Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 166-ўринда


Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг "Жаҳон матбуот эркинлиги индекси"да Ўзбекистон 180та мамлакат ичида 166-ўринни эгаллади. Ташкилотнинг матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистонга берган баҳоси ўтган йилгидан деярли фарқ қилмайди. Рейтингда Ўзбекистон постсовет ўлкалари ичида фақат Туркманистондан (178-ўрин) юқорироқ поғонада турибди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг "Cўз эркинлиги индекси-2016" ҳисоботига илова қилинган харитада Ўзбекистон қора рангда, матбуот аҳволи ўта абгор бўлган 20 давлат қаторида кўрсатилган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ўта ташвишли бўлиб қолаётганини айтади.

- Ўзбекистонни энг сўнгги мустақил журналист тарк этди, Ўзбекистондаги воқеаларни ёритиб келган энг етакчи мустақил нашр фаолиятини тўхтатишга мажбурланди. Ҳукумат Интернетни назорат этишни янада такомиллашган усулларини қўлламоқда, камида 10 журналист қамоқда қолмоқда, - дейди Йоҳан Биҳр.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, Марказий Осиёда матбуот энг эркин бўлган давлат Қирғизистондир.

Ўз ҳисоботида ташкилот матбуот эркинлиги даражаси бўйича Қирғизистонни 85-ўринга, Тожикистонни 150-ўринга, Қозоғистонни эса 160-ўринга қўйган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, Марказий Осиёда ва бошқа собиқ СССР таркибига кирган давлатларида вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Ҳисоботда Россия 148-ўринни эгаллаган. Ўзгаришлар даврини бошдан кечираётган Украина эса бу йил матбуот эркаинлиги бўйича рейтингда ўтган йилдагига қараганда 20 поғона юқорилади ва 107-ўринни эгаллади.

Постсовет ўлкалардан энг юқори ўринларни эгаллаганлари Грузия (64-ўрин), Арманистон (74-ўрин), Молдова (76-ўрин) ва Қирғизистон (85-ўрин) бўлди.

“Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, бу мамлакатларда плюрализм ва матбуот эркинлиги даражаси нисбатан юқоридир.

“Чегара билмас мухбирлар”га кўра, Сўз эркинлиги индекси жаҳондаги 180 мамлакатдан бўлган журналистлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамият фаоллари эга бўлган эркинлик даражаси ҳамда сўз эркинлигига риоя қилиниши бўйича расмийлар томонидан кўрилаётган чораларни акс эттиради.

Ташкилотга кўра, дунёдаги матбуот энг эркин бўлган давлат Финляндия, матбуот энг кўп бўғилувчидавлат эса Эритреядир.

XS
SM
MD
LG