Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:59

Блог: Ўзбек улуғини сийламай қўйди


Кеча Эски шаҳарда мендан олдинроқда чийдухоба чопонга ўралиб кетаётган икки оқсоқолнинг суҳбати диққатимни тортди.

“Ҳожака, ҳаволарам ўзгариб кетвоттими бора-бора? Овволлари бунақа пайтда қор гупиллаб урмасди-я”, деди бирови.

“Тақсир, ўзиз ақлли одамсиз, эсимиззи танигандан бери ўзгармаган нима қолди ўзи?” дея қарши савол ташлади бошқаси.

Ўйлаб қарасам, оқсоқол ҳақ экан. Яқиндан бери ўзбекнинг сажиясида, аҳволи руҳиясида кўп нарса ўзгарибди.

Масалан, олдинлари ўзбек “Ёш келса - ишга, қари келса - ошга” деган гапга амал қиларди. Ҳозир эса миллатдошим “Иш турганда Отасини аямайди”ган бўлди. Ишлаб турган отасининг қўлидан кетмонини олишга ғайрати етмайдиган бўлди.

Бу “малолат юки”ни Отахон ўз елкасидан “керак бўлса, яна 25 йил ишлаб беришга тайёрман” қабилидаги кинояю кесатиқлар билан ҳам туширолмади. “Нуҳми эди 1000 йил яшаса, Фиръавнми эди 400 йил ҳукмронлик қилса” демади ўзбек, мўйсафидга ачинмади – “бошлаган ишини охирига ўзи етказсин” деб, ишдан қочворди.

“Қариянинг қўлидан ишини олай” демади ўзбек – “амалинг бошингда қолсин” дегандек яна ўзига топширворди. Охирги пайтларда бир кун курсисида бўлса, икки кун кўрпасидан туролмай қолаётган Ёшуллининг ҳам бундан ёмон жаҳли чиқди – “Жон танда омонат” деган кўҳна ҳикматни тушунолмаётган, ишга рағбатсиз ва ғайратсиз ёшларни ёппасига “дангасалар” деворди.

Рост-да, алам қилмайдими ахир - ўзига тенгдош америкалигу европалигу японияликлар кексалик гаштини суриб, дунёнинг тўрт бурчини кезиб юрган бир пайтда ёши бир жойга борган одам ҳамманинг ғамини еб ўтирса?! Балки Эски шаҳардаги оқсоқоллар каби Маккатиллога боришни орзу қилмас (зотан, бир марта борган ҳам), лекин ким айта олади унинг Австралияю Исроилу Аргентинани кезгиси келмайди, деб?

Хуллас, бу гал ҳам ўзбекнинг фаросати оқсади, улуғининг дилидаги ҳавасларини англаёлмади. Бутун меҳнат яна кетмон-петмони билан Отахоннинг ўзига қолди, қолган ишга эса “қорлар ёғворди”.

Лекин бу Найсон музида сирпаниб кетаётган чопонли ўзбекка тегишли ҳамма ҳикматлар ўзгариб кетди, дегани эмас. Дейлик, унинг “қашшоқ кўпайса, машшоқ кўпаярмуш” деган гапи бугун ҳам ҳикмат мақомида. Ҳақиқатан, бугун юртда қашшоқ бисёр, шунга яраша “машшоқман” деганнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Уларнинг феъл-ҳуйи ҳам ўзгаришсиз қолди – замонам машшоғи ҳам салафлари каби ким эгарда бўлса, ўшанинг найини чалиш билан овора.

Кошки эди ўзбек яна улуғини эъзозлайдиган миллатга айланса, кошки эди мўйсафидларни меҳнатга солмаса, кошки эди ақлини ҳам, тилини ҳам, қўлини ҳам ишлатсаю ватанини гуллатса... Балки шунда моддий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам қашшоқ камаярмиди эл орасида, балки шунда найчи машшоқ камаярмиди ўзбеклар орасида...

Дўмбирободлик домла

XS
SM
MD
LG