Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:43

Мирзиёевнинг жияни кийган 7 минг долларлик кўйлакча Британияда овоза бўлди


Суратда: Диёра Усмонова (Инстрагамдаги саҳифасидан олинди)
Суратда: Диёра Усмонова (Инстрагамдаги саҳифасидан олинди)

“Ўзбек Мария Антуанеттаси: 5 000 фунт стерлингли болалар кийими сотувчи, бироқ душманларини ЁҒда қовурувчи мустабидга алоқадор гламур “малика”нинг ақлни шоширадиган ҳаёти”.

Юқоридаги узун жумла - таҳририяти Британиядаги dailymail.co.uk веб-сайти 29 март куни эълон қилган мақола сарлавҳаси.

Франция қироли Людовик XVI нинг хотини, Буюк француз инқилоби арафасида ҳаётини маишатда ўтказган, монархия тугатилгач гильотинада қатл қилинган Мария Антуанеттага қиёсланаётган аёл Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг жияни, миллиардер Алишер Усмоновнинг жиян келини Диёра Усмоновадир.

Маълум бўлишича, dailymail.co.ukда эълон қилинган мақола Диёра Усмонова ҳақидаги ягона публикация эмас.

Бундан 2 йил муқаддам Тошкентда автоҳалокатда ўлган Бобур Усмоновнинг 27 яшар беваси киборлар ҳаётини ёритувчи Россиядаги нашрларнинг ҳам эътиборига тушган.

dailymail.co.ukда эълон қилинган мақолага Диёра Усмонованинг, қизи Мариамнинг, марҳум эри Бобурнинг, Алишер Усмонов, Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёевларнинг суратлари илова қилинган.

Сайт мақоласида:

“27 яшар Диёра Усмонова Москвада хос болалар учун кийим дўкони очгани;

у Ўзбекистоннинг кўп йиллик бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг жияни экани;

Мирзиёев инсон ҳуқуқларини топтовчи президент Каримовга ройиш экани;

Диёра Усмонованинг дўконида Чор Россияси шарафига дуру маржонлар билан безатилган кўйлаклар сотилиши” тўғрисида маълумотлар берилган.

Суперқиммат кўйлакчалар

Мақола Диёра Усмонова очган "от кутюр" бутикда сотиладиган болалар кийимларидан биттасининг нархи 13 нафар оддий ўзбекистонликнинг бир йиллик иш ҳақига тенг эканлиги тўғрисидаги гап билан бошланади.

Тоға

Суперқиммат кўйлакчалар тасвирини тушириб қолдирамиз. Мақола давомида унинг муаллифи Диёра Усмоновани ўқувчига таништирар экан, мана бундай деган:

“У (Диёра Усмонова) Ўзбекистоннинг ўз сиёсий рақибларини қайнатиб ўлдириши билан ном чиқарган, ўз қизи - 43 яшар миллиардер Гулнорани коррупцияда айблаб, уй қамоғига ташлаган 78 яшар автократ президенти Ислом Каримовга ройиш кўп йиллик бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг жиянидир”.

Бу гапдан кейинги жумлада Шавкат Мирзиёев тўғрисида мана бу маълумот келтирилган:

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Диёранинг қаттиққўл тоғасини у иқтидорга келаётган давр – 2000 йилларда математатика ўқитувчиси Эшниёз Ҳамзаевни ўқувчилари пахтани секин тергани учун калтаклаган, деб айблайди. Ўқитувчи орадан 5 кун ўтиб ўлган”.

Шунга ўхшаш яна бир эпизод келтирилган dailymail.co.ukда эълон қилинган мақолада.

Мариям - Бибиона - Bibiona Couture

Сўнгра мақоладаги гаплар Диёра Усмонова тўғрисида Россиядаги нашрларнинг ёзмишларига кўчади.

Tatler.ru нашри шу йилнинг 20 февралида Диёра Усмонова билан қилинган суҳбатлар асосида каттагина мақола берган.

Унда Диёра ҳозирда 4 яшар қизчасига бундан бир-икки йил олдин Bonpoint ширкатининг одмигина кўйлакларини кийдирганини, лекин қизчаси чиройли кўйлакчалар талаб қилгани тўғрисида гапирган.

Диёранинг айтишича, хос болалар учун хос кийимлар яратиш истаги шундан пайдо бўлган ва онаси Сайёра Хошимовага қўнғироқ қилган ва қизчаси учун бирон нима ўйлаб кўришни сўраган.

Tatler.ru ёзади: "Шу кунда Диёра ва 2013 йили автоҳалокатда нобуд бўлган Бобур Усмоновларнинг қизи Мариям 4 ёшда. Бибиона – Мариямга отаси эркалаб қўйган ном. Бибининг кўйлаклари билан кийим жавони тўлиб бўлган. Онасидан бир-икки ёшгаёқ катта кўринадиган бувиси Сайёра Хошимова ҳамма нарсани унутиб кўйлаклар эскизини чизади. Бу кўйлаклар нафақат набираси, балки севикли фарзандига 200 минг рублдан 500 минггача тўлаб, кўйлакча сотиб олишни истовчилар учундир".

Шундай қилиб Диёра Усмонова ўша – биттаси 200 000 дан 500 000 рублгача турадиган хос кўйлакчаларни сотишга ихтисослашган Bibiona Couture брендига асос солди ва жорий йил январида бренднинг илк шоу-румини Москвада очди.

Озодлик Bibiona Couture шоу-румининг пресса билан ишловчи хизмати билан боғланди. Лекин телефонни кўтарган ходима саволларимизга жавоб беришни истамади.

"Париж зерикарли, Москва яхши"

Bibiona Couture илк шоу-румини нега Тошкент-Париж-Лондон-Нью-Йоркда эмас, Москвада очди?

Бу саволга Диёра Усмонованинг Tatler.ruга айтган мана бу гапи жавоб бўлиши мумкин: “Парижда бир ҳафтадан кейиноқ депрессияга тушиб қоламан, - деб кулади у.– У ерда зерикаман, Москвада мазза”.

2 йил олдинги даҳшатли автоҳалокат

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 2013 йил, 8 май куни тонг саҳарда рўй берган автоҳалокат оқибатида Диёра Усмонованинг эри, миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов ва унинг йўлдоши 20-25 ёшлардаги қиз ҳалок бўлган эди.

“Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Шедевр” супермаркети ёнида 8 май куни эрталаб соат 5 дан 15 дақиқа ўтганда содир бўлган автоҳалокат натижасида россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов бошқараётган қизил рангдаги “Форд Мустанг” русумли автомобил аварияга учради. Ҳалокат натижасида Бобур Усмоновнинг ўзи ва унинг ёнида кетаётган 20-25 ёшлардаги қиз ҳам воқеа жойида ҳалок бўлди. Автомобил қайта тикланмайдиган даражада пачоқ бўлган”, деб хабар берган эди Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан бири.

XS
SM
MD
LG