Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Грознийда Руслан Чагаевни қўллаш учун Юлдуз Усмонова рингга тушди


Uzbekistan - uzbek boxer Ruslan Chagaev (left) and uzbek singer Yulduz Usmonova
Uzbekistan - uzbek boxer Ruslan Chagaev (left) and uzbek singer Yulduz Usmonova

Чеченистонда "Аҳмат" бокс клубида ўтган жангда ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев австралиялик Лукас Браунга қарши жангда мағлуб бўлди. Бу жангда ўзбекистонлик спортчини президент Рамзан Қодиров ва рингда Ўзбекистон гимнини куйлаган Юлдуз Усмонова қўллади. Қодиров Instagram саҳифасида ҳар икки ўзбекистонликнинг ўз юртини мадҳ этганини алоҳида урғулади.

Руслан нокаут бўлди

"Аҳмат" бокс клуби номидан жанг қилиб келаётган Чагаев 5 март куни Грознийда рақиби Лукас Браунга қарши рингга Ўзбекистон байроғи остида тушди.

Аввалига кетма-кет зарбалари билан томошабинлар олқишини қозонган Руслан 6 раундда рақибини нокдаунга учратди. Аммо, рақиби оёққа турди ва ўнинчи раундда Чагаевни техник нокаут билан йиқитди.

Шу тариқа, ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони камарини сақлаб келаётган Руслан Чагаев Грознийдаги жангни рақибига бой берди.

WBA йўналиши бўйича ўта оғир вазнда доимий жаҳон чемпиони бўлиб келаётган 37 яшар Чагаевнинг ҳисобида 33 ғалаба, 3та мағлубият ва 1 та дуранг натижа йиғилди.

Рингдан қайноқ хабарлар

Чагаевни "биродарим Руслан" деб атаган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров жангга оид хабарларни видеолавҳалари билан пешма-меш Instagram саҳифасида бериб борди.

Аввал айтилганидек бокс олдидан Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова чиқиш қилди. Спорт кийимида рингга тушган хонанда Ўзбекистон гимнини куйлади.

Рамзан Қодиров ҳар икки ўзбекистонлик шаънига тинимсиз мақтовлар ёғдираркан, уларнинг "Ўзбекистонга муҳаббати чексиз экани"ни қайта ва қайта таъкидлади:

"Сафия" тантаналар саройида Руслан кутилмаган совғани олди - уни қўллаш учун ўзбек эстарадаси юлдузи, миллионларнинг севимли хонандаси, Ўзбекистон Халқ артисти ва Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Усмонова келди. У Ўзбекистон ҳақидаги оммабоп "Давом-давом" қўшиғини куйлади. Руслан бундан янада руҳланди. Ишончим комил, у саҳнада, гўёки, уни қўллаган бутун Ўзбекистонни кўргандай бўлди. Унинг ватани - бу Ўзбекистонидир!" деб ёзди Рамзан Қодиров.

Рамзандан Каримовга муждалар

Рамзан Қодиров Ўзбекистонга муҳаббатни зўр бериб таърифлаган ҳар икки ўзбекистонлик - боксчи Руслан Чагаев ва хонанда Юлдуз Усмоновлар айни пайтда ўз юртида тақиқланганлар рўйхатидаги таниқли шахслардир.

Руслан Чагаев бундан 10 йилча муқаддам ўз оиласи билан Ўзбекистонни тарк этган ва бунинг сабаблари ўша вақтда президентнинг юртида юлдузи порлаган тнғич қизи Гулнора Каримова билан севги можароларига боғланган эди.

Грознийдаги 5 март кунги бокс ҳақида мақола ёзган ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич ўшанда Чагаев айнан Гулнора Каримова билан боғлиқ можаролардан қочиб, Германияга кетгани ва сўнгроқ, ҳатто, ажрашгани ҳақида мақолалар ёзилган оиласини олиб чиққанини хотирлади.

Маълумки, уни қўллаш учун Чеченистонга борган хонанда Юлдуз Усмонова ҳам сўнгги бир неча йилдан бери катта саҳналардан туширилган.

Рамзан Қодиров ҳар икки ўзбекистонлик юлдузнинг Грознийдаги чиқишни олқишларкан, айни пайтда "уларнинг қилмишидан пушаймон эканию, исталган вақтда юртига қайтишга шай эканига ишорат берди", деб ёзди AsiaTerra блоги муаллифи Волосевич.

10 йилча муқаддам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган андижонлик Руслан Чагаев уч йилдан буён Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг отаси номи билан юритиладиган "Аҳмат Ҳожи Қодиров" бокс клуби номидан жанг ўтказиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG