Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:38

Туркманистонда 3G Интернет узиб қўйилди


Туркманистонликлар бир неча кундан бери мобил Интернет алоқасидан узиб қўйилди. Озодлик туркман хизмати манбаларига кўра, 3G алоқаси ўтган шанба куни узиб қўйилган. Беш миллиондан ошиқ туркманистонликни жаҳон тармоғидан узиб қўйилиши сабаби расмийлар тарафидан ҳозиргача изоҳлангани йўқ.

Туркманистонда 3G Интернет алоқа хизматини тақдим этадиган икки оператор давлатга қарашли “Altyn Asyr” ва Россиянинг МТС ширкатлари вакиллари 3G алоқаси уч кундан бери ишламаётганини тасдиқлашди.

Лекин бунинг сабабини “мутасадди идоралар” тушунтириб бериши мумкин холос, дея билдиришди.

Айни пайтда Туркманистонда мобил алоқасини таъминлаш билан шуғулланувчи тузилма вакили Озодлик туркман хизмати билан хос суҳбатда, алоқа узилишига инфратузилмалардаги ноқисликлар сабаб бўлган бўлиши мумкин, дея билдирди.

"Туркманистонда алоқа кабеллари чўл орқали, қумлар остидан тортилган. Бу қумлар доими тарзда ҳаракатланади, шу сабабдан бундай муаммолар тез-тез рўй беради", дея билдирди мутахассис.

Туркманистондаги Озодлик мухбирларига кўра, 3G алоқасидаги муаммо бу кўламда илк бор кузатилмоқда.

Интернет узилиши авваллари ҳам кузатилган, лекин узилиш 5-6 соатдан ошмас эди. Интернетнинг уч кунга узиб қўйилиши илк бор кузатилмоқда”, дейди мухбирлар.

Туркманистон алоқа вазирлигининг шахси сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, узилишга профилактик ишлар сабаб бўлганини айтди.

Мобил Интернет шанба куни узиб қўйилганини тасдиқлаган мулозимга кўра, мамлакатда янги 4G Интернет алоқасини синаш тажрибаси амалга оширилаётгани узилишларга сабаб бўлган.

Бу мулозим душанба куни алоқа тикланганини ҳам иддао қилди.

Лекин Озодлик мухбирлари бу иддаони инкор қилишмоқда.

Уларга кўра, 3G алоқаси сешанба куни ҳам бўлмаган.

Мобил Интернет узиб қўйилиши ортидан Туркманистон шаҳар ва туманларидаги Интернет кафелар олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлмоқда.

Ҳозирда туркманистонликлар учун Интернетдан фойдаланишнинг бошқа қандай имкониятлари борлигини айтиш қийин, лекин Интернет қидириб юрган одамларнинг кўпайганини айтишим мумкин. Интернет кафелар олдида навбатлар пайдо бўлмоқда”, дейди Озодлик туркман хизмати мухбири Султон Очилова.

Туркманистонда 5,5 миллионга яқин Интернет муштарийси 3G алоқасидан фойдаланади.

XS
SM
MD
LG