Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:08

Тошкентлик ҳайдовчи машина номерини ечиб кетган милиционерни судга берди


Тошкентлик ҳайдовчи арзича, автомобилини нотўғри жойда тўхтатиб тартибни бузган, айни пайтда Йўл-патруль хизмати ходими бундай ҳаракат учун жарима солиш ўрнига, давлат рақамини ечиб олиб, қонунни бузган. Машинасини рухсат берилмаган жойда қолдиргани учун қонунда белгиланган тартибда жарима тўлашга ҳозирлигини айтаëтган ҳайдовчи¸ қонунни бузган ДАН ходимининг ҳам тегишли тарзда жазоланишини талаб қилмоқда.

Тошкентлик ҳайдовчи Юнусобод туманида қолдирган автомобили давлат рақамини ечиб олган милиционер устидан 14 июнь куни судга арз қилди.

Арзга асос бўлган воқеа эса 9 июнь куни Амир Темур кўчасининг "Ҳабиб Абдуллаев" метро бекати яқинида содир бўлган. Ҳайдовчи ​автомобилни қўйиш мумкин эмаслиги ҳақидаги белгини кўрмасдан, эрталаб соат 9 ларда ​машинани кўча юзида қолдириб кетганини айтади:

Ҳайдовчига ЙПХ ходими қолдирган қоғоз
Ҳайдовчига ЙПХ ходими қолдирган қоғоз

- 2 соатдан кейин келсам, машинанинг олдидаги давлат рақами йўқ, олд ойнак ёнида: "Номер ДАНда, фалон рақамга телефон қилинг", деган хатча қолдирилган. Телефон қилсам: "Ноқонуний жойга қўйиб кетгансиз, шунинг учун номерни ечиб олдик. Ҳозир Юнусобод" бозорига келинг", дейди. Мен: "Боролмайман, чунки қонун бузишга киради бу. Нотўғри жойда қолдирганим учун автобилимни олиб кетишингиз ва сўнгра жарима солишингиз керак эди. Аммо, сиз ваколатларингизни суистеъмол қилиб, ўзбошимчалик билан номерни ечиб олдингиз ва қонунни буздингиз! Келмасангиз, "102" рақамига мурожаат қилиб, арз қиламан", деганимдан кейин 15 минутда етиб келишди, - дейди исмини сир сақлаган ҳайдовчи.

Воқеа жойига келган Йўл-патрул хизмати(ЙПХ) ходимлари билан эса, ҳайдовчининг даъвосича, тортишув юзага чиққан ва охир-оқибат, у "102" рақамига мурожаат қилиб, ариза қолдиришга мажбур бўлган:

Рақами ечиб олинган автомобил
Рақами ечиб олинган автомобил

- Сигнални қабул қилишди ва наряд жўнатамиз, дейишди. Буни эшитгандан кейин ДАН ходими (унинг исми ошкор қилинмаётир - таҳр.) протокол тузишни бошлади ва номерни ҳам қўлимга тутқазяпти. Мен олмадим: "Жиноят белгилари шундоқ жойида қолиши керак", деб талаб қилдим. Лекин улар Юнусобод туманидан наряд келгунча номерни жойига илиб қўйишди. Шунга қарамай¸ келган милиционерлар аризамни қабул қилди ва ҳодисани ҳужжатлаштирди, - дейди ҳайдовчи.

Эндиликда ҳайдовчи шаҳарда автомобилни тўхтатиб қолдириш тартибини бузгани учун 3 минимал ойлик миқдорида жарима тўлаши лозим:

Ҳайдовчига берилган талон
Ҳайдовчига берилган талон

- Мен билмасдан тартибни буздим, жаримани тўлашга тайёрман. Лекин, билиб туриб қонунни бузган милиционер жазосиз қолиши керакми?! Мен шундан норозиман ва шунинг учун, ишни судга оширишга қарор қилдим, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Ўзбекистонда мавжуд тартиб бўйича, автомобиль рухсат берилмаган жойда қолдирилган тақдирда ЙПХ ходимлари автомобилни у жойдан олиб кетиши ва сўнгра унинг ҳайдовчиси гувоҳлигида протокол тузиб, жарима солиши лозим.

Давлат рақами эса 2012 йил 21 майда 2367-сон билан қабул қилинган Низомга асосан икки ҳолатда - вақтида техник назоратдан ўтказилмаган ва автомобилга рухсат олмасдан қўшимча жиҳозлар ўрнатилган тақдирда ечиб олиниши мумкин:

Ҳодисани расмийлаштираётган ЙПХ ходимлари
Ҳодисани расмийлаштираётган ЙПХ ходимлари

"... агар Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг ходими автомобилни носоз деб топса ёки агар автомобиль техник кўрикдан ўта олмаса ёхуд тегишли рухсатсиз қайта жиҳозлаб олинган бўлса, Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг ходими рўйхатдан ўтказилган рақамларни ечиб олиш ҳуқуқига эга. Низомда санаб ўтилмаган бошқа ҳолларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг ходими рўйхатдан ўтказилган рақамларни ечиб олиш ҳуқуқига эга эмас", дейилади Низомда.

Озодликка, афтидан, бу Низомга зид равишда чора кўрган ЙПХ ходими ва унинг раҳбари исм-фамилияси, телефон рақамлари тақдим қилинди.

Ушбу телефон рақамларидан бирини кўтарган милиционер баъзи саволларга жавоб берди.

Тошкент шаҳар ЙПХнинг Юнусобод тумани бўлимида ишлайдиган бу ходим 9 июнь кунги ҳодисадан хабари йўқлигини айтди, аммо бундай ҳолатларда: "Автомобиль эвакуатор билан олиб кетилиши керак эди, кейин жарима солиниши керак эди. Рақам ечиб олинмаслиги керак эди", деб изоҳ берди.

Facebook саҳифасида эълон қилинган пост
Facebook саҳифасида эълон қилинган пост

Ўз қонуний ҳақлари учун курашаётган тошкентлик ҳайдовчи бу вазиятни Facebook тармоғида ҳам фойдаланувчилар муҳокамасига қўйди.

Шу кунга қадар муҳокамани 300 дан ортиқ фойдаланувчи кўрди ва 50 дан ортиғи унда иштирок этди.

Ҳайдовчининг ЙПХ ходимини судга бериш журъатини баҳолаётганлар эса икки тоифага бўлиниб қолди.

Бир тоифа бу ҳайдовчини "Системага қарши ёлғиз курашчи" дея баҳоламоқда. Миллионлаб ҳайдовчи жарима ёки порани бериб қутулаётгани, чунки бундай ҳаракатнинг оқибатлари хавфли бўлишидан ҳамюртини огоҳлантирмоқда ва унга ҳам жаримани тўлаб қутулишни тавсия қилмоқда. Иккинчи тоифа эса ҳайдовчининг ўз хатосини тан олган ҳолда ЙПХ ходимининг ҳам жазога тортилишини талаб қилаётганини қувватлаб, ҳатто, ёрдам таклиф қилмоқда.

Ҳайдовчининг Озодликка айтишича, ЙПХнинг Юнусобод тумани бўйича 1-дивизони раҳбарияти ҳозирча ўзи билан қонун доирасида муомала қилган ва унинг аризасини қабул қилиб, қонуний чора кўрилишини билдирган.

Шунингдек, аризачи тегишли тартибда ИИВ "Ишонч телефони" ҳамда Ўзбекистон Ҳукумат портали орқали ҳам мурожаатини йўллагани ва қонуний натижани кутаётганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG