Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:25

Қамчиқ довонида рўй берган кўчкида 5 киши ҳалок бўлди. Йўл очилди


Қамчиқ довонида чоршанба куни содир бўлган кўчки оқибатида5 киши нобуд бўлди, 6 киши қутқариб қолинди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Озодликка маълум қилишича, кўчки босиб қолган йўл тозаланиб, автоқатнов тикланган. Расмийларга кўра, Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманига доир қисмида 4 май куни соат 14.00 атрофида 13 минг 300 куб метр ҳажмда тушган кўчки остида иккита автомашина қолиб кетган.

Қамчиқ довонида рўй берган кўчкидан кейин ёпиб қўйилган автомагистраль пайшанба куни очилди. Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғловчи довонда 4 май куни рўй берган кўчки оқибатида, расмий маълумотларга кўра 5 киши ҳалок бўлган, 6 киши қутқариб қолинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирликка кўра, 4 май куни соат 14 лар атрофида Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманига доир қисмида 13 минг 300 куб метр ҳажмда кўчки тушган. Кўчки остида иккита автомашина қолиб кетган.

Шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган вазирлик расмийсига кўра, ҳалок бўлганларнинг 4 нафари эркак, 1 нафар аёлдир.

"Беш киши ҳалок бўлди, ораларида бир аёл ҳам бор. Уларнинг энг ёши каттаси 1976 йилда туғилган. Энг ёши 1996 йилда туғилган йигит. Жароҳатланганларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. Олти кишидан бештасига амбулатор муолажа тайинланди ва жавоб берилди. Бир нафари ҳозирда Намангандаги касалхонада қолмоқда. Билишимча бу фуқаро 1982 йилда туғилган, Андижоннинг Избоскан туманидан", дея билдирди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозими.

Вазирлик аввалроқ тарқатган расмий хабарномада “ўз вақтида бажарилган тадбирлар натижасида 6 киши қутқариб қолинган. Жабрланганлар ва қурбон бўлганларнинг оилаларига барча зарурий ёрдам кўрсатилди”, дея билдирилган эди.

Йирик кўчки оқибатида Қамчиқ довонидан ўтадиган автомагистраль пайшанба кунигача ёпилиб қолди. Воқеа содир бўлган жойдан Озодлик мобил мухбирининг хабар беришича, икки томондан юзлаб автоулов довон йўлининг тозаланишини кутиб турган. Кўплари ортга қайтиб кетган.

"Одамлар йўл очилишини йўл четидаги чойхоналарда кутишмоқда" - дейди мана бу чойхона фотони юборган йўловчилардан бири.

Қамчиқ довони йўлидаги чойхоналардан бири
Қамчиқ довони йўлидаги чойхоналардан бири

Озодлик билан боғланган йўловчилардан бири воқеа жойида хавфсизлик хизмати вакилларининг кўплигини тасдиқлади. Тасдиқланмаган маълумотга кўра, йўлнинг 200 метрини тош босган.

Қамчиқ довони орқали Ўзбекистон аҳолисининг 1/3 қисми истиқомат қиладиган Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган қимси билан боғловчи A-373 ягона автомагистраль ўтади. Стратегик аҳамиятга эга ушбу довон орқали кунига 10-15 минг автоулов ўтади.

Фавқулотда вазиятлар вазирлиги хабарномаси
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги хабарномаси

XS
SM
MD
LG