раҳмоннинг истаса ўлгунча президент бўлиш¸ истаса ўғлини президент қилиб¸ ўзи уни назорат қилувчи олий пешво бўлиб яшашига замин яратади.

XS
SM
MD
LG