Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Блог: Газ ва электр идораси қонундан кучлими?


Май ойи бир неча “хушхабар” билан бошланди.

15 майдан бирваракайига барча коммунал хизматлар нархи ошадиган бўлди.

Аслида, одамлар йилда икки марта нарх ошиши ва унинг ортидан бир қалқиб олишга кўниб-кўникиб ҳам қолган.

Кўнмай, кўникмай нима қилсин?

Совуқ ва иссиқ сув, газ, электр энергияси ширкатлари хизматлар бозорида яккаҳукмрон, яъники монопол мавқега эга.

Рақобатчи бўлмагач эса, ўзига мақбул нархни белгилайверади-да.

Эски нақлда айтилганидек, қозончида ихтиёр қайдан қулоқ чиқарса!

“Қозончи”ларни кўпайтирса бўлмайдими?

Коммунал хизматлар нархи ошиши асослими?

Бу саволларга иқтисод илмининг “пир”лари жавоб бергани маъқул.

Ҳарқалай, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйгани дуруст.

Аммо коммунал хизмат ширкатлари қонуннинг муҳим бир талабини бузаётганини айтмасак бўлмайди.

“Ўзбекнефтегаз” ва “Ўзбекэнерго” ширкатлари газ ва электр энергияси баҳоси ошаётгани ҳақида 4-5 майда маълум қилди.

Демак, истеъмолчилар нарх ошишидан 10 кун аввал хабардор бўлди.

Ваҳоланки, истеъмолчилар бу ҳақда камида 15 кун аввал воқиф этилиши керак.

Бунга Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси далил: “Ваколатли органнинг нархлар (тарифлар) бўйича қарори табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади”.

“10 кунми, 15 кунми, нима фарқи бор, шунгаям ота гўри қозихонами?!” дея эътироз билдиришга шошманг.

Аввало, бу ўртамиёна мартабадаги амалдорнинг буйруғи эмас, мамлакатнинг олий рутбали идораси қабул қилган қонун талаби!

Сониян, истеъмолчилар нарх ошишидан эртароқ хабардор бўлгани яхши – коммунал хизматлар ҳақини эски тариф бўйича тўлашга улгуриб қолади.

Арғамчига қил ҳам мадад-да.

“Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун ижроси ва истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоясига Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатли ривожлантириш давлат қўмитаси масъул этилган экан.

Қизиқ, қўмита қонун бузилишига нега эътибор қаратмаяпти?

Нега коммунал хизмат ширкатлари бутун бошли қонунга беписандлик қиляпти?

Айтганча, қонунчилик назоратига масъул прокуратура нега истеъмолчи ҳуқуқи бузилишига томошабин бўлиб турибди?

Истеъмолчи

XS
SM
MD
LG