Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:36

Блог: Шакар тақчиллигининг асл сабабини биласизми?


Шакар учун навбат.
Шакар учун навбат.

Шу кунларда шакар тақчиллиги мавзуси одамлар оғзидан тушмаяпти. Бемалол ва бедаллол сотилган маҳсулот бирдани танқислашиб, отлиққа ҳам топилмай қолгач, одамлар гапиради-да, тўғрими?

Шакар баҳоси ҳе йўқ-бе йўқ 2800 сўмдан 7000-8000 сўмга сапчиганидан хабарингиз бор. Бозору расталарда турнақатор навбатлар юзага келаётганини кўряпсиз. Раият уч-тўрт сўм арзонроққа олиш илинжида саратон офтоби тиғида соатлаб кутаётганига ўзингиз гувоҳсиз.

Шакарнинг танқис ва тансиқ бўлиб қолганига турфа важлар келтириляпти.

Кимдир: “Хоразмдаги шакар заводи ошиб бораётган эҳтиёжни қоплолмай қолди”, дейди. Бўлса бордир. Ўзи ширинликка “суягимиз йўқроқ”, йил-ўн икки ой иштаҳамиз карнай шакарга.

Яна кимдир: “Маҳсулот нархи кўтарилиб кетганига консерва ёпиш мавсуми бошлангани сабаб”, дейди. Эҳтимол шундайдир. Қиш ғамини ёзда ейишга одатланганмиз, чиллада жиллақурса уч-тўрт банка мураббо ёпиб олмасак бўлмайди.

Ҳушёр солиқчиларимиз эса инсофсиз чайқовчиларни “шакаромания”нинг бош айбдори қилиб кўрсатишяпти. Бўлиши мумкин. Чапдаст тужжорлар ҳамиша ва ҳамма замонда вазиятдан фойдаланиб қолишга уринади. Эскидан қолган гап бор-ку, эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ!

Лекин, менимча, шакар тақчиллигининг асл сабаби бошқа!

Охирги йилларда шакардан ҳаддан зиёд истифода этдик.

Қишин-ёзин оғзимиздан болу шакар томади. Арбобларимизни нуқул мақтаймиз, кимўзарга шакаргуфторлик қиламиз.

Ўртамиёна раҳбарлар ҳақида сўз борса ҳам гапларимизга мўл-кўл шакар сепиб оламиз. Каттароқ раҳбарлар хусусида гап очилса-ку, ҳар бир сўзимизни шакарга обдон буламасак, кўнглимиз жойига тушмайди.

Очиғи, ширинхўр бўлиб қолдик. Ширин-шакар гапларга муккамиздан кетдик. Сал тахирроқ гапга тоқатимиз етмайди, андак аччиқроқ танқидга жилла тобимиз йўқ.

Алҳосил, шакаргуфторликка берилиб кетиб, шакарнинг ойлик “лимит”ини азза-базза бир кунда ишлатиб қўйяпмиз. Шундай бўлгач, шакар чидаш берармиди бизга?! Шундай бўлгач, шакар ошмасдан, туз ошсинми?!

Шакарга ружу қўйиб, ширинхўр бўлиш дуруст эмас. Ҳадеб шакаргуфторлик қилишнинг оқибати яхши бўлмас.

Қилни қирқ ёрадиган устамон иқтисодчилар “шакаромания” борасида ўз фикрини айтар. Аммо, менинг фикри ожизимча, мақтовбозлик ва ҳайбаракаллачиликдан андак тийилсак, шакар тежалиб, маҳсулот нархи тушиши турган гап...

Ширинхўр муштарий

XS
SM
MD
LG