Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:46

Ислом ва мусулмонлар: Суннатсиз Ислом ёхуд "Қуръонийлар" ким?


Ўзбекистонда ўтган исломий илмий-маърифий анжуманда кейинги йилларда сафида ўзбекистонлик мусулмонлар ҳам кўрина бошлаган “Қуръонийлар” номли жамоа танқид қилинди. Айтилишича, бу жамоа Исломда суннатни тўлиқ ёки қисман инкор қилади. Ҳанафий мазҳабидаги ўзбекистонлик аҳли илмлар бу ғояни хийлакорларнинг Исломга зарбаси, деб танқид қилмоқда. Бу ғоя тарафдорлари эса буни ҳукумат ҳимоясидаги пешволарнинг тоқатсизлигига йўймоқда.

"Қуръонийлар"

"Исломда суннатнинг ўрни ва "Қуръонийлар" номи остида Ўзбекистонда ўтган илмий-маърифий анжуманга йиғилган таниқлик дин пешволари ва марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирдлари кейинги пайтларда "сафида ўзбекистонлик мусулмонлар пайдо бўлган" "Қуръонийлар" номли бир жамоани танқид қилдилар.

Тошкентда диний-маърифий китобларни нашр этадиган "Ҳилол" нашриётида январь ойида ўтказилган анжумандан ёзиб олинган ва Youtube тармоғига юкланган видео шу кунда ижтимоий тармоқларда баҳс бўлмоқда.

Анжуманда айтилишича, бу жамоа суннатни тўлиқ ёки қисман инкор қилади ва анъанавий тарзда ҳанафийлик мазҳаби ҳукм суриб келган Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларда "Қуръонийлар" ғоясини ташувчи ўзбек тилидаги қўлланмаларнинг пайдо бўлиши хавфлидир.

Бу борада маъруза қилган ўзбекистонлик ёш аҳли-илмлардан бири – Аброр Мухтор Алий “Қуръонийлар” жамоасини "Исломга жиддий зарба бериш мақсадида тузилган" жамоалардан бири сифатида таърифлади.

Аброр Мухтор Алий ўз нутқи давомида ҳозир хорижда бўлган асли ўзбекистонлик журналист Камолиддин Йўлдош ва у нашрга тайёрлаган 200 бандлик китобни ҳам тилга олди.

Ўзбекистондаги илмий-маърифий анжуманда тилга олинган "Қуръонийлар" жамоаси ва 200 бандлик қўллама ҳақида Озодликка сўзлаган журналист Камолиддин Йўлдош мамлакат ичкарисидаги бу каби танқидларни "сиёсий мақсадни кўзловчи ҳаракатлар", деб баҳолади. Айни пайтда у ичкарида “Қуръонийлар” деб номланаётган жамоага оид ғоя тарафдори эканини ҳам тан олди.

Суннатни инкор қилиш мантиғи

Истанбулда истиқомат қилаётган журналист, кейинги йилларда диний мавзуларда ҳам изланишлар олиб бораётган Камолиддин Йўлдош фикрича, аслида соф Ислом фақат "Қуръон" ва унга мос келувчи ҳадисларгагина суяниши керак. "Қуръон"га мос келмаган ҳадислар эса инкор қилиниши керак.

Камолиддин Йўлдош
Камолиддин Йўлдош

Унинг фикрича, бугунги аксар мусулмонлар назарида соф Ислом "Қуръон"да бўлмаган, аммо асрлар давомида олимлар томонидан динга сунъий равишда сингдирилган бидъат ва хурофотлардан иборат бўлиб қолган.

- Масалан, "Қуръон"да мазҳабларга эргашиш йўқ. Пайғамбаримиз замонларида ҳам, ундан кейин ҳам бўлмаган. Ҳозир эса "Мазҳабга эргашмасанг, тўғри мусулмонман ёки йўқ", дейишади. Лекин бу нотўғри. Ўзбекистонда давлат тарафидан қурилган диний бошқарма ҳукумат синовидан ўтган проект - бу ҳанафийлар мазҳаби доирасида назоратда ушлаб турибди. Масалан, аёллар масаласи. "Қуръон"нинг тамал ҳуқуқларидан бири эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлиги. Аммо, ҳадисларда аёллар жаҳаннамни тўлдирувчилардир, аёл киши олдиндан ўтиб кетса, намоз бузилади ва ҳоказо, дейилган. Бунақа нарсалар жуда кўп, - деб таъкидлайди Камолиддин Йўлдош.

Унинг назарида энг муҳим жиҳат ҳукуматлар суннатни дастак қилиб олган ​олимлардан, Ўзбекистон мисолида эса ҳанафий мазҳабидаги уламолардан, халқни ўз ҳукмига бўйсундириш ва итоатда ушлаб туриш йўлида фойдаланиб келмоқда.

- Яъни, Ислом дини ақл эмас, нақл динига айлантирилган. Ҳамма саволларнинг жавоблари уламоларнинг фатволарида, деб сингдирилган ва мустақил равишда "Қуръон"ни мутолаа қилиш ва фикрлашга ўрин берилмаган. Аслида, Ислом қулайлик дини ва менинг назаримда, "Қуръон"ни ўқиган, мушоҳада қилган, эркин фикрлаган одам ҳамма саволларига жавоб топади, - деди Озодлик билан суҳбатда Камолиддин Йўлдош.

Унинг айтишича, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда пайдо бўлиб қолган 200 бандлик китобнинг чоп этилганидан эса яқинда хабар топган. Унинг айтишича, аслида бу "Қуръон"да бўлмаган, аммо динга сингдирилган бидъат ва хурофотлар саналган 200 моддалик бир рўйхатдир.

Айни пайтда у бу ғоя тарафдорларига "Қуръонийлар" дея ном берилишини ҳам танқид қилди ва буни Ўзбекистонда сиёсий режимга хизмат қилаётган уламоларнинг ихтироси, деб баҳолади.

Қуйида Камолиддин Йўлдош билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:57 0:00
Бевосита линк

"Қуръонийлар"нинг хатари

Озодлик Камолиддин Йўлдошни танқид ўзбекистонлик аҳли илм Аброр Мухтор Алий билан ҳам суҳбатлашди.

Камолиддин Йўлдош каби мусулмонлар ғоясини танқид қилаётган ўзбекистонлик аҳли илм Аброр Мухтор Алий “Қуръонийлар” жамоаси суннатни инкор қилиши билан Исломга жиддий зарар бермоқда, деб ҳисоблайди.

Аброр Мухтор Алий
Аброр Мухтор Алий

У Соф Ислом аввало "Қуръон", сўнгра ҳадис ва албатта, асрлар давомида Ислом илмини авлоддан авлодга ўтказиб келаётган аҳли илмларнинг китобларига таяниши керак, деб таъкидлайди.

- "Қуръоний"ларнинг икки тоифаси маълум. Биринчи тоифа ҳадисларни мутлақо инкор қилади. Булардан илмий асосингиз нима, деб сўрасангиз: "Биз ақл, мантиқ, фалсафага таянамиз", дейишади. Аммо, бу жудаям катта хатарли гап. Чунки, ақл ҳаммада ҳар хил бўлади. Иккинчи тоифа "Қуръонийлар" эса ҳадисларни қисман инкор қилади. "Қуръон"га мос ҳадисларни тан оламиз, мос келмаган ҳадисларни тан олмаймиз, дейишади. Бу тоифа ҳам яна ақлга таянади. Ақлнинг "Қуръон" устидан ҳакам қилишнинг хатарли эканини мусулмонлар олимлар таъкидлайди. Аммо, айни пайтда уламолар ақлни инкор қилади, деган маънони чиқариб олмаслик керак. Ислом ақлни ўз ўрнига қўяди. Ақлнинг ўз ўрни бор, ўз қобилияти бор ва уламолар ўша қобилият даражасида ақлни тан олади, - дейди Аброр Мухтор Алий.

Унинг фикрича, "Қуръонийлар"нинг бугунги мусулмонлар жамиятига хатари жиддийдир:

- Катта хатар - суннатни инкор қилувчилар ўз ақлларини Ислом учун ҳакам қилиб олади ва шу ақллари билан барча мусулмонлар минг йиллар оша амал қилиб келаётган Исломга зарба уришмоқчи, белини синдиришмоқчи. Бу жуда катта хатар ва буни илмий савияда кўрилса, очиқ кўринади. Ҳозир суннатни инкор қилмасдан уламоларни инкор қиладиган гуруҳлар ҳам. Биз тўғридан-тўғри "Қуръон" ва ҳадисдан олаверамиз, дейишади. Улар ҳам ўз ақлларини устун қилиб олган ва буларнинг хатарини ҳам бугунги кунда бутун дунёда кўриб турибмиз. Ўз ақлларига таяниб, мусулмонларни кофирга чиқариб, ўлимга ҳукм қилиб ётишибди. Бунинг ортида катта хийла ётади, - дейди Аброр Мухтор Алий.

Қуйида бу аҳли илм билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:14 0:00
Бевосита линк

Фикрларини тинглаганингиз икки диндор ўртасидаги баҳс аслида асрлардан буён давом этиб келаётган баҳслардан биридир.

Эътибор берганингиздек, бу баҳснинг соф диний жиҳатига эмас, балки кўпроқ бугунги Ўзбекистон ва унда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига бўлаётган таъсирига аҳамият беришга уриндик.

Эшитганингиздек, томонлар бир-бирга қарши қўйилган аргументлари билан икки жиддий муаммо – Ўзбекистондаги сиёсий режим остидаги дин ва диний ҳақ-ҳуқуқлари масаласи ҳамда бугунги кунда радикаллашиб бораётган мусулмонлар масаласини тилга олмоқдалар.

Шу маънода, бу мавзу кўлами кенг ва тилга олинган муаммоларнинг актуаллиги боис, келгусида бу баҳсни давом эттириш нияти бор.

XS
SM
MD
LG