Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

GM Uzbekistan жиноий схемаларига алоқадор банкка янги раҳбар тайинланди


Тошкентдаги Асака банк биноси
Тошкентдаги Асака банк биноси

“Асака банк” бошқарув раиси лавозимига Азим Ахмедхаджаев тайинланди. Молиявий қаллобликда айбланиб, феврал ойида қамоққа олинган Қаҳрамон Ориповнинг ўрнига тайинланган 37 яшар Азим Ахмедхаджаев бундан аввал Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Азим Ахмедхаджаев "Асака банк"ка раҳбар лавозимига ўтиб кетгани тўғрисида у ишлаган Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги Озодлик манбаси билдирди:

"Азим Исраилович бугундан бошлаб “Асака банк”ка да иш бошлади. Қарор 11 май куни чиққан бўлса ҳам бугун эски иш жойига келиб хайрлашиб кетди. Азим Исраиловичга “Асака банк”даги молиявий чигалликларни бартараф қилиш вазифаси топширилди"¸ дейди Озодлик манбаси.

“Асака банк”даги Озодлик манбаларига кўра, Тошкент шаҳар прокуратурасининг Валюта, солиқ ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши кураш департаментининг банкда тафтиш ўтказгани ортидан “Асака банк”ка янги раис тайинланган.

Машина можаросининг давоми

Озодликнинг Ўзбекистон бошқарув элитасига яқни манбасининг айтишича: “Бу тайинлов GM Uzbekistan қўшма корхонасидаги терговлар билан боғлиқ жараëннинг бир қисмидир”

“Асака банк”нинг аввалги раиси Қаҳрамон Орипов молиявий қаллобликда айбланиб, судланди. Банкнинг валюта-кредит операциялари билан шуғулланувчи икки топ-менежери устидан терговда GM Uzbekistan жиноий схемалари “Асака банк” орқали ўтгани ўртага чиқди. Кейин шу асосда кредит бўлимининг каттаси Султон Қолдибоев, инвестиция депаратменти бошлиғи Жаҳонгир Гайбуллаевичлар сўроқ қилинди. Бу сўроқлардан кейин GM Uzbekistan бош директори Тоҳир Жалилов ва бу ширкат снабжениясини қиладиган (“GM Uzbekistan” компанияси таъминот тизими директори ўринбосари-таҳр.) Равшан Искандаров қамалди. Шунинг фонида Азим Ахмедхаджаев “Асака банк”ка раҳбар қилиб келтирилди”, дейди суҳбатдош.

Валюта қора бозори нега чайқалди?

Манбанинг яна иддао қилишича¸ “Асака банк” мулозимлари ўз вақтида автомобил савдоси билан боғлиқ валюта айирбошлаш операцияларидан тушадиган валютани мунтазам равишда "қора бозор"га чиқариб, икки баравар қимматга сотиш билан шуғулланган.

Эслатиб ўтамиз, "Асака банк"нинг собиқ бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов 2 февраль куни лавозимидан четлатилган эди. Республика Бош прокуратураси Ориповни валюта жиноятлари ва ноқонуний даромадлар легализацияси билан боғлиқ жиноятларда айблангани ҳақида баëнот тарқатган эди.

1996 йилда таъсис этилган “Асака банк”нинг асосий фаолияти Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш соҳасини кредитлашга қаратилган.

Банкнинг асосий ҳиссадори “Ўзавтосаноат” давлат ширкати ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳокимият идораларига яқин Озодлик манбасининг айтишича¸ мамлакатда маҳаллий автомобиллар савдосидан келадиган валюта тушумлари "Асака банк"даги махсус одамлар тарафидан суиистеъмол қилинади.

Манба¸ Ўзбекистондаги банк амалдорлари валюта курсининг ҳукумат белгилаган ва "қора бозор"даги курси ўртасидаги фарқдан “мўмай даромад” кўриб келишганини иддао қилди.

Шу пайтгача шаклланган тажрибага кўра¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва нархи АҚШ долларида белгиланадиган машиналарни сотиб олиш учун харидор аввало Ўзбекистондаги “Капиталбанк” ёки "Асака банк"да валюта ҳисобини очиши ва машина нархининг 85 фоизини нақд долларда шу ҳисобга қўйиши талаб қилинади.

Озодлик манбасига кўра шу пайтга қадар "валюта айирбошлаш операцияларидан келадиган долларлар мунтазам равишда "қора бозор"га чиқарилиб, икки баравар қимматга сотиб келинган".

Валюта билан боғлиқ жиноий схемаларни тузганликда айбланган "Асака банк"ка янги раисининг тайинланиши Ўзбекистоннинг “қора бозори”да душанба куни АҚШ доллари қадрининг кескин пасайган пайтга тўғри келди.

XS
SM
MD
LG