Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

Туркия, бўлинган миллат - дин (2-қисм)


Туркия жамиятини бўлувчи энг асосий нарса дин эмас, балки турклар ва курдлар ўртасидаги зиддиятдир. Ушбу икки гуруҳ ўртасидаги миллий низо 32 йилдан бери давом этиб келади. Шундай бўлса-да, Туркия жамиятининг икки йирик гуруҳи ўртасида бир диний диний фарқ бўлиб, бу тафовут зиддият келтириб чиқаради, миллий низони янада кескинлаштириб, мамлакат барқарорлигига таҳдид солади. Бу зиддиятни суннийлар ҳамда алавийлар ўртасидаги тафовут келтириб чиқаради.

Суннийлар билан алавийлар ўртасидаги зиддият XVII асрда Европа католиклари ҳамда протестантлари ўртасида бўлиб ўтган жангларга ўхшайди.

Сунний-алавий можароси 500 олдин бошланган. 1500 йилларнинг бошида Усмонийлар имперсиясидаги алавийлар мамлакатнинг шарқий қисмидаги қўшниси бўлмиш эронлик сафавийлар ёнини олган. Сафавийлар Исломнинг шиа йўналиши тарафдори бўлган ҳамда Эронда шиалик асосий мазҳабга айланишида муҳим роль ўйнаган.

Ўша даврда қудратли бўлган ушбу икки империя ўртасидаги урушлар давомида туркиялик алавийлар эронликларни дастаклаган, сафавийларнинг ҳукумат тепасига келишига ёрдам берган. Алавийлар Эронда мафкуравий ҳамда ҳарбий тайёргаликдан ўтган ва Усмонийлар империясига ижтимоий инқилиб бошлаш учун қайта юборилган. Усмонийлар лашкарлари ҳамда ҳудуддаги уруғлар алавийларни “шиа исломнинг бидъатчи вакиллари” деб билган ва уларни ўлдирган, бадарға қилган. Натижада минглаб алавий Эронга кўчиб ўтган. Эронлик курдларнинг айримласи эса Усмонийлар империясида бошпана топган.

Бу конфликт суннийлар-шиалар/алавийлар ўртасидаги илк ва энг катта тўқнашув бўлган. Унинг таъсири асрлар давомида ҳис қилиниб келади.

Тарихга назар

Алавийлар суфий ёки мистик шиа мусулмонлар бўлиб, турклардан фарқли ўлароқ, сунний мазҳабига мансуб эмаслар. Улар тўртинчи халиф бўлмиш Али ибн Абу Толибга эргашадилар. Тўрттала халифни тан олувчи суннийлардан фарқли ўлароқ, алавийлар Муҳаммад пайғамбар вафотидан кейин халифаликка ҳақли киши Али бўлган, қолган уч халиф – Абу Бакр, Умар ва Усмон эса бу ҳуқуқни ундан ва унинг авлодларидан зўрлик билан тортиб олган, деб ҳисоблайдилар. Шу сабабдан улар ўзларини алавийлар, ёки “Алига эргашувчилар” деб атайдилар. Алавийлар“ўн икки имомни эътироф қилувчилар” фирқасига киради, Али ва унинг 11 авлоди инсонларга ризқ бериб туради, деб ҳисоблайди.

Сурия алавийлари ғарб мамлакатларида “алавитлар” деб аталади. Ўзбек тилида суриялик алавийлар “нусайрийлар” деб аталади.

Дунёда мусулмонларнинг умумий сони тақрибан 1,6 миллиард кишидан иборат бўлиб, уларнинг 85 фоизи суннийлик, қолган 15 фоизи шиалик мазҳабига мансубдир. Энг кўп шиалар яшовчи мамлакат Эрондир.

Туркия аҳолисининг умумий сони 78 миллион бўлиб, уларнинг 15-20 миллиони алавийлардир.

Бошида алавийлар қишлоқ жойларда яшаган. Улар Марказий Осиёда келиб чиққан, кейинчалик ҳозирги Туркия, Эрон, Кавказ, Эрон ҳамда Сурия ҳудудларига кўчиб боришган. Алавийлар асосан уруғларга бўлинувчи туркий халқ бўлган ва шаҳар муҳитига кеч мослашган.

Усмонийлар империяси даврида сафавий Эрон билан бўлиб ўтган тўқнашувлар алавийларнинг янада қашшоқлашишига олиб келган.

Алавийлар ҳам, шиалар ҳам Исломнинг “ўн икки имомни эътироф қилувчилар” оқимига киради. Аммо уларнинг ўрасида катта фарқ бор.

Эрон ва Ироқдаги шиалардан фарқли ўлароқ, алавийлар намоз ўқимайди. Рамазон ойида рўзани ҳам бошқача тутишади. Улар намоз ўқиш учун масжидларга ёки Маккага ҳажга бормайдилар. Алавийларда спиртли ичимлик ичиш ман этилмаган, аёлларнинг ҳижоб кийиши шарт эмас.

Аксар олимлар алавийлар Исломни суфийлик билан қориштирганлар, деб ҳисоблайди. Алавийлар ўзларининг суфийлик анъаналарини Ўрта Осиёда Исломдан аввалги шомонлик эътиқотидан ҳамда Эрондаги тасаввуфдан олганлар.

Марказий Осиёда Ислом дини тарқай бошлаган илк юзйиликда маҳаллий туркий қабилалар Ислом динини қабул олишида араблар эмас, балки асосан эронлик шайх ва диндорлар йўл кўрсатиб турган.

Ислом динини қабул олиб, Эрон ва Туркияга отланган алавийлар янги диннинг асосий жиҳатларинигина сақлаб қолишган. Кузатувчиларнинг эътироф этишича, кундалик ҳаётда алавийлар шиалар ёки суннийларга солиштирганда анча “либерал”дир.

Кейинги йилларда аксар тарихчи ва изланувчилар Византия Анатолияси исломийлаштирилганидан ва туркийлаштирилганидан кейин минглаб юнон, арман, арамей ҳамда Эрон тилларида сўзлашувчилар она тилларини туркий тилга ўзгартиришга ва Ислом динини қабул олишга мажбур бўлганини таъкидлаб келади.

Бу олимлар яна Туркия янги динни қабул олганларнинг аксари алавийликни танлаганини, чуни унга мослашиш осон бўлганини таъкидлашади. Тарихчиларнинг айтишича, бу шахслар асрлар давомида “ҳақиқий турк ва мусулмон” ўлароқ яшаб келаётган бўлса-да, ўтмишда юнон, арман, арамей ва курд бўлганлар.

Бу зиддият фачондир Туркия жамиятини бўлиб юбориши мумкин. Яқин Шарқда кучайиб бораётган этник ҳамда диний тўқнашувларга ҳам қисман бўлса-да айнан суннийлар-шиалар/алавийлар ўртасидаги зиддият сабаб бўлмоқда.

Аббос Жаводий

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG