Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:20

Ҳоким фермерларни автобусга қамаб дўппослади


Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими Баҳромжон Жуманов фермерларни автобусга чиқариб, уларнинг далаларини текшириш тадбирини ўтказди. Бу тадбир гувоҳларига кўра, ҳоким қайси фермернинг даласидан камчилик топса туман прокурори ва милиция бошлиғи билан биргаликда автобуснинг ичида фермерларни дўппослаб, ҳақорат қилган.

Қўштепа тумани ҳокими Баҳромжон Жуманов яхши ишламаган фермерларни ўзига хос жазолаш тадбирини ўтказди.

Озодлик манбаларига кўра, ўн кун бурун ҳоким туманнинг турли ҳудудларидаги фермерларни бир автобусга йиғиб, уларни далама-дала олиб юрган.

Воқеа гувоҳларидан бири бўлган фермернинг айтишича, пахта даласини ўт босган фермерлар калтакланган ва ҳақорат қилинган:

“Фермерларни автобусда айлантириб, ҳамма ерларини кўриб чиқишди. Бир кун бу ҳудуд, бир кун бошқа ҳудуд фермерлари автобусларга қамалди. Автобусда ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи - учови ҳам бўлди. Агар кимнинг ерида “ЧП” бўлса, ҳалиги учовлон бири қўйиб, бири олиб фермерни сўкиб, тепкилаб автобусдан ирғитиб юборишди”, дейди исми сир қолишини сўраган фермер.

Унинг айтишича, фермер ҳақорат ва тепки билан жазодан қутулиб қолмайди:

“Калтак еган фермернинг муаммоси бу билан тугамайди. Автобуснинг ортидан милиция конвойи Дамасда юради. Улар автобусдан ирғитилган фермерни олиб, Дамасга тиқади. Яссавий ҳудудидан Алижон ака деган фермерни шундай қилишганини ўз кўзим билан кўрдим. Уни отделга олиб бориб қамаб қўйишди. Илгари куни мазаси қочиб духтур чақиришибди. Думбасидан укол олганидан сўнг, чиқариб юборишди. Биз бир оғиз ҳам гап қайтара олмадик. Чунки гап қайтарилса жазо бундан ҳам кучли бўлади. Гапнинг очиғи қўй бўлиб қолдик, қўрқамиз”, деди фермер.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган бошқа фермернинг айтишича, ҳокимнинг фермерларни таҳқирлаши оддий ҳол бўлиб қолган:

“Ҳоким Баҳром Жуманов фермерларга ўз босимини кучайтириб, уларни дўппослаб, тепкилаб, камига онасидан сўкмоқда. У фиръавн мисоли “ҳамманг менга бўйсунишга мажбурсан, сенларнинг тақдирингни мен ҳал қиламан”, деб таҳдид қилади. Суд қарорисиз фермерларни милиция бўлими изоляторига қамаб қўяди. Мен ҳам “Пахтакор МТП”дан Асқарали деган фермерни, “Яссавий”дан Муродил деган фермерни ҳоким уриб, ҳақорат қилганини гувоҳи бўлдим”, деди фермер.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш учун Қўштепа тумани ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини ҳоким ёрдамчиси Солижон деб таништирган мулозим “автобус” тадбири ўтказилганини тасдиқлади.

Мулозим бошқа саволларга фақат ҳокимнинг ўзи жавоб бера олишини айтиб, Озодлик телефон рақамларини ёзиб олди. Бироқ кун давомида Қўштепа ҳокимлигидан қўнғироқ бўлмади.

Озодлик 8 июнь куни Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими Нўъмонжон Назировнинг фермерни онасидан сўккани учун, кечирим сўрагани ҳақида хабар берган эди.

Шундан сўнг қўштепалик фермерлардан ҳокимнинг уронғич ва сўконғичлиги ҳақида шикоят келди.

Умуман, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши кўп кузатилмоқда.

Президент Ислом Каримов 2013 йилдаги халқ депутатлари Тошкент вилояти сессиясида сўзлаган нутқида бу ҳақда шундай деган эди:

“Бу ҳоким қўл остидагиларга юқоридан қараш, менсимаслик, қўпол муносабатда бўлишни ўзига маъқул топди. Халқ ҳамма нарсани билади. Кимнидир мажлисда ҳаммани олдида беобрў қилиш, кучини ишлатиш, кимнидир обориб бир кечага қамаб қўйиш. Э, бу қайси қонунда ёзилган? Қаерда буни эшитиш мумкин? Нимани ўйлаган бу одам? Хом хаёл билан юриш, бу очилмайди деб, шу фикрда юриш, мен ўйлайман, бу калтабинлик. Мушт кўтарадиган раҳбарлардан бутунлай воз кечамиз энди”, деган эди Ислом Каримов.

Бироқ, Президент Ислом Каримовнинг сессияларда қилган чиқишларида муштумзўр, сўконғич ва қўпол ҳокимларга тоқатсиз эканлигини бот-бот айтиб турса ҳам, фермерларни камситиш, уларни ҳокимлар томонидан сўкиб дўппослаш ҳолатлари системали тус олмоқда.

XS
SM
MD
LG