Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:02

Шўрчининг тоғли қишлоқларида бўрилар чорвани бўғизлаяпти


Сурхондарё вилоятидаги Шўрчи туманининг тоғ ён бағридаги қишлоқларда яшовчи аҳолининг чорвасига бўри ҳужум қилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, Ҳисор қўриқхонасидан тушиб келган бўрилар қўй-қўзиларни бўғизлаган. Айни пайтда туман овчилар уюшмаси бўриларни йўқ қилишга сафарбар қилинган.

Озодликка келган мактублардан бирида Шўрчи тумани қишлоқларига бўрилар ҳужум қилиб, аҳолининг чорвасини бўғизлаб кетаётгани ҳақида айтилади:

Мен ўзим Россиядаман. Кеча уйдагилар билан гаплашсам, онам қишлоғимиз нотинч эканлигини, бўрилар одамларга ва чорвага ҳужум қилаётганини айтди. Одамларнинг айтишларича, қўриқхонага ўт кетиб ундаги ҳайвонлар ҳар тарафга қочаётган экан. Бўрилар бизнинг қишлоғимизга ҳам оралаб, одамларнинг қўй-қўзиларини бўғизлаб кетибди. Одамлар қўрққанидан пахтани чеканка қилгани ҳам чиқмаётган экан”, деб ёзади Озодлик муштарийларидан бири.

Шўрчи туманининг тоғ ён бағридаги қишлоқларга бўри тушганини туман “Маҳалла” жамғармасининг раиси Шерали Сафаров ҳам тасдиқлади:

- Тўғри уч-тўрт кун тоққа яқин қишлоқларда шундай гап бўлди. Лекин одамларга бўри теккани йўқ. Фақат қўйларга ҳужум қилган. Овчилар уюшмаси ҳозир шу билан шуғулланяпти, деди Шерали Сафаров.

Шўрчи туманининг Ёшғайрат қишлоғи оқсоқоли Ўрол Шерхоновнинг Озодликка айтишича, бўри ҳужумига қарши қишлоқларда тунги навбатчиликлар ташкил қилинган:

- Билмадим бу бўрилар қаердан келган. Одамлар Боботоғ томондан келиб Қашқадарё зонасига ўтиб кетяпти, дейишяпти. Қумқўрғон каналининг бўйида бир фуқаромизнинг қўйхонаси бўлган. Шу қўйхонага бўрилар ҳужум қилиб, иккита қўйни еб кетибди. Шундан сўнг биз ички ишларга бориб, овчиларга рухсат олиб икки-уч кун қаттиқ шуғулландик. Кўчабошиларимиз кечалари навбатчилик ташкил қилди. Ҳозир анча тинчиб қолди, деди маҳалла оқсоқоли Ўрол Шерхонов.

Унинг айтишича, бўриларнинг қишлоқларга тушиб келиб аҳолининг чорвасига ҳужум қилиш ҳолати шу пайтгача бирор марта ҳам кузатилмаган.

Исми сир қолиш шарти билан гапирган шўрчилик Озодлик манбасининг айтишича, Ҳисор қўриқхонасининг бир қисмида ёнғин бўлганлиги сабабли бўрилар ўз жойларини ўзгартиришга ва егулик тополмай аҳоли чорвасига ҳужум қилмоқда.

Бироқ, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ўзини таништирмаган мулозими қўриқхонага ўт кетгани ҳақидаги иддаони рад қилди.

Ёз пайтида бўриларнинг аҳоли чорвасига ҳужум қилиши Ўзбекистонда кам кузатиладиган ҳолат. Одатда бўрилар, қиш ва эрта баҳорда емиш тополмай қолган пайтда аҳоли чорвасига ҳужум қилиши айтилади.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги қишлоқларда бўрилар галаси аҳоли чорвасига ҳужум қилиб, қўйларини бўғизлаб кетган эди. Туман ҳокимлигидаги бўриларга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳ маълумотига кўра, февраль ва март ойларида ичида жами 77 та бўри отилган эди.

Ўтган йилнинг январь ойида эса Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларидаги қишлоқларда бўрилар гала-гала бўлиб, аҳолининг қўй ва отларига ҳужум қилган эди.

XS
SM
MD
LG