Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

Бухорийни ўлдириш учун тепкини босганга 200 минг доллар тўланган


Туркиядаги нуфузли Yeni shafak газетаси эса “Тепкини босганга 200 минг доллар берилди” деган гапни сарлавҳага чиқарди.
Туркиядаги нуфузли Yeni shafak газетаси эса “Тепкини босганга 200 минг доллар берилди” деган гапни сарлавҳага чиқарди.

Андижоннинг Шаҳрихон туманида туғилган ва Истанбулда Абдулло Бухорий номи билан танилган 39 яшар имом Мирзағолиб Ҳамидовни ўлдирган муҳтамал қотиллар устидан бораëтган маҳкамада янги тафсилот очиқланди. Бу ҳақда мақола ëзган Туркиялик журналист тақдим қилган маълумотларга кўра, қотиллик ташкилотчиси дея кўрилган Собир Шукуровнинг севгилиси молдовалик Раиса Говани қотилга 200 минг доллар ўтказилганини маҳкама олдида эътироф қилган.

Истанбулнинг Бақиркўй туманидаги оғир жазо маҳкамасида давом этаëтган суд жараëнида “Тигран Капланов” лақабли Умид Аминов қотилликларни пул билан таъминлаган ташкилотчи сифатида кўриб чиқилмоқда.

Бу маълумотни Бақиркўй маҳкамаси матбуот ҳизмати Озодликка тасдиқлади.

Туркиядаги нуфузли Yeni Shafak газетаси эса “Тепкини босганга 200 минг доллар берилди” деган гапни сарлавҳага чиқарди.

Мақола муаллифи Ҳамди Қўч ўғли суд-тергов материаллари асосланиб, Швециядаги Обид Қорига қарши суиқасд иши кўрилган маҳкамада ҳам исми зикр қилинган “Тигран Капланов” лақабли Умид Аминов ўзбек диний ва дунëвий мухолифати етакчиларига қарши бир нечта суиқасдлар ташкилотчиси эканлигини иддао қилди.

Ҳамди Қўч ўғлининг айтишича¸ Истанбулнинг Зайтунбурни маҳалласида отиб ўлдирилган Абдулла Бухорийнинг қотили Элдор Аслонга Ўзбекистон МХХси зобити дея гумон қилинган Собир Шукуров тарафидан 200 минг доллар тўланган.

- Жиноятдан бир ой аввалроқ Анталияда Собир Шукуров муллага ўк узган Элдор Аслон билан 200 минг долларга келишган. Суиқасд ташкилотчиси "Тигран Капланов" лақабли Умид Аминов қотилнинг севгилиси ҳисоб рақамига 200 минг долларни бир нечага бўлиб жўнатгани тафсилотлари ва исботлари маҳкамада ўртага чиқди,- дейди журналист.

Ҳамди Қўч ўғли иддаосига кўра¸ ўтган йили суиқасдни уюштириш учун 20 кишилик гуруҳ Россия ва Украинадан Туркияга келган.

Суҳбатдошга кўра¸ бу гуруҳга оидлиги ҳамда қотиллик буюртмачиси дея гумон қилинган ва ëнидан Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси чиққан 30 яшар Собир Ëқубович Шукуров 35 яшар туркиялик Элдор Асланни ëллаган:

- У қотилликда гумонланаëтан Собир Шукуров билан қотиллик юз берганидан уч ярим ой олдин танишганлигини айтди. Уларни Султон деган киши таништирган¸- деди суҳбатдош.

Туркиялик журналист Ҳамди Қўч ўғли тақдим қилган маълумотларга кўра¸ 2014 йилнинг 14 ноябри куни Собир Шукуров Анталияга учиб келиб, Элдор Аслан билан учрашган ва машина кира қилиб, биргаликда Анқарага келишган.

Собир Шукуровга оид ҳайдовчилик гувоҳномаси
Собир Шукуровга оид ҳайдовчилик гувоҳномаси

Собир Шукуровни бошқарган “Миша” ким?

Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси ходимининг ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб Озодликка айтишича¸ Собир Шукуров Туркияда эканлигида Viber тармоғи воситасида доимо “Миша” исмли киши тарафидан бошқарилиб турилган:

- Буни бизга Элдор айтди. Унинг айтишича Собир Шукуров Анқарада эканлигида “Миша” берган бир нечта манзилга боришган. Собир “Миша” фармойишларини Viber тармоғи воситасида олиб турган. Собир ва Элдор сирли бошқарувчи истагига кўра Анқарадан Анталияга қайтишган. Тўрт кун Анталияда бўлгач, Истанбулга бориш буйруғи келган. Уларнинг ëнларида Қурбон деган шахс ҳам бўлган¸ аммо у Қозоғистонга қайтиб кетган. Машинадаги GPS ускунасидаги билгилар Элдор ифодасини тасдиқлади. Улар Истанбулнинг Тузла мавзесида ўзбекистонлик сиëсатчи (Муҳаммад Солиҳ назарда тутилмоқда) яшайдиган вилла атрофига бир неча марта боришган. Вилладаги назорат камераси ҳам уларнинг ташрифини қайд қилган¸ дейди суҳбатдош.

Туркиялик журналист Ҳамди Қўч ўғли тақдим қилган маълумотларга кўра¸ Собир Шукуров ва Элдор Аслан уч маротаба Муҳаммад Солиҳ яшайдиган вилла олдига борган.

Машинадаги GPS ускунасидаги билгиларга кўра¸ Собир Шукуров ва Элдор Аслан ўзбекистонлик имом Мирзағолиб Ҳамидов фаолият юритадиган Истанбулнинг Зайтунбурни мавзесида жойлашган мадрасани ҳам бориб кўришган.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармаси ходимига кўра¸ Элдор Аслан ва Собир Шукуров видеокамераларга чап бериш учун пастқам йўллардан юришган:

- Элдорнинг айтишича¸ улар 8 кун давомида Истанбулда кузатиш ишларини олиб боришган. Собир Шукуров шаҳарнинг Тузла маҳалласида Солиҳ яшайдиган виллани бир неча марта суратга олган. 2014 йилнинг 8 декабрь куни Собир Шукуров тўқ рангли сумкага устида грузин тилида ëзувлар ëзилган қора рангли пистолетни солиб¸ уни 27 ёшли чечен миллатига мансуб Украина фуқароси Зелимхон Махтиевга берган. Улар ўз орасида Махтиевни “Мага” деб аташган. Бу воқеадан бир кун олдин Собир Шукуров “Миша” билан гаплашган.

Шукуровнинг Миша билан суҳбатда “Бу ишни “Мага” бажаради" деганини Элдор эшитган.

Элдор Асланнинг терговда берган кўрсатмаларидан иқтибос келтирган зобитга кўра¸ Собир Шукуров “Миша” деган сирли бошқарувчи фармойишига кўра¸ Истанбулда истиқомат қилувчи ўзбек имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидовга суиқасдни ташкиллаштирган.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармасининг гумон қилишича, Собир Шукуров Ўзбекистон хавфсизлик тизимларида ишлаган бўлиши мумкин.

Собир Шукуров Ўзбекистон фуқароси Ҳамидовнинг ўлдирилишини ташкил қилганликда айбланмоқда.

Андижоннинг Шаҳрихон туманида туғилган 39 яшар имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидов 2014 йил охирида Истанбулда отиб ўлдирилган эди.

Истанбулдаги терроризмга қарши кураш бошқармаси зобити олдинги суҳбатимизда "Қотиллик излари Ўзбекистон ва Россияга олиб бормоқда", дея таъкидлаган эди.

Лекин суҳбатдошимиз Ўзбекистон ва Россиядаги айнан қайси доиралар қотилликни буюрганини аниқлаштирмаган эди.

Андижоннинг Шаҳрихон туманида туғилган 39 яшар имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидов 2014 йил охирида Истанбулда отиб кетилганди.

XS
SM
MD
LG