Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:57

Катта Раққос Эпўхаси тўғрисида эпўхал блог


Тонг отади, кун ботади - кун ўтади.

Совуқ қишу иссиқ ёз, баҳор билан куз ўтади – йил ўтади.

Қор эрийди, ер қурийди – Наврўз байрам:

вот-вот,

ғат-ғат,

така-тука,

тука-там.

Ўртада Раққос гир-гир тушар рақс,

Майдондаги хос кафтлардан потраб чиқар қарс.

“Отахон тетик, отахон етук”, дейди хос тиллар.

Тонг отади, кун ботади - кун ўтади.

Совуқ қишу иссиқ ёз, баҳор билан куз ўтади – йил ўтади.

Ерга чигит тикилар – бошланиб кетар:

қатқалоқ, қатқалоқ, қатқалоқ,

ягана, ягана, ягана,

чопиқ, чопиқ, чопиқ,

ўтоқ, ўтоқ, ўтоқ,

пилла ҳам бор орада,

ғалла ҳам бор орада,

ғўза чилпиш-чеканкадан чиқар билан - Истиқлол-байрам:

вот-вот,

ғат-ғат,

така-тука,

тука-там.

Ўртада Раққос гир-гир тушар рақс,

Майдондаги хос кафтлардан потраб чиқар қарс.

“Отахон тетик, отахон етук”, дейди хос тиллар.

Тонг отади, кун ботади - кун ўтади.

Совуқ қишу иссиқ ёз, баҳор билан куз ўтади – йил ўтади.

Байрам билан бошланар миллатнинг кузи,

Далададир миллатнинг қўл-оёқ, кўзи,

Тилларда битта сўз, битта калима:

пахта, пахта, пахта,

пахта, пахта, пахта,

пахта, пахта, пахта,

пахта, пахта, пахта...

Миллат пахтадан қайтгач – яна бир байрам – Қонун байрами:

вот-вот,

ғат-ғат,

така-тука,

тука-там.

Минбарда Раққос, сўздан ясар рақс,

Олдиндаги хос кафтлардан потраб чиқар қарс.

“Отахон тетик, отахон етук”, дейди хос тиллар.

Бир йилнинг тасвири билан танишдингиз.

Эринмасангиз, юқоридаги сатрларни 23 марта ўқинг – 23 йилнинг тасвири бўлади.

Катта Раққоснинг жума кунги (2014 нинг 5 декабри) гапларидан келиб чиқилса, ғайрат қилишингизга, юқоридаги сатрларни яна камида 7 марта ўқишингизга тўғри келади: Катта Раққос уқтирдиларки, кишининг ёши унинг паспортидаги рақам билан ўлчанмаслиги керак.

- Одамнинг ёши албатта паспортда ёзилган йили билан ўлчанмайди. Шу ерда ўтирган 100 фоиз одамлар шуни яхши билади. Юраги ёш бўлса, қалби ёш бўлса, интилиши ёш бўлса, дунёга қараши ёш бўлса ва умуман айтганда, мана ҳозир шундай ўзгаришлар бўляпти, яхши ният қиладиган ман кошки айни шу ҳозир режа қўяётган марраларга қани энди ман ҳам худо берса етиб шуларни кўрсам деб деган мана шундай ният билан яшашимиз керак барака топгурлар ва шуни албатта амалга оширишимиз керак, деди Катта Раққос ва қарсаклар гулдуроси гулдуради. (сўзлар қандай ирод этилган бўлса, шундай кўчирилди)

Шама тушунилдими?

Катта Раққос яна 7 йил турса яхши бўлади – биратўла 30 йил бўлади, дум-думалоқ рақам бўлади, ҳисобга тўғри бўлади – эпўха бўлади – Катта Раққос Эпўхаси.

Муҳими, Гиннесга киради миллатнинг бу Эпўхаси.

Янаям муҳимроғи, ЮНЕСКО тан олиши мумкин миллатнинг Катта Рақсини, бундан бир неча йил олдин Катта Ашулани тан олгандай.

Ишқилиб, чарчаб қолмаса бўлгани Катта Раққос.

Тўғри, киши паспортдаги рақамга қарамаслиги мумкин.

Лекин, паспортдаги Рақам кишига Кўз Тикиб, Пойлаб туради...

Тонг отади, кун ботади - кун ўтади.

Совуқ қишу иссиқ ёз, баҳор билан куз ўтади – йил ўтади...

XS
SM
MD
LG