Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:42

ГКЧП ва Ўзбекистон мустақиллиги


Eлцин Москвада ГКЧПга қарши исён бошлаган бир паллада Ўзбекистон раҳбарияти жимлик сақлаётган эди.
Eлцин Москвада ГКЧПга қарши исён бошлаган бир паллада Ўзбекистон раҳбарияти жимлик сақлаётган эди.

1991 йил 19-21 август кунлари содир бўлган ва тарихга “ГКЧП” деб кирган тадбирдан 11 кун ўтиб ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон бугун чиндан ҳам тўла мустақилми?

19 август путчи Ўзбекистон мустақиллигини тезлаштирган омил сифатида кўрилади.

Қурултойнинг бугунги бугунги эшиттиришида Ўзбекистондан мустақил журналист Носир Зокир¸ Швейцариядан халқаро пен клуб аъзоси, ëзувчи Сафар Бекжон¸ Канададан журналист Исмат Хушев ва Германиядан журналист Анвар Усмон иштирок этади.

Шунингдек¸ дастур давомида тарих фанлари доктори¸ профессор Раҳмон Фармонов ва ўша пайтдаги энг муҳим сиëсатчилардан бири Руслан Хасбулатов фикрларига ҳам қулоқ берамиз.

Эслатиб ўтамиз¸ 1991 йил 19 август куни СССР президенти Михаил Горбачев Севастополнинг Балаклав туманидаги Заря дала ҳовлисида уй қамоғига олинди ва унинг ҳамкасблари уни касал деб эълон қилиб¸ ҳукуматни қўлга олганликларини билдиришди.

19 август куни Ўзбекистон Компартияси котиби Ислом Каримов Ҳиндистонга учаëтган бўлган ва Ҳиндистондан туриб хунта раҳбари Янаевга табрик телеграммаси юборган. Бу телеграммани кўрганлардан бири журналист Анвар Усмоновдир.

Анвар Усмонов: Ҳақиқатан ГКЧПни биринчилардан бўлиб ҳозирги ўртоқ президент¸ ўша пайтдаги Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби Ислом Каримов қўллаб турди. Унинг Ҳиндистондан Янаевга табрик жўнатганини мен ўзим биламан ва кўрганман. Табрикда “Мен қувватлайман”, деб ëзди. Мана шу аниқ гап.

Озодлик: Ўша пайтда ГКЧПга қарши курашган совет сиëсатчиларидан бири Руслан Хасбулатовдир. Биз у билан боғланиб¸ Ислом Каримовнинг ГКЧП тарафдори бўлган бўлмагани билан қизиқдик. Сиз 19 август куни Каримов билан гаплашганмидингиз?

Руслан Хасбулатов: Мен Каримов билан ГКЧП мағлубиятга учраганидан кейин гаплашдим. ГКЧП пайтида менинг у билан гаплашишга вақтим йўқ эди. Чунки мен путчни тор-мор қилишим керак эди. Аммо шуни айтаманки¸ иттифоқдош республика раҳбарларининг ҳаммаси¸ ҳатто Болтиқбўйидагилар ҳам қўрқиб қолган эди. Улар “Мана ҳозир янги Сталинча тартиб бошланади. Ҳаммаси бошқача бўлади” деб кутишди. Думларини қисиб¸ нима бўлишини кутиб ўтиришди.

Озодлик: Эсингиздами¸ матбуот анжумани пайтида Янаев “Ўзбекистон ҳудудида фавқулодда ҳолат ўрнатишнинг кераги йўқ. Шундоқ ҳам у ер осойишта”, деган эди.

Руслан Хасбулатов: Бу ҳолат мен учун ҳеч қандай таажжубланарли эмас. Аммо шуни айтаманки¸ ГКЧПчилар ҳаммани қўрқитишди¸ тазйиқ қилишди.

Озодлик: Руслан Хасбулатовнинг айтишича¸ ўша вақтда Каримов балиқ каби тилсиз бўлган. Каримов Ҳиндистонда бўлган пайтда Ўзбекистонда ҳукумат Шукрулло Мирсаидовнинг назоратида эди. У Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ва бошқа жойларда ГКЧП қарорларини жорий қилиш билан банд бўлган. Ўша пайтдаги мажлисда ҳозирда Канадада истиқомат қилаëтган Исмат Хушев ҳам иштирок этган. Исмат ака¸ ўша мажлис ҳақида гапириб берсангиз. ГКЧП қарорлари мажлисда қўллаб-қувватланганмиди?

Исмат Хушев: Ислом Каримов Ҳиндистондан учиб келган куниëқ Олий Совет президиуми ва Министрлар Советининг президиуми билан мажлис бўлди. Мажлис жуда сукунатли ҳолатда бўлди. Ҳаммамиз кирдик¸ ўтирдик. Ислом Каримов кириб келди. Мажлис худди мамлакатда қандайдир бир фавқулодда ҳолат бўлгандай бир сукунатда¸ нохуш бир кайфиятда бошланди. Мен аниқ эслайман¸ мажлисда Карим Баҳриев билан ëнма ëн ўтирганман. Карим Баҳриев ўшанда “Время” дастурининг Ўзбекистон бўйича мухбири Мухтор Ғаниев билан бирга кириб келган эди. Биз ўтирдик. Мажлис бошланди.

Бу мажлисда сўзга чиққанлар биринчи навбатда Ислом Каримовга лаганбардорлик қилишди. Масалан¸ ëзувчимиз Пиримқул Қодиров “Ислом ака¸ сиз билан Ҳиндистонда бўлганимизда¸ у ерда 20 йилдан буëн ëмғир ëғмаган экан. Сизнинг шарофатингиз билан ëмғир ëғди” деб бачканалик билан мажлисни бошлаганида¸ Ислом ака “Пиримқул ака¸ бу гапларни қўйинг. Жиддийроқ гаплашайлик” дедилар.
Шунда Қишлоқ хўжалик институтининг ректори Эркин Турдиевич Шайхов “Сизнинг раҳбарлигингизда шу кунларда жипс бўлишимиз керак, Ислом ака” деди. Андижоннинг Қаюм Холмирзаев деган қорақош ҳокими бор эди. У ўрнидан туриб “Кеча-кундуз навбатчилик ташкил қилдик. Тартиб ўрнатдик, Ислом ака” деди.

Шу пайт Ислом ака бу гапларга эътибор бермай¸ хаëл суриб ўтирди. У киши жуда ҳам бошқача бўлиб қолган эди. Кейинчалик жуда кўп гап-сўзлар бўлди¸ одамлар радиодан гапиришди. Мана орадан 20 йил ўтиб кетди. Одамлар “Ислом Каримов бу воқеани эшитиб¸ жуда хурсанд бўлди” дейишади. Мана Анвар ака “Ислом Каримов телеграмма жўнатди. Мен кўрдим” деди.

Озодлик: Руслан Хасбулатов “Думини қисиб қолди. Қўрқиб қолди” деган гапни айтди.

Исмат Хушев: Балки. Масалан¸ мен ўша пайтда Ўзбекистон раҳбарларига яқин бўлган лавозимда ва даврада эдим. Мен билмадим. Мен ўша телеграммани эшитмаганман¸ кўрмаганман. Билмадим¸ балки бергандир¸ буни Анвар ака кўргандир. Шукур Раҳматовичнинг кайфияти яхши эканини биз залда ўтирганлар сезганмиз. Йиғилишда Ислом ака жуда паришонхотир бўлиб ўтирдилар. Мана мен шунча одамларнинг гапини айтиб бердим.

Озодлик: Сиз Карим аканинг гапини айтиб берсангиз. Карим Баҳриевнинг саволини айтиб берсангиз. Карим Баҳриев ноўрин савол бергандай бўлди ва бу нарса Каримовга ëқмагандай бўлди.

Исмат Хушев: Ислом ака ҳаммага бир назар ташлаб¸ менга кўзи тушиб қолди ва менинг ëнимда ўтирган Каримга “Қани Каримжон¸ бу ëққа чиқинг” дедилар. Каримжон “Қанақа бўларкин” деб ўтирганида¸ Ислом ака “Сенга айтаяпман. Чиқ бу ëққа”, дедилар сенсираб Каримга.

Карим чиқиб “Биз ўз йўлимиздан кетаверишимиз керак шекилли, Ислом ака. Москвада нималиги ҳали аниқ бўлгани йўқ. Ҳамма нарса тўполон. Аниқ бир гап йўқ. Улар қаттиқ тартиб ўрнатмоқчи. Бизда эса сиз аллақачон қаттиқ тартиб ўрнатгансиз”, деб сал киноя қилди.

У балки ўша пайтда тузумнинг авторитарлигини назарда тутгандир. Бу ижодкорона истиорани биров тушунди¸ биров тушунмади. Шунда Ислом ака “Демак¸ биз тўғри қилаëтган эканмиз. Унда нега ҳадеб бизни ëмонлаб мақола ëзаверасиз”, дедилар. Хуллас¸ шундай гаплар бўлган эди.

Кейин Ислом ака “Майли ўтиринг” дедилар. Ислом ака йиғилишнинг охиригача “у қилинглар ëки бу қилинглар” деган гапни айтмади. Мажлис қандайдир бир ғалати ҳолатда тугади. Ислом ака бировларнинг фикрларини эшитардилар¸ лекин ўзлари бир нарса демасдилар.
Озодлик: Исмат ака¸ ўша мажлисда кимдир “Янаев бизни мақтадилар. Ўзбекистонда фавқулодда вазият ўрнатилиши шарт эмас экан. Шундоқ ҳам улар муте” деб иқтибос келтирган эди. Ким эди у?

Исмат Хушев: Мен бу гапни ҳеч эслай олмайман. Менинг хотирамда қолгани Эркин Шайхов¸ Қаюм Холмирзаев ва Пиримқул Қодировнинг гаплари.

Озодлик: Айни пайтда Ўзбекистоннинг етакчи газеталарида ГКЧП қарорлари босилди. Ўзбекистон телевидениеси бутун қарорларни таржима қилиб тарқатди. "Постда" газетаси эса ҳукумат қарашларини эълон қилди. Бу газеталар кейинчалик йиғиштириб олинди. Биз бу газеталарни ўша пайтда Тошҳовуздан олиб келганмиз. Ëзувчи Сафар Бекжон ўша пайтларда мухолифат сафларида фаол эди. Сафарбек¸ сизнинг Исмат ака айтган гапларга эътирозларингиз борми?

Сафар Бекжон: Менинг эътирозим шуки¸ Исмат Хушев 19 август эмас 20 августда бўлган мажлисни айтаяпти. Мажлис ўтказилаëтган пайтда ГКЧП амалга ошмаслиги¸ Москава кўчаларини Елцин тарафдорлари тўлдирганлиги¸ бир неча армия қўмондонларининг Елцин тарафига ўтганлиги тўғрисида баëнот берганлиги маълум бўлган эди. Каримов буни кўрди. Бу мажлисни телевидение ҳам кўрсатди. Халқнинг ўртасида на у тарафли¸ на бу тарафли бўлиб¸ мажлисни шу билан тамом қилиб кетди.

Лекин аслида воқеа 19 августда бўлди. Биз ўша куни ëзувчилар уюшмасининг ташқарисида йиғилдик. Қўрқмаслигимизни кўрсатдик. Чунки атрофимиз КГБ томонидан ўраб олинган эди. Мен бир неча соат туриб чарчадим. Ўтирган пайтимда Муҳаммад Солиҳ келиб менга “Сен ўтирма. Тикка тургин. Қаршида турган КГБ “булар чўкди¸ ўтириб қолди” деб айтмасин. Бўлмаса¸ ичкарига кириб ўтир” деди. Ташқарида ерга ўтирма¸ деган. Жуда қаттиқ танбеҳ берган.

Ўша куни кечқурун биз баëнот чиқардик. Бу баëнотнинг 20 август кунги газеталар сонида берилиши учун кўп редакторларни шахсан таниганим учун уларнинг ëнига кирдим. Улар “Биз бу нарсани ҳозир бера олмаймиз. Ҳукумат Анишчевнинг қўлида. Иккинчи секретар бошқараяпти. Ўзбекистонни КГБ нинг бошлиғи бошқараяпти. Каримов келса¸ уни нима қилишни ўзимиз биламиз дейишаяпти. Чунки у Ҳиндистонга кетган. Бизни биттама битта чақириб олиб¸ шунақа гаплашишди” дейишди. Ўша ердан чиқаëтганимда бирдан мени ушлаб олиб кетишди.

20 август куни ГКЧПнинг ғалаба қозона олмаслиги аниқ бўлиб қолди. Каримов эса 19 август куни телеграммани бериб бўлган. Ўша пайтда Ўзбекистон телевидениесининг бор-йўғи иккита канали бор эди. Булар марказий канал ва Тошкент шаҳри учун бериладиган канал эди.

Иккита каналда ҳам тинмасдан бу телеграмма ўқиб эшиттирилди¸ ГКЧП қарорлари ўқиб эшиттирилди¸ маҳаллаларда мажлислар ўтказилди¸ жумладан, менинг маҳалламда ҳам. Ўша куни кечасиëқ рўйхатлар тузилиб бўлган. Ислом Каримов ҳаммасини телефонда бошқариб турган. Ҳозир ҳам тирик бўлган ва балки ўзининг хотираларини ëзаëтган бўлиши мумкин бўлган Шукрулло Мирсаидов билан кейинчалик гаплашганимизда “Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмас эди” деди.

Озодлик: Менимча¸ ўша пайтда вазиятни Шукрулло Мирсаидов бошқараëтган эди. Анвар ака¸ сиз нима дейсиз?

Анвар Усмонов: Ҳақиқатан Мирсаидов сал ўзини четга олган. Унақа очиқча қўллаб-қувватлов қилмаган. 19 августда 300 та мухолифатчи қўлга олинди. Шу қаторда мен ҳам. Мен 10 сутка тергов изоляторида ўтирдим.

Озодлик: Қандай айб билан?

Анвар Усмонов: Айбим "антиполитическая деятелност". 19 август куни мени ҳеч қанақа ордерсиз ва повесткасиз зампрокурорга олиб келишди. Зампрокурор биласизми нима деган: “Ана энди бўлди. Сизнинг вақтингиз ўтди. Энди жаноб Усмонов сиз Калимага бориб¸ камида 10 йил ўтирасиз” деди. Кейин мени камерага туширди. Мен ўша ерда 10 кун ўтирдим. ГКЧП мағлубиятга учраган бўлса ҳам мени 10 кун қамаб қўйишди.

Озодлик: Ўша пайтда Фарғона водийси анча сиëсий фаол эди. Носир ака¸ ўша пайтда қандай бўлган эди? Менинг билган нарсам¸ жуда кўп маҳаллаларга бир кун олдин милиционерлар бориб “Эртага қанақадир бир нарсалар бўлмоқчи экан. Тартибни қаттиқ ушлашимиз керак” деб қанақадир рўйхатлар кўтариб юрган.

Носир Зокир: Ҳозир дўстларимнинг гапларини эшитиб¸ мен битта нарсага келдимки¸ “Мана давринг тугади” деган гап одамларга Наманганда ҳам айтилган.

20 август куни менинг туғилган куним эди. Ўша куни 39 ëшга киришим керак эди. Кечаси билан хотин бола-чақалар билан ухламай чиққанмиз.

Раҳматли Рашид Абдулла деган рассом акамиз бор эди. 20 август куни эрталаб шу киши менинг уйимга кириб келиб “Носиржон. Кеча мен Чортоқ районнинг райкомига кирсам¸ “Сенларнинг даврларинг тугади. Носир Зокиринг ҳам¸ сенларнинг лидерларинг ҳам¸ Абдулло Жабборинг ҳам¸ Хайрулла Қосиминг ҳам ҳамманг тугайсан энди. Мана ҳадеб компартияни ëмонлайвердинг. Мана бўларкан-ку. Горбачëвинг ҳам тугади энди. Ҳокимият бизга ўтди. Эртага сенлар қамаласан” деб айтди”, деди.

Кейин биз Рустам Мамадалиев деган дўстимиз билан бирга обкомга бордик. Обкомга борганимизда¸ вилоят совети раисининг ўринбосари Рустам Сидиқов¸ ҳозир у киши Тошкентдаги юридик институтда дарс бераяптилар¸ “Носиржон¸ ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ўртоқ Янаев ҳам¸ ҳарбий вазир Язев ҳам яхши билади. Сизларга энди нима бўлишини кечқурун кўрамиз. Бугун телевизор кўринглар¸ йиғилиш бўлади” деди.

Ҳали укамиз бир гапни айтмай ўтиб кетдилар. Йиғилишда республика матбуот қўмитасининг раҳбари Рустам Шоғуломов чиқиб “Мана¸ бутун Москвада компартия тугаб кетган пайтда Ислом акам бизда партияни ушлаб турдилар. Мана айтганлари бўлди-ку. Мана бизнинг партиямиз энди бош кўтаради” деганида¸ ҳақиқатан ҳам президент ерга қараб¸ уларнинг мулоҳазасини эшитиб ўтирган эди. Кейин Карим Баҳриев гапларини айтиб¸ “Нималар бўлаяпти ўзи? Биз тушунмаяпмиз” дегандан кейин Ислом ака “Сизга нима бўлишини уч кундан кейин жавоб бераман” дедилар. Мана шунақа ишлар бу ерда ҳам бўлган.

22 август Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиевнинг тўй куни эди. 22 август куни кундузи Москвада митинг бўлди. Мен тўйга борганимда¸ ўша ерда неча минг одам бўлса¸ ҳаммаси туриб мени табриклади. Лекин менинг ичимда қандайдир бир ғашлик бор эди. Чунки тўрт ой олдин референдум ўтказиб¸ бутун халқни СССРни қўллаб-қувватлашга журъат қилган ҳукумат¸ бундан бу ëғига нима қилар экан деган фикр хаëлимда турган эди.

Биз яна битта нарсани унутмайлик. Биз путч ҳақида¸ мустақиллик ҳақида гапираяпмизку¸ 1991 йил 1 сентябрда СССР мавжуд эди. 1991 йил 8 декабрда "Беловежской пушада" учта республика раҳбарлари йиғилганидан кейин СССР тарқади.

Биз мустақилликни СССРнинг ичида туриб эълон қилдик. Бу ерда мантиқ деган нарса бор. Мана ҳаммамиз зиëли одамлармиз. Мустақиллик учун курашган демократик кучларга путч мағлубиятга учрагандан кейин “Сизларнинг айтган гапларингиз тўғри экан. Келинглар¸ бирга ишлайлик. Мана орзуларинг амалга ошди. Мустақил бўлдик”, дейилмади ва СССР даврида бизга ўхшаган одамлар қандай қора рўйхатга кирган бўлсак¸ мустақилликка 18 йил бўлаяпти ҳалигача қора рўйхатдамиз. Мени шу нарса ажаблантиради.

Озодлик: Энди Руслан Хасбулатовга мурожаат қилсак. Орадан 18 йил ўтган бўлса ҳам “демократлар бемалол ғалаба қилди” деган гап айтилади-да. 18 йил олдин вазият қанчалик даражада хавфли эди?

Руслан Хасбулатов: Вазият ўта жиддий эди. Вазият фавқулодда жиддий эди. Таҳдидни ҳозир хаспўшлай олмаймиз. Бизга ўқ отишлари таҳдиди аниқ эди. Агар ҳукумат қўшинларга буйруқ берса¸ улар албатта милтиқ тепкисини босишарди. Улар бизни икки ҳисобда тор-мор қилишган бўларди. Мен ўша куни кечқурун генерал Лебед билан учрашиб қолган эдим. У менга “Биз сизни беш дақиқада тор-мор қилишимиз мумкин” деб айтди.

Озодлик: Эслатиб ўтамиз¸ ўша пайтда Руслан Хасбулатов Оқ уйда Борис Елцин¸ Анатолий Собчаклар билан бирга демократия ғояларини ҳимоя қилган эди. Мавзу юзасидан расмий фикр ўлароқ Ўзбекистондаги Ташқи иқтисодий алоқалар ва дипломатия университетининг профессори¸ тарих фанлари доктори Раҳмон Фармоновга эшиттиришимиздан сал олдинроқ қўнғироқ қилиб¸ у кишининг фикрларини сўрадик.

Раҳмон Фармонов: ГКЧП маълум маънода мустақилликка эришиш ва собиқ Совет иттифоқининг тарқаб кетишини бироз тезлаштирди¸ жадаллаштирди. Лекин биз Болтиқбўйи давлатлари ривожига қарайдиган бўлсак¸ улар 1989 йилдан бошлаб ўз мустақилликларини эълон қилдилар. СССРни сақлаб қолишга бўлган уринишлар собиқ Совет иттифоқи раҳбарларининг бир нечта йиғилишларида муҳокама қилинди¸ лекин барибир сақлаб қолишнинг имконияти бўлмади.

Ўзбекистонни олиб қарайдиган бўлсак¸ Ўзбекистонда 1990 йил 20 июнда мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Буни ҳам мустақиллик йўлида олиб борилган катта тарихий ҳужжатлардан бири десак бўлади. Бу тарихий ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудидаги барча мол-мулк¸ Ўзбекистон ер ости ва ер усти бойликларининг ҳаммаси халқники деб эълон қилинган эди. ГКЧП бўлган пайтда Горбачëв дам олаëтган эди. Бу СССРни сақлаб қолиш учун охирги уриниш бўлди. Бу ҳеч қанақа натижа бермади. Аксинча СССРнинг тарқаб кетишини тезлаштирди.

Озодлик: Анвар ака¸ сиз нима дейсиз? ГКЧП боис Ўзбекистон мустақиллиги тезлашди. Агар ГКЧП бўлмаганида¸ Ўзбекистон мустақил бўлмасмиди?

Анвар Усмонов: ГКЧП Ўзбекистон мустақиллигини тезлаштирди. Агар ГКЧП бўлмаса¸ Ўзбекистон СССР таркибида яна бир-икки йил қоларди. Ўзбеккистон ҳалигача ҳақиқатан мустақил эмас. Каримов бир Москва билан бирга¸ бир Америка билан бирга. Каримов Москвага яхши ҳамкор бўлмади. Каримов ҳозиргача ишни Москвага қараб олиб боради. Шунинг учун ҳозир ҳақиқий мустақиллик йўқ.

Озодлик: Исмат ака¸ сиз нима дейсиз? Ўзбекистонда ҳақиқий мустақиллик борми?

Исмат Хушев: Агар ГКЧП ғалаба қозонса¸ Ислом акага қийин бўларди. Чунки Ўзбекистон ГКЧП дан бир йилу икки ой олдин мустақиллик декларациясини қабул қилган¸ Ўзбекистонда президентлик жорий этилган¸ СССРда кўп ҳокимиятлилик юзага келтирилган¸ СССРни парчалайдиган қадамлар қўйилган эди.

Агар ГКЧП ғалаба қозонса¸ мен айтиб ўтган воқеалар боис улар Ислом аканинг бошини силамас эди. Бу Шукрулло Мирсаидовга фойдали бўлиши мумкин эди. Чунки у кишининг Павлов билан алоқаси яхши эди. Ўша кунларда Мирсаидов Ўзбекистонда ГКЧПнинг расман вакили этиб тайинланган эди.

ГКЧПдан олдин Павлов яширин суратда Тошкентга келиб кетган эди. Мен Дўрмонда бўлган зиëфатда қатнашганман. Ҳаммасини вақти келиб тарих ошкор қилади. Биз журналистларнинг вазифаси ана шу воқеаларни гапирганда¸ ўзимизнинг эҳтиросларимизга эмас¸ бўлган фактлар ва гапларни эътироф этишимиз керак. Тарих ҳали ҳамма нарсага ўзининг баҳосини беради.

Озодлик: Ўша пайтдаги ГКЧП қарорларига назар ташласак. ГКЧП қарорлари Совет иттифоқи ҳудудидаги бир нечта газеталар фаолиятини тўхтатишни талаб қилар эди. Бунинг ичида Ўзбекистондаги бирор газета таъқиқлангани йўқ. Бундан ташқари¸ фавқулодда ҳолатлар эълон қилиниши керак бўлган ҳудудларга Ўзбекистон киритилмади.

Янаев “Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат ўрнатилиши лозим эмас. Ислом Каримов олиб бораëтган ҳолатнинг ўзи фавқулодда ҳолат” деб эътироф этди. Яна бутун СССР бўйлаб митинглар¸ кўча юришлари таъқиқланиши керак эди. Бунгача эса Каримов кўча юришларини¸ митингларни таъқиқлаш бўйича қарор қабул қилган эди. Носир ака¸ сиз эслайсизми буни?

Носир Зокир: Ислом Каримовнинг эмас Ўзбекистон Олий кенгашининг фармони билан бу қарор чиққан эди. 1991 йилда президентлик сайлови бўлаëтганда¸ президент Наманганга келган эди. Ўшанда мен бу ҳақда Каримовга савол берганман. “Матбуот эркин бўлмаганда¸ инсонларнинг фикрини айтиши учун митинглар катта рол ўйнайди. Мана шу митингларга рухсат берилмаган қарор чиқарилди. Сиз мана шу қарорларни йўқ қилинг. Митинг ва намойишлар тартиб-интизом билан бўлсин” деган маънода у кишига мен савол қўйганман.

Озодлик: Россиядаги баъзи журналистлар ГКЧП ғояларини Путин қандай амалга оширди демоқда. Ўзбекистонда ГКЧП ғоялари тарғиб қилинган ва бекор қилинмагандай таассурот қолади. Митинглар таъқиқланган¸ матбуот устидан назорат мавжуд. Бир тумандан иккинчи туманга ўтишда ҳам блок-постлар бор. Сафарбек¸ нима дейсиз?

Сафар Бекжон: Ислом Каримов СССРни сақлаб қолиш учун бор кучини ишга солган. Мустақил бўлайлик¸ деганларни эса бостириб ташлаган. Буни политбюрога ўзининг хизмати сифатида кўрсатиб қўйган. ГКЧП нимани мақсад қилган бўлса¸ Каримов шуни амалга ошираяпти. Бу Россия империяси дейиладими¸ ГКЧП дейиладими фарқи йўқ. Шу нарса давом этаяпти. Қолган ҳамма нарса ўйин.

Носир Зокир: Мен ГКЧП бўлган пайтда қамалиб чиқишдан қўрқиб “Бу ëғи энди нима бўлади?” деб обкомга борган эдим. Қўрқиб эмас¸ мен ҳозир нотўғри гапириб юбордим. Энди ўзимни ҳам герой қилиб кўрсатмоқчи эмасман.

Мен Сафар Бекжоннинг Россия тўғрисидаги гапларига 150 фоиз қўшиламан. Биз ҳозир Америка билан яқин бўлаяпмиз. Бу яхши. МДҲ даги давлатлар ҳақиқатан мустақил бўладиган бўлса¸ Грузиянинг президенти тутган йўлни тутсин. Грузия МДҲ дан чиқиб кетди. Ҳозир собиқ иттифоқ ҳудудида тўртта давлат мустақил бўлди. Ҳозир шунинг орқасидан Украина бораяпти. Бу Марказий Осиë давлатларига ўрнак бўлади. Биз МДҲда турадиган бўлсак¸ ҳеч қачон тўла мустақил бўлмаймиз.
XS
SM
MD
LG