Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:26

Бензин туфайли қон босимини кескин туширишнинг ишончли усулини топдим


Кечаги мақолани битиргунимча қон босимим ошиб кетди. Чаккаларим лўқиллаб, бошимга оғриқ кирганидан билдим.

Лекин бир уринишда босимни туширдим. Тушириб, ўлчаб кўрдим: 120/80. Тонометрниям ҳаваси кепкетди босимимга.

Бу ёғини босими баландлар ўқисин: тажрибамни ўртоқлашмоқчиман.

Бензинни ёздим кеча - Жиззах билан Фарғонада қарийб икки ҳафтадан бери йўқлигини аниқладим.

Тошкентдаги ёғ қуйгичлардаям пешингачаёқ тугаб қолаётганини аниқладим...

ва бошга оғриқ кира бошлади.

Бензин масаласи бутун мамлакатда бир хиллиги бошқа хабарлардан кўриниб турибди.

Бир иқтисодчини йиғлаб-сиқтаб топувдим - Ўзбекистонда вазиятни таҳлил қилишга қўрқмайдиган эксперт бензиндан ҳам тақчил - ҳукумат валютани тежаяпти, деб тушунтирди.

Шошиб турган экан, нима учун валютани тежайди, деб сўрашга улгурмадим...

ва оғриқ кучая бошлади.

Экспертга беролмаганим саволни Фаррухга бердим (Ўзимизнинг Юсуфий, бало у – ҳар нарсани билади).

- Бензин сотиб олишга сарфлаб қўйса, валюта бошқа нарсаларга етмай қолади, деди Фаррух.

- Валютани сарфлаб бензин сотиб олса, иқтисодиёт гуркираб ўсади. Қолаверса, импорт қилинган бензинни сотишдан тушган пулга яна валюта сотиб олиб, сандиғига солиб қўйўврадида, дедим мен.

- Қаердан сотиб олади ўша валютани, дедию менга ғалати қараб қўйди Фаррух – бу қарашнинг маъносини биламан – каллами, ошқовоқми, дегани.

Пешонам қизиб, чаккаларим лўқиллай бошлади.

Фаррухнинг қарашидан қовун тушириб қўйганимни сездим.

Гапни бошқа ёққа буришга урина бошладим.

Лекин бу пайтда Юсуфий менга тушунтиришни бошлаворган эди:

“Сарвар ака, ахир советнинг нонини егансиз, иқтисодиёти моделини билардингиз, Ўзбекистонда ўшанақа иқтисодиёт, сўм конверт қилинмайди...”

Ва ҳоказо, ва ҳоказолар.

Бу сонияда бензиниям, моделиям, конвертиям мени қизиқтирмай қўйган, бу сониядаги бош оғриғим асосий бош оғриғим эди.

Қулоқларимни том битирдим – Фаррухни эшитмай қўйдим.

Бошимдан бензинни, иқтисодиёт моделини, валютани, унинг конвертини... чиқариб ташладим.

Бошим бўм-бўш бўпқолди.

Бўш бош оғримайди шекилли, оғриқ йўқолди.

Кўзим ярқ этди.

Оғзим қия очилиб, мийиғим ўйнай бошлади.

Кўз қирим билан кўриб турибман, боядан бери тинмай жавраётган Фаррухнинг кўзи юзимга тушдида, тақ тўхтади. Бир-икки сония индамай қараб турдию бурилиб кетворди.

Билгич ёнимдан кетгач, янада енгилладим.

Энди нафақат бошимни, балки бутун танамни шаффоф сеза бошладим. Ойнага қарагим келди, лекин қўрқдим – ўзимни кўрмай қолишдан қўрқдим.

Ўзимни кўрмасам, қўрқиб кетаман, қўрқиб кетсам, яна қон босимим ошиб кетади, деб қўрқдим.

Ҳозир қон босимим идеал бўлса керак, деб ўлчадим.

Тонометр “дод” деворди. Тилга кириб, “Сарвар ака, сотиб олганингиздан бери бундай маза қилмаган эдим, босимингиз 120 га 80, қойил”, деди.

Хуллас, азиз тингловчи, қон босимим меъёрда юрсин, десангиз, Сиз ҳам ҳеч нарсани ўйламанг: бензинниям, иқтисодиёт моделиниям, валютаниям, унинг конвертиниям...

Ўзингизни асранг.

Саломат бўлинг.

P.S.

Бўш қолган бошга ҳар-хил, маъни-бемаъни фикрлар кириб келавераркан.

Яна “бензин қуйила бошлади” бўш бошга.

Ахир Ўзбекистоннинг қўшниларида бор-ку бензин?!

Гази билан нефти кўп KZ билан TMни гапирмай, майли.

Ахир гази ҳам, нефти ҳам йўқ TJ билан KGда бензин ҳамиша борку?!

Ўзбекистонга ўхшаб валютага сотадиган нарсалариям йўқ бу қўшниларнинг. Сотса ишчи кучи сотаяптилар, холос...

“Ақлингиз етмаган нарсаларни ўйлайвермасангизчи, ҳозир яна босимингиз ошиб кетади”, огоҳлантирди тонометр.

Хўп, дедим.

XS
SM
MD
LG