Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Ўзбекистонда Чор Россияси ўзбекларни қирғин қилгани расман хотирланмайди


Чор Россиясига қарши 1916 йилда қўзғолон кўтаргани учун дорга осилган туркистонликлар. Қирғизистон давлат тарих музейидан олинган фотосурат.
Чор Россиясига қарши 1916 йилда қўзғолон кўтаргани учун дорга осилган туркистонликлар. Қирғизистон давлат тарих музейидан олинган фотосурат.

Ўзбекистонда бундан юз йил олдин Туркистон халқлари Чор Россияси томонидан аёвсиз қирғин қилингани расман хотирланмайди. 1916 йил 4 июлида ўша пайтдаги Самарқанд вилоятининг Хўжанд шаҳрида оқпошшо Николай Иккинчининг мардикор олиш сиёсатига қарши бошланган халқ қўзғолонларини бостириш пайтида минглаб туркистонликлар қириб ташланган эди.

Ўзбекистонда Чор Россияси ўзбекларни қирғин қилгани расман хотирланмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:32 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда 1916 йил қирғинини хотирлаш илмий конференция ёки кўргазма билан чекланади

Жорий йилнинг 4 июлида Ўзбекистонда 1916 йилда кўтарилган халқ қўзғолонлари ва бу исёнларнинг Чор Россияси томонидан аёвсиз бостирилганига 100 йил тўлади. Ўзбекистонда бу мавзу на тарихчилар, на фуқаровий жамият ва на ҳукумат томонидан эсланмаётир.

Озодлик мухбири Ўзбекистон тарихчилари томонидан миллий озодлик ҳаракатининг бошланиши сифатида тамсил қилинадиган юз йил олдинги тарихий воқеалар мамлакатда қай тарзда хотирланишини сўраб Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Маориф вазирлигига мурожаат қилди. Икки вазирлик расмийлари бу борада ҳукумат қарори йўқлигини рўкач қилиб, мазкур санани нишонлаш бўйича ҳеч қандай тадбирлар режаси йўқлигини маълум қилдилар.

“Агар ҳукумат қарор чиқарса, албатта бу режа ишлаб чиқилади”, деган жавоб бўлди вазирлик ходимларидан.

Тошкентдаги Қатағон қурбонларини хотирлаш республика музейида эса тарихий воқеани хотирлаш илмий конференция ёки кўргазма билан чекланиши мумкинлигини айтдилар:

- Албатта, тадбирлар ўткизамиз. Масалан, апрелнинг 15ларида жадидчилик ҳаракати тарихи ҳақида илмий конференция ўткизамиз. 1916 йил юзасидан тадбирлар ўтказиш ҳам режамизга киритилган. Бу тадбирлар Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам ўтказилади, -деди музейнинг ўз исмини айтишни истамаган ходими.

Туркистонликлар исёни Самарқанддан бошланган эди

1916 йилда Марказий Осиёдаги халқлар Чор Россиясининг мардикор олиш сиёсатига қарши исён кўтарган эди. 1916 йил 25 июнда подшо Николай Иккинчи имзолаган Туркистоннинг рус бўлмаган миллатларидан мардикор олиш тўғрисидаги Фармонга қарши исён ўша йилнинг 4 июлида ўша пайтда Самарқанд вилоятига қарашли бўлган Хўжандда бошланган. Унда ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар иштирок этган эди.

Тарихий ҳужжатларга таянадиган бўлсак, 1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган. Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган. Чор ҳукумати исёнларни бостириш учун 1916 йилнинг 17 июлидан бошлаб Туркистон ўлкасида фақулодда ҳарбий ҳолат жорий этишга мажбур бўлган.

Исёнчиларга қарши 30 минг рус ҳарбийси пулемёт ва замбараклардан ўқ отган.Ёз охирларига бориб Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги исёнлар бостирилган.

"1916 йил исёни ўзбекларнинг қўзғолони эди"

Ўзбекистонлик тарихчи олим¸ профессор Гога Ҳидоятов вафотидан бир оз олдин Озодлик радиосига берган суҳбатида 1916 йил воқеаларини бугунги кунда ўзбек тарихчилари ўрганишга қизқиш билдирмаётганидан афсусланишини айтган эди.

-Исёнларнинг асосий ўчоғи Самарқанд ва Андижонда бўлган эди. Бу ўзбек халқининг қўзғолони эди. Бугунги кунда ҳеч ким бу муаммо билан шуғулланмаяпти. Совет даврида бу мавзу устида ишлайдиган муаллифлар бор эди. Кейин негадир улар йўқ бўлиб қолишди. Чунки тарих, айрим пайтларда, сиёсатга жуда боғлиқ бўлади. Бугунги кунда эса Ўзбекистонда 1916 йилга боғлиқ бирорта тадқиотни кўрмадим, - деган эди Гога Ҳидоятов.

"Поездингни жилдирган ўтхонаси билан дўнгалаги"

Зиёевнинг “ Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи” асарида қайд этилишича, зўрлик билан уйларидан олиб чиқиб кетилган мардикорлардан 101 600 киши Россиянинг Европа қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилган.10 мингдан ортиқ киши Туркистон ўлкасида ишлатилган. Мардикорлар очликдан, хўрликдан, машаққатли меҳнатдан мислсиз азиат чекдилар. Кўплари қаттиқ совуқдан, турли касалликлардан ўлиб кетдилар, ёки бир умрга ногирон бўлиб қолдилар.

Айрим тарихий манбааларда мардикорлар рўйхатида 566-рақам билан қайд этилиб, Андижоннинг Оқёр гузаридан мардикорликка сафарбар этилган 31 ёшли Худойберди Қорабоев мардикорлик мавзусида ёзилган ва ўзбекларнинг миллий қўшиғига айланган “Дўнгалигим” шеърининг муаллифи бўлгани айтилади.

Поездингни жилдирган

Ўтхонаси билан дўнгалаги

Двинскага кетди Андижонни

Мард йигитининг бир бўлаги.

Двинскага кетмас эди

Мард йигитнинг бир бўлаги,

Двинскага кеткизворган

Николай золим замбараги.

Двинскага йўл бўлсин,

Қарағайзоринг қул бўлсин.

Йигитларни қийнаган

Николайинг йўқ бўлсин.

Бизни тўққиз ой ишлатди,

Сизрань деган ўрмонда.

Кетолмаймиз Андижон,

Бир чақа йўқ кармонда.

Сўк ошингни ичмайман,

Ўтигимни ечмайман.

Қорда қарағай кесганман.

Ҳеч ҳаққимдан кечмайман.

Қирғизистонда 1916 йил тантаналари ҳукумат миқёсида хотирланади

1916 йилги халқ қўзғолонини бостириш ортидан Чор Россияси ҳарбийлари қанча одамни қириб ташлагани шу кунгача аниқ маълум эмас. Қирғиз ва қозоқ тарихчилари замонавий Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудидагина 500 мингдан орнтиқ одам ўлдирилгани ҳақида гапириб келадилар.

Қирғизистон президенти 2015 йилнинг 27 май куни Россия томонидан 1916 йилда қирғизларнинг оммавий қатлиом қилинганининг 100 йиллигини хотирлаш ва нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Қирғиз тарихчиларининг бир қисми ва фуқаролик жамиятининг айрим вакиллари 1916 йил воқеаларини геноцид деб тан олишини ва Россия бу қирғин учун товон пули тўлашини талаб қилиб келади.

XS
SM
MD
LG