Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:00

Таниқли Телеимом савоб ишлаш имкониятларини фавқулодда кенгайтирди


Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов.

Ўзбекистоннинг номер Биринчи имоми, таниқли Телеимом ўтган ҳафтадаги телемаъвизасида савоб тушунчаси уфқларини фавқулодда кенгайтириб, мусулмонларнинг савоб ишлаш йўлидаги машаққатларини анча (анчайин эмас, анча) камайтириб бердилар.

Савоб нима ўзи?

Бу савол жавобини излар экан, биз - авом шу пайтгача Изоҳли луғатнинг аниқламасига ишониб келганмиз.

Луғат “савоб” сўзини ажр, эваз, мукофот; хайрли, эзгу иш, деб тушунтиради ва дастлаб бу калиманинг диний маъносини келтиради:

“Диний эътиқодга кўра, худонинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун худонинг марҳамати”.

Изоҳли луғатнинг фикрича, “савоб” сўзининг дунёвий маъноси ҳам мавжуд ва у мана бу аниқламада зоҳирдир:

Ўзгаларга беминнат қилинган холис ёрдам; яхши, эзгу иш”.

Луғатнинг ҳар иккала аниқламасида ҳам иш сўзини қорайтириб қўйдикки, муродимиз эътиборингизни шу сўзга қаратишдир.

Яъни ҳар қандай “савоб” “иш”дир ва бу маъно аниқламалар мазмун-моҳиятидан қайсарлик билан чиқиб келаётир.

Иш” эса, яна ўша луғат фикрича, “Инсон фаолияти билан боғлиқ, унинг меҳнати билан амалга ошадиган, бажариладиган нарса”дир.

Демак, савоб ишламоқчи бўлган бандадан бунинг учун иш-меҳнат қилмоғи, соддароқ айтганда, билакларини зўриқтирмоғи талаб қилинадир.

Телеимомнинг кечаги маъвизасидан сўнг эса, Изоҳли луғатни таҳрирга топширмоқ зарур, чунки, ҳар ҳолда, унинг “Савоб” мақоласи тамом эскирди.

Чунки Телеимом дедилар:

“Ватанимизда бўлаётган моддию маънавий тараққиётни айтишлик билан биз савобга эга бўламиз; буни эътироф қилишлик билан савобга эга бўламиз”.

"Ҳидоят сари" кўрсатувидан парча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00

Ҳурматли Телеимомнинг савоб тушунчасига оид бу янгиликларини бажонудил қабул қилганимиз ҳолда, кўнглимизда уйғонган баъзи иштибоҳларни ҳам овозлантириб қўймоқчимизки, тамамиз - кейинги телемаъвизалар ўша шубҳаларни қуёш тиғига дош беролмай тарқаб кетган тумандай йўқ қилсин.

Мана ўша иштибоҳлар:

“Моддию маънавий тараққиётни айтишлик” тушунарлидир – бу ҳолатда овоз чиқармоғимиз лозимлигини тушундик.

Бироқ “эътироф қилишлик”нинг шаклини кўп ҳам тушунавермадик. Яъни эътироф жаҳрий бўлуви керакми ёхуд пинҳон бўлуви ҳам савоб ишлаш учун етарлими?

Яна бир омиёна савол: бас, савоб ишлаш учун “Ватаннинг моддию маънавий тараққиётини” эътироф қилишлик кифоя экан, табиат ҳодисаларидаги тараққиётни эътироф этиш ҳам савоб сандиғимизга сеп қўшадими?

Масалан, ўтган йилнинг тартиб рақами 2013 эди. Бу йилгисиники – 2014. Тараққиёт кўриниб турибди ва буни шахсан мен эътироф этдим. Савоб ёзиладирми?

Ёки ортда қолган тунда ҳарорат 6 даража атрофида бўлди. Ҳозир, яъни кундуз 10 даража қўшилиб, 16 га етди. Тараққиёт кўриниб турибди ва буни шахсан мен эътироф этдим. Савоб ёзиладирми?

Бу саволлар шу топда барча диндош биродарларимизни қизиқтирмоқдаки, фикри ожизимизча, муҳтарам Телеимомимиз, кўпмиллионли телеқавмини саволлар ўрмонида улоқиб номақбул сўқмоқларга кириб кетишининг олдини, албатта, олади.

Билъакс, авом Телеимомга эмас, Изоҳли луғатга иқтидо қилиб қолғувсидир.

XS
SM
MD
LG