Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

Ўзбекистонда посбонларга кулба қуриш учун ўлпон йиғилмоқда


2012 йили Наманган вилоятида экспремент тарзида қурилган “посбон кулбалари” намуна сифатида кўрсатилмоқда.
2012 йили Наманган вилоятида экспремент тарзида қурилган “посбон кулбалари” намуна сифатида кўрсатилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистон бўйлаб маҳаллаларда посбонлар учун маҳсус таянч пункти сифатида кулбалар қурдирилмоқда. Пластик ром ва эшиклардан ясалган, ҳар бири ўртача 3,5 миллион сўм турадиган кулбалар учун пул маҳалла аҳлидан ундирилмоқда. Озодлик мухбири Хоразмдаги вазиятни ўрганди.

Хоразм расмийлари ҳар бир маҳалла ўз посбони учун “намунали кулба” қуриб бериши лозим деб топиб, аҳолидан пул йиғишга киришди. Озодликка маълум бўлишича, Хоразм вилоят ҳокимиятида ўтган йиғилишда маҳалла фаолларига посбонлар учун қуриладиган ва ҳар бири уч ярим миллион сўм турадиган “намунали кулба” қуриш вазифаси топширилган.

Намунали кулба

Хоразм вилояти ҳокимиятида ўтган ҳафта ўтказилган мажлисда қатнашган Озодлик манбасига кўра¸ 2012 йили Наманган вилоятида экспремент тарзида қурилган “посбон кулбалари” намуна сифатида кўрсатилган.

Ўзбекистондаги маҳалла посбонлари учун ажратиладиган кулба лойиҳаси
Ўзбекистондаги маҳалла посбонлари учун ажратиладиган кулба лойиҳаси

"Намангандаги пластик акфадан (пластик ойнаван ром-таҳр.) ойнаванд қилиб ясалган посбон будкалари ўрнак сифатида бизга кўрсатилди. Тошкентдан келган комиссия Намангандаги экспремент ўзини оқлагани ва бутун республика бўйлаб посбонларга будка қуриб бериш бошланганини тушунтирди. Аммо посбонлар будкаси учун бюджетда пул йўқ экан. Шу боис маҳалла фаолларига пул йиғиш вазифаси топширилди", дейди Озодлик манбаси.

Маҳаллада яшасанг посбонга шароит ярат!

Хоразм вилоят ҳокимиятидаги Озодлик манбаси посбонлар кулбаларига шаҳар ва туман архитектураси ер ажратиб берганлигини айтди.

"Мажлисда архитектор ва кадастр идоралари муҳандисларига топшириқ берилди. Будкалар маҳалла ер планига киритиладиган бўлди. Будка ясаш учун зарур аквани етказиб берадиган фирма ҳам аниқланди. Энг муҳими - будка Наманганда қурилган намунавий будка ўлчамида қурилиши шарт. Ҳар ким ўзича ижод қилмаслиги ҳам уқтирилди. Будкага электр ўтказиб бериш вазифаси электр идорасига топширилди. Будка қуриш харажатлари ва унга ўтказиладиган электрга ҳақ тўлаш учун ҳомийлик маблағлари тўплаш маҳалла оқсақолларига топширилди," дейди Хоразм вилоят ҳокимиятидаги Озодлик манбаси.

У посбонларга шарт-шароит яратиб беришда ҳомийлар кўмагидан фойдаланиш қонунда мавжудлини таъкидлади.

"Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги №47 сонли қарорининг 32-бандида ҳомийларни жалб қилган ҳолда, посбонлар учун шароит яратиб, уларни моддий-маънавий рағбатлантириб боришлари мумкин¸ дейилган. Айни пайтда Хоразм вилояти туман шаҳарларида посбонлар учун “намунали кулба” қуриб бериш ишлари бошлаб юборилган", деди Хоразм вилоятидаги Озодлик манбаси.

Унинг айтишича, ҳар бир маҳалла турғунидан 10 минг сўмдан йиғилмоқда.

"10 минг сўм бу минимум. Баъзи бой оилалардан 20 мингдан ҳам олишди. Будка қуриш бўйича ишлар жадал бораяпти. Масалан, биз яшаётган маҳалла будкасининг фунадементи тайëр бўлди", деди суҳбатдош.

Аммо Озодлик билан суҳбатлашган бошқа бир манбанинг аҳоли “ҳомийликка мажбурланаëтганидан” норози эканини айтади.

"Пул йиғиш кўпайиб кетди. Мактабга пул¸ ободончилик учун пул. Наврўз ë бошқа байрамлар учун пул. Энди посбонни будкаси ҳам бизнинг зиммамизга тушди", деди у.

Мафкуравий ўлпонлар

Замонавий Ўзбекистонда мафкуравий тадбирлар ва шанбаликлар учун пул йиғиш одатий тус олган.

“Ихтиëрий-мажбурий” форматдаги бу “ўлпон” пахта чопиғи ва терими учун энг кўп қўлланилиши кузатилади.

Ўтган йили Озодлик Тошкент вилояти мактабларида ҳар бир ўқувчидан пахта учун 12 минг сўмдан пул йиғилгани ҳақида ëзган эди.

Ота-оналарнинг Озодликка айтишича, мактабда ва маҳаллада турли баҳоналар билан пул йиғиш кенг тарқалган.

XS
SM
MD
LG