Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:26

Туркияда Абдуллоҳ Бухорийни отганларга умрбод қамоқ жазоси сўралди


Истанбулда 2014 йилда отиб кетилган андижонлик 39 яшар имом Мирзағолиб Ҳамидов (Абдуллоҳ Бухорий) иши бўйича маҳкаманинг учинчи мажлиси бўлди. Унда прокурор судланувчиларга умрбод қамоқ жазоси сўради. Имомга нисбатан буюртма қотилликнинг ижросида туркиялик Элдор Аслон ва ўзбекистонлик Собир Шукуров айбланмоқда. Буюртмачилар эса Тигран Капланов ва Василий Иванченколар экани иддао қилинди.

Учинчи мажлис

19 апрель куни Истанбулнинг Бақиркўй тумани жиноят ишлари судига келтирилган икки шахс - туркиялик Элдор Аслон ва ўзбекистонлик Собир Шукуровлар 2014 йилнинг 10 декабрида Истанбулнинг Зайтунбурни мавзесида имом Абдулла Ўзбек исми билан танилган, Интернет оламида эса Абдуллоҳ Бухорий номи билан маърузаларини тарқатган, асл исми Мирзағолиб Ҳамидов бўлган 39 яшар андижонлик имомни отиб ўлдирганликда айбланмоқда.

Элдор Аслон қотилликни ижро этувчи, Шукур Собиров эса ташкил қилувчи сифатида судланмоқда. Судланувчилар шу кунга қадар айбловни инкор қилиб келмоқда.

19 апрель куни маҳкамада ишни тергов қилаётган прокурор чиқиш қилди ва айбланувчилар зиддига сўзлаган бир гувоҳ тингланди.

Прокурор даъвоси

Маҳкамани кузатиб келаётган "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти раиси Адам Чевикка кўра, прокурор айблов хулосасини эшиттирган ва айбланувчиларга умрбод қамоқ жазосини сўраган:

- Маҳкамада прокурор сўнг хулосасини эшиттирди ва кейинги суд мажлиси, тахминимизча, охиргиси бўлади. Прокурор судланувчилар қотиллик содир этган, деган даъво билан уларга умрбод қамоқ жазосини сўради. Лекин, Туркия қонунчилигига биноан айбланувчилар буни рад этиши ҳақида ариза киритиши ва кейинги маҳкамага қадар айбсизлигини кўрсатувчи янги далилларни тақдим қилиши мумкин. Улар бошидан буён айбловни инкор этиб келмоқда, - дейди Адам Чевик.

Янги гувоҳ кўрсатмаси

19 апрель кунги судда тингланган янги бир гувоҳ ўзбекистонлик имомга нисбатан суиқасдни содир этган шахсларни ёллаган асосий фигура сифатида Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадор, дея Тигран Капланов номини тилга олган.

Айбланувчиларга қарши кўрсатма берган гувоҳнинг (хавфсизлик нуқтаи назаридан гувоҳнинг исми сир сақланмоқда. - таҳр.) асли чечен миллатига мансублиги, Чеченистондаги урушларда қатнашган ва кейинчалик мамлакатни тарк этиб, Туркиядан қўним топган собиқ ҳарбий экани айтилмоқда.

Маҳкама протоколига кўра, бу гувоҳ жиноят содир этилгунга қадар айбланувчилар билан бир неча бор учрашган. Унга Туркиядаги 4 ўзбекка нисбатан суиқасд режаланаётгани айтилган ва айнан Абдуллоҳ Бухорийни ўлдиришни ундан сўрашган.

Судда марҳум Мирзағолиб Ҳамидов ҳақларини ҳимоя қилаётган адвокат Умар Юзгулга кўра, 19 апрель кунги маҳкамада ўзбекистонлик имомнинг буюртма қотиллик қурбони бўлгани ҳақидаги даъво исми очиқланмаётган гувоҳ кўрсатмалари билан янада қувватланган:

- Унинг ёнига келган шахс Собирдир. Собир: "4 кишини ўлдиришимиз керак, ундан кейин яна 9 киши бор", деган. Бунга 4 кишининг сурати ва исмини беришган, лекин 9 кишининг исми йўқ. Бу капитанга (гувоҳга - таҳр.) бир кишини ўлдириб бериши учун 300 минг АҚШ доллари таклиф қилишган. Гувоҳ ўша заҳотиёқ полиция ва турк Миллий хавфсизлик хизматига бу ҳақда хабар берган. Улар билан ҳамроҳликда Абудуллоҳ Бухорийни огоҳлантирган. Кейин эса суиқасд содир этилди. Бугунги гувоҳ ва яна бир гувоҳ - чечен тадбиркори Алижан Эломон кўрсатмаси асосида бу икковлон қўлга олинди. Гувоҳ судда шундай кўрсатма берди, - дейди адвокат Умар Юзгул.

Тигран Капланов ва Василий Иванченко

Умар Юзгулга кўра, исми очиқланмаётган гувоҳ Тигран Капланов номини ўзбекистонлик имомга нисбатан суиқасд буюртмачиси сифатида тилга олмоқда.

Тигран Каплановнинг швед маҳкамасида тақдим этилган паспорти нусхаси
Тигран Каплановнинг швед маҳкамасида тақдим этилган паспорти нусхаси

Бунга қадар Швеция маҳкамасида Россия фуқароси кўрилган 37 яшар ўзбек Тигран Каплановнинг (шунингдек, бу шахс Умид Аминов номи билан танилган) Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровни ўлдириш учун Юрий Жуковскийни ёллагани даъво қилинган.

Туркияда Абдуллоҳ Бухорийга қарши суиқасдни ҳам айни шахс буюртма қилгани ҳақидаги иддаони Туркия фуқароси бўлган, асли чеченистонлик Алижан Эломон ҳам Бақиркўйдаги маҳкаманинг иккинчи мажлисида илгари сурган эди.

Ўшанда қотилликдан бир ой олдин Анталияда Собир Шукуров суиқасд ижрочи кўрилган Элдор Аслон билан 200 минг долларга келишгани, суиқасд ташкилотчиси "Тигран Капланов" лақабли Умид Аминов эса қотилнинг севгилиси ҳисоб рақамига 200 минг долларни тўрт бўлиб жўнатгани иддао қилинган эди.

Бундан ташқари, маҳкамага келтирилган янги гувоҳ ўз кўрсатмаларида яна бир шахс - Россия махсус хизматларига алоқадор ва сўнгги йилларда Туркиядаги чеченларга қарши кетма-кет суиқасдлар буюртмасичи, дея Василий Иванченко номини тилга олган. Протоколда қайд этилишича, ўлдирилиши режаланган 4 шахс сурати ва манзили битилган факс Иванченко номидан жўнатилган.

Гувоҳ бу факс қоғозини унга Собир Шукуров берганини иддао қилмоқда. Шукуров эса бундай қоғозни унга берганини судда рад этди, аммо гувоҳни таниши, унинг уйида бўлганини тан олди.

Махсус хизматлар

Адвокат Умар Юзгулга кўра, исми очиқланмаган бу гувоҳ ҳамда аввалги мажлисда тингланган ишбилармон Алижан Эломоннинг кўрсатмалари ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Ҳамидовга нисбатан суиқасд ортида ўзбек ва рус махсус хизматлари турибди, деган даъвони қувватламоқда:

- Бу Василий Иванченко Россия махсус хизматларидаги капитан экан. Биз ҳакамдан: "Хўп, бу Собирни ким жўнатди, унга бу ишни ким қилдираяпти? Иванчеко ким, Тигран ким? Уларнинг мақсади нима? Бу нарсалар суриштирилсин, аниқлансин!" деб талаб қилдик. Лекин, маҳкама ҳайъати бунинг кўрилаётган ишга алоқаси йўқ, деб қарор қилди ва терговни давом эттириш сўровини рад этди, - дейди Умар Юзгул.

Турк маҳкамаси муаммоси

Умар Юзгул шу кунга қадар Туркияда Чеченистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан борган бир неча қочқин ва сиёсий мухолифат вакиллари буюртма қотиллик қурбони бўлганини эслатди.

Юзгулга кўра, Туркия полицияси қотиллик ижрочилари ва айрим ҳолларда ташкилотчиларини ушламоқда, жазоламоқда. Аммо, бу жиноятларнинг мамлакат ташқарисидаги буюртмачилари билан қизиқмаётир:

- Асл муаммо шунда. Рус, ўзбек, чечен хавфсизлик хизматлари Туркия ҳудудида жиноят содир этмоқда. Масалан, шу кунгача 5-6 нафар чеченистонлик қочқинни ўлдириб кетишди, охиргисини 4 ой олдин отиб кетишди. Сал олдин тожикистонлик Умарали Қувватовни ўлдиришди. Ундан олдин Абдулла Бухорийни ўлдиришди. Мана бугун гувоҳ бу ишга Тигран буюртма берган бўлиши мумкин, деяпти. Лекин, маҳкама бунинг ишга алоқаси йўқ, деяпти. Мен: "Бу Тигран Каплановни Швецияда ўзбекистонлик яна бир имомга суиқасдни буюртма қилган, деган даъво билан ҳибсга олиш қарори берилди, бу шахсларнинг Туркиядаги ҳаракатлари устидан терговни давом эттириш керак" деб талаб қилдим. Лекин, маҳкама рад этди ва ишни шу ерда ёпди, - деди Умар Юзгул.

Тигран Каплановга оид ҳибс қарори

Шу йилнинг 4 мартида Швециянинг Остершунд шаҳар суди ўзбекистонлик уламо Обид қори Назаровга нисбатан 2012 йилда содир этилган суиқасд иши тергови доирасида асли ўзбекистонлик Россия фуқароси Тигран Капланов (Умид Аминов)ни ҳибсга олишга ордер берган.

Остершунд судининг Озодлик тасарруфига келиб тушган 4 март кунги қарорида Тигран Капланов Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровни ўлдириш учун Юрий Жуковскийни ёллагани даъво қилинган.

Қарорда айтилишича, Капланов-Аминов 2011 йил ноябридан 2012 йилнинг февралига қадар Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийнинг Швецияга бориши учун виза олиб бериш ва у ерда Обид қорини топиши билан боғлиқ сарф-ҳаражатларни тўлашда гумон қилинмоқда.

Швеция матбуотига интервью берган прокурор - Обид қорига суиқасд уринишини тергов қилаётган Кристер Петерссон Каплановнинг ҳозир Россияда эканини тахмин қилиши ва бу ҳолда унинг Швецияга экстрадицияси осон кечмаслигини айтган.

Имом Абдуллоҳ Бухорий

Абдуллоҳ Бухорий 2011 йилнинг март ойида Туркияга қўшни Сурияда Башар Ассад режимига қарши исёнлар бошланиши билан Ассад режимини қаттиқ қоралаб, унинг режимига қарши жиҳод барча мусулмонлар, хусусан ўзбекистонлик мусулмонларга ҳам фарз бўлди, деб фатво бериши ортидан жамоатчилик диққатини тортган эди.

У Сурияда жиҳод қилиш ўзбек мусулмонлари учун фарз, деб маъруза қилган биринчи ўзбек имоми бўлган. ​Шунингдек, ўша кезда у Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" ҳақида ҳали якуний хулосага келмагани, яъни уларнинг ҳаракатини маъқуллаш ёки қоралашга қарор бермагани, шу ҳаракати учун, ҳатто, "Исломий давлат" мужоҳидларидан таҳдид мактублари олганини таъкидлаган эди.

Аммо, танлаш мажбурияти туғилганда "ғарбга эргашган куфр давлатлари эмас, балки шариат асосида юритиладиган "Исломий давлат"ни танлаши"ни ҳам очиқ баëн қилган. Аксар кузатувчилар Интернетдаги маърузалари билан танишгач, унга радикал исломий ғоялар тарғиботи билан шуғулланган диндор, деб баҳо берган.

Шаҳрихонлик Бухорий

Абдуллоҳ Бухорий шахси ва фаолияти ҳақида бир-бирига зид маълумотлар бор.

Аксар мустақил манабаларда унинг Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 1976 йилда диндор оилада туғилгани, асли исми эса Мирзағолиб Ҳамидов экани айтилади.

Мустақил манбаларга кўра, у 1995 йилларда Ўзбекистонни тарк этиб, аввалига собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракатига қўшилган, сўнгра ҳаракат етакчилари билан низолашиб, Туркияга қочган. Баъзи манбаларда унинг байтулмолни ўғирлагани низога сабаб экани иддао қилинади.

Сафдошларидан олинган маълумотларга кўра, марҳум 8 йил олдин Туркияга ҳижрат қилган ва имомлик билан шуғулланишни бошлаган. Кейинчалик Туркия фуқаросига уйланиб, бу давлат фуқаролигини олган. Аммо, унинг ўлимидан хабар қилган турк матуботи Бухорийни "Ўзбекистон фуқароси" деб ҳам ёзган эди.

8 йиллик муддат ичида имомнинг Зайтунбурнида саккизта мадраса очгани, унинг қўлида Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон фуқаролари, уларнинг фарзандлари дарс олгани ҳақида маълумотлар бор.

Хорижда ўлдирилган имомлар

2011 йилнинг сентябрида Россияда ўзбекистонлик сиёсий фаол имом Фуад Рустамхўжаев отиб кетилган. Унга нисбатан қотилликни ким содир этгани ва ким буюргани ҳануз номаълум қолмоқда.

2012 йилнинг февралида эса Швецияда ўзбекистонлик яна бир сиёсий фаол имом Обидхон қори Назаров отиб кетилди. Имом оғир жароҳат олди ва ҳануз шифохонада қолмоқда. Швед куч ишлатар тузилмалари ижрочи - Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийни топиб, умрбод қамоқ билан жазолади. Ҳозирда буюртмачи сифатида Тигран Каплановни қидирувга берди.

2014 йилнинг декабрида Истанбулдаги ўзбекистонлик учинчи имом Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Ҳамидов отиб кетилди. Туркия махсус хизматлари ижрочиларни ушлади, судламоқда. Аммо, буюртмачи сифатида иддао қилинган Тигран Капланов ортидан тергов бошлаш талабини рад этмоқда.

XS
SM
MD
LG