Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:35

OzodTil: Ўзбекча гапирсак, отамиз уришадими?! (Блог)


Аҳмад Аъзамнинг янги китоби муқоваси.
Аҳмад Аъзамнинг янги китоби муқоваси.

Туфлини она тилимизда қандай атаган маъқул? Янги замоннинг олифтанамо сўзлари – парол, логин, онлайн, пост, статусларни-чи? Болажон халқмиз деб кўкрагимизга урамиз-у, наҳот шу памперснинг ўзбекча муқобилини тополмасак?


Тошкентда марҳум адиб Аҳмад Аъзамнинг “Тил номуси” деган мўъжазу мўъжиз рисоласи чоп этилди. “Академнашр” нашриётида. Юқоридаги саволларга шу рисоладан жўяли жавоб топиш мумкин.

​Ўзи ихчамгина бўлса-да, хийла тош босадиган китобини кўриш насиб этмади муаллифга. Бир неча йил оғир хасталик билан олишган адиб 4 январ куни бандаликни бажо этган эди...

Тузувчилар барака топсин, Аҳмад Аъзамнинг ўзбек тили ҳақидаги турли нашрларда, сайтларда сочилиб ётган мақолаларини йиғиб, яхлит рисола тартиб беришибди. Мақолаларнинг бари ўқишли, мағзи тўқ. Тишли-тиғли фикрларга, теран мушоҳадаларга, теша тегмаган ўхшатишларга бой. Адиб шу қадар содда, халқона ёзганки, мақолаларни худди блог каби яйраб ўқийсиз. OzodTil блоги ўқувчиларига ҳам куйинчак адибнинг айрим мулоҳазаларини илиндик. Юз марта таъриф-тавсиф қилгандан бир неча иқтибос келтирган маъқул-да, нима дедингиз?
  • Ғалати, жуда ажабланарли, “нақлиёт” ўзимизда ишлатилиб келгани ҳолида “жамоат транспорти” деймиз. Транспортни “улов” демаймиз, уни фақат эшакка нисбатан ишлатамиз, гўё “улов” десак, ғилдираги тушиб қолиб, дум чиқарадигандек, ўзимиз қолоқ андига айланадигандек.
  • “Ботинка”, “туфли”, “сапошка” деб кетдик. Ҳолбуки, “бошмоқ”, “этик”, “этикча” сўзлари ўз тилимизда бор. “Пайпоқ” ёки “жилоп” турганида “носки”нинг кенг ишлатилишига нима дейсиз? Бошқа тилни мутлоқ билмайдиган кампирлар “бекат” ё “манзил” демайди, масалан, “Фалончи аптабус астанопкада симичка сотади”, дейди.
  • Мактаб дарслигида Волга дарёси бўйида яшайдиган халқларнинг оғир аҳволи акс этган бир расм бўларди, “Бурлоқлар” деган. Нимага “солдов”, “солдовчи” истилоҳи ўзимизда бўла туриб, русчаси (“бурлаки”) олинган, бадиий асарлар таржимасида ҳам “бурлоқ” тарзида қўлланиб кетган – тайинли мантиқ топа олмайсиз.
  • Бозордаги балиқ растасига киринг - “сом”, “сазан”, “толстолоб”, “карас”, “шука”, “беламур” деб “импорт” ном билан сотилади. Ҳолбуки, балиқ ўзимизнинг кўлу дарёларимиздан тутилган, балиқфурушлар ҳам ўзбек. Ҳеч ким “лаққа”, “зоғорабалиқ” ёки “тангабалиқ”, “дўнгбош”, “товонбалиқ”, “чўртанбалиқ”, “оқ амур” демайди, шундай деса, гўё харидор бурнини жийиради, “импортний” эмас деб, олмайди.
  • Чақалоғи, жўжуқ гўдаклари бор ҳамма оналар “памперс” дейди, йигирма йил ичида шу истилоҳ тилимизга сингиб кетди. Асл номи ўзимизда “кўллик” (“кўлламоқ”дан олинган, талаффузда беўхшов “кўтлик” бўлиб кетган) уни ҳамиша истифода қилганимиз – “таглик” десак ҳам бўлади, лекин “памперс” демасак, қолоқ бўлиб қоламиз.
  • Ҳаммамиз “простина” деб кетдик, ҳеч биримиз “ҳушки” демаймиз, форс-тожикча бўлса ҳам “ҳобгоҳ”имиз бор, лекин уни “спални” деймиз, “спални”даги “спални мебел”да ётмасак, уйқумиз бузилади. Одат қилдик шундай гапиришни! “Малина” деймиз, “хўжағат” десангиз, ҳеч ким тушунмайди.
  • Э-э, буни қарангки, минг йил бадалида борди-келдиларда ота-боболаримиз кўрган-билган бепоён араб саҳроси “Саҳрои кабир” (катта, улкан саҳро), энди уни шоввоз таржимонларимиз “Сахара” деб ағдараверадилар. Қумтепалари кўп кўрингани учунми, “Сахара саҳролари” деганларига беш кетасиз! Ўрисча “Сахара”-да. Йўқ, беш кетманг, бу шунчаки “пустыня Сахара”нинг янтоққа судраб таржима қилиниши.
  • Таржималарда устоз кўрмайган шогирдлар ҳар мақомга йўрғалайверади, тезкор “тўғри” таржималарда одам гапирмайдиган жумлалар пайдо бўлади. “Ҳимолай тоғларининг баландлиги етти минг метрни ташкил этади”, “Кондор қанотлари ёйилганда уч метрни ташкил қилади” – ўзингиз шу тилда гапирасизми? Хўш, ким қандай “ташкил қилиб” берар экан? Шуни “етти минг метрга етади”, “уч метрга боради” деб оддий ўзбекча айтсак, отамиз уришадими?
  • Сўзга чечан бўлмаган таржимонни асл матн қурбақани ром этган илондек ўз домида тутиб туради, эркин ўгиришига қўймайди, у муқобил сўзлар танлашда ихтиёрини йўқотишдан ташқари, таржима этилаётган тилнинг ифода хоссаларини ўз тилига ҳам тўғридан тўғри, “калька” йўли билан кўчиришга ўтиб олади.
  • Авом тилини, дўппини ечиб ўйласак, халқнинг ўзи бузмайди, бузадиган ёт истилоҳ-ибораларни бу тирик оқим устига биз – қалам аҳли сочамиз, халқ эса уларни ўз талаффузига мослаб, сўзлашув нутқига қўшиб олиб ишлатаверади.
  • Германиянинг “Олмония”, “Ливан”нинг “Лубнон”, “Болгария”нинг “Булғористон” бўлгани хотирамиздан ўчяпти, энди ўзимиз ҳам “Миср”ни “Египет”, “Ҳабашистон”ни “Эфиопия” дейишга ўтиб кетяпмиз. “Иерусалим” “Қуддус”ни, “Алжир” “Жазоир”ни сиқиб чиқаряпти. “Венгрия”нинг “Мажористон”, венгрларни “мадяр”, “мажор” бўлгани ўтмишга чўкди.
  • Нимага “Ҳолландия”ни ўрисча ёзиб, ўрисча талаффуз қилиб, тилимизни зўрлаймиз? Нима учун хорижий истилоҳларни рус тили орқали икки айлантириб ёзишимиз керак? Муқобили ўзимизда мавжуд атамаларни ҳам рус тилидагисини оламиз, ўзимизда “ҳ” товуш ҳарфи бўлгани ҳолда рус тилидаги “г” товуш ҳарфини қўллаймиз. “Гонконг”, “Гейне”, “Гомер”… Бунақа ном, атамаларни санасак, бир қоп бўлади.
  • Чет тиллар олдида ўз тилимизни – унга давлат мақомини берганимиз билан – паст кўриш урф бўлиб боряпти. Мисол учун, шаҳримиз кўчаларига бир қаранг! Учрашув, конференцияларнинг таклифнома ё дастурларини олайлик: инглизча ё русча таржимаси бор, ўзбек тилида ёзилган қисми ҳам ё инглизча, ё русча терминларга тўлиб тошган.
  • Бепарвомиз. Мана, “мышка”, “презентация”, “лайк” (“лайк қилмоқ”), “парол”, “логин”, “онлайн”, “блог”, “пост”, “статус”, “мобил версия”, “домен”, “интернет-провайдер”, “оператор”, “модератор”, “спам”, “е-майл”, “сайт-вебсайт”, “чат” ва ҳоказо шундай ўнлаб атамаларни қандай бўлса, шундайича ўзимиз киритяпмиз, буларнинг анчаси ўзбек тилида муқобилига эга, йўқларини эса бор сўзларимиздан яратишимиз мумкин. Лекин оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин деб, четкиларга тилимиз тўридан жой беряпмиз.
  • “Чиябўри ё шоқол боласи” дейилади, халқ эса “войвояк” дейди. Асл муқобилини билмайгандан кейин ҳар мақомга йўрғалашнинг нима кераги бор: “ҳайвонларнинг кўпайиш мавсуми” эмиш! Бу фасл луғавий маъносида ҳам кўпайиш мавсуми эмас, куйга келиш, куйикиш, илиқиш, қочиш палласи. Кўпайишнинг жониворларнинг турига қараб, “қўзилаш”, “қулунлаш”, “кучуклаш”, “болалаш” каби ўрнида қўлланадиган истилоҳлари мавжуд.
  • Бунақа бесўнақай, русчадан ҳайдашовур ўгириб олинган сўз ва мантиғи бетайин иборалар умумтилимизда симга тизилган очофат чуғурчиқдек қатор-қатор. Юқорида айтганим, спорт шарҳларининг шу жиҳатига бир зеҳн солинг, абракадабра гаплардан эсингиз оғиб кетади.
  • Ўзга тилнинг сурункали, узлуксиз таъсири тилнинг аслига ўзгалаштиришга олиб келади, тил ичдан емирила бошлайди ва бунда, такрор айтаман, ўзимиз сабабчимиз, тилни асрашни, уни чет босқинлардан асрашни ўйламаслигимиз оқибатлари анча йиллардан бери одатга айланди.
  • Тил ҳам бир мудом ўсадиган дарахт, уни парваришлаш керак, қарамасангиз, қийшиқ ўсади, ғовлаб кетади, бачки новдаларни кўпаяди. У ҳам саришталик сўрайдиган рўзғор, покиза қилиб турмасангиз, ивирсиқ босади, ислиқиб, патарот топиши бор гап.
  • Телевидениенинг тил ҳавоси жуда бузуқ. Йўқ, бугунга келиб тилга эътиборнинг сусайгани, ё ҳозир кўп айтиладиганидек, фақат шевачиликдан билиқсиб кетаётганида эмас, ўзи телевидениенинг характери шундай – ундаги тил – иссиқхона тили, қуритилган, тозаланган, қайчиланган, қаноти, панжаси қирқилиб, мана ниҳоят қуш қилинган тил, хуллас, сунъий тил. Телевидениеда тил жозибаси йўқ.
  • Ўзингиз тилингизда қанча чет сўз борлигини бир чамалаб кўринг, бошингиз айланиб кетмаса, мен тан. Чет атамаларни истифода қилсак, жуда маданиятли кўринамиз шекилли-да. Аслида она тилига бунақа муносабатнинг ўзи катта маданиятсизлик!
  • Юксак минбарлардан ҳам айтиляпти, матбуотнинг ўзида гапириляпти, бонг ураётганлар чиқяпти, аммо ўз – ўзбек тилимизнинг бугуни ва эртаси борасидаги бу ташвишу даъватлар ўзимизнинг лоқайдлигимиз ботқоғига чўкиб кетаётир. Дод деб юборгинг келади – қоғозга додлайсан одам! Қоғознинг эса фақат қулоғи бор, оғзи йўқ – садо бермайди!
  • Ўтириб олиб, тилимизда бугун истеъмолда бўлаётган сўзларни бир тафтиш қилиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш, яъни тилимизни тозалашимиз керак. Чунки чиқитга тўлиб боряпти, чиқит асл истилоҳларни босиб кетяпти.
  • Она тилимизга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим. Тилимиз хароб аҳволга тушиб боряпти, уни қайта жонлантириш учун ҳаялламай иш бошлаш керак.
Аҳмад Аъзамдан кўчирмаларни Аюб Умар нашрга тайёрлади.
XS
SM
MD
LG