Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:24

Умида Аҳмедовага Вацлав Ҳавел мукофоти топширилди


Умида Аҳмедовага Ослода Вацлав Ҳавел мукофотининг топширилиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:08 0:00

Умида Аҳмедовага Вацлав Ҳавел мукофотининг топширилиши, Осло, 2016 йил 25 майи.

Норвегия пойтахти Ослода ўтказилган Озодлик форуми доирасида 25 май куни Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланганлар орасида ўзбекистонлик фотожурналист Умида Аҳмедова ҳам бор.

Ижодий норозилик ифодаси учун мукофотланган Умида Аҳмедова 2010 йили суратлари ва ҳужжатли фильмларида "ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-банди ва 140-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган, кейинроқ амнистия акти билан жавобгарликдан озод қилинган эди.

Мукофотни топшириш маросимида сўзлаган Умида Аҳмедова 6 йил аввал ичида пайдо бўлган “тоталитаризм қаршисидаги қўрқув ҳисси” билан ҳар куни курашиб, ижодий фаолиятини давом эттираётганини билдирди:

Ўзбекистондан хорижга чиқиши доим ҳам муваффақиятли бўлавермаган Умида Аҳмедова бу гал Ослога келиб, мукофотни ўз қўллари билан олиш имконига эга бўлди.

2015 йилнинг февралида Россияга кетаётган Аҳмедова Тошкент аэропортидан ортга қайтарилган. Расмийлар буни Умида Аҳмедова Россияга кириши тақиқланган одамлар рўйхатида экани билан изоҳлаган.

2014 йилнинг 27 январь куни Аҳмедова, унинг ўғли ва яна бир неча нафар фаол Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида Евромайдонни қўллаб-қувватлаб акция ўтказгани учун Тошкент суди тарафидан катта миқдорда жаримага тортилган эди.

2014 йилда Тошкентда Умида Аҳмедованинг фотосуратларини “Бир макон” фотокўргазмасида намойиш этилиши тақиқланди.

Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотга жорий йилда Умида Аҳмедовадан ташқари Эрон қамоқхонасида виждон тутқуни бўлган Атена Фарҳадоний ва россиялик рассом Петр Павленский ҳам лойиқ топилган.

Атена Фарҳадоний Эрон парламенти депутатлари ҳайвон бошли одамлар сифатида тасвирланган карикатуралари учун 12 йилга қамалган эди.

Петр Павленский эса президент Владимир Путин режимига қарши норозилик сифатида ўтказган тасвирий намойишлари билан танилган, жумладан, у КГБнинг давомчиси бўлиб келаётган ФСБнинг рамзий эшикларига ўт қўйган.

Уччала лауреатга кеча мукофотни тамсил этувчи ҳайкалчалар ва 350 минг норвег крони миқдоридаги пул мукофоти топширилди.

“Диктатуралар ёлғонини жасорат билан фош қилувчи” кишиларга топшириладиган мазкур мукофот Human Rights Foundation (Инсон ҳуқуқлари бўйича жамғарма) томонидан таъсис этилган.

Ўтган йилларда Вацлав Ҳавел мукофоти хитойлик рассом Ай Вэйвэй, россиялик Pussy Riot гуруҳи, шимолий кореялик фаол Парк Санг Хак, саудия арабистонилик ҳуқуқ фаоли Манал ал Шариф ҳамда бирмалик мухолифатчи Аун Сан Су Чжига берилган эди.

Таниқли драматург, ёзувчи ва диссидент Вацлав Ҳавел Европа давлатларида коммунистик тузумнинг барҳам берилишига омил яратган 1989 йили Чехословакияда содир этилмиш баҳмал инқилоби лидерларидан бири эди. У 1989 йилдан 2003 йилгача, дастлаб Чехословакия, сўнгра Чехия Республикасининг президенти бўлган. 2003 йилдан 2011 йилгача Human Rights Foundation раиси лавозимида ишлаган.

Умида Аҳмедовага Вацлав Ҳавел мукофоти берилгани эълон қилинганидан кейин у Озодлик мухбирига интервью берганди. Уч ҳафта муқаддам ёзиб олинган суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Умида Аҳмедова: Қўрқоқлар "ҳар эҳтимолга қарши" кўргазмаларимни тақиқлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:12 0:00

XS
SM
MD
LG