[www.ozodlik.org]
[www.ozodlik.org]

 
2008 йил, 24 июл, пайшанба


[ news header ]

[ архив ]


Барак Обама Германияга сафар қилди
АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Барак Обама ўзининг хориж сафари доирасида Берлинда Германия канцлери Ангела Меркель ва ҳукумат расмийлари билан учрашди.

Шунингдек, у Берлин марказидаги хиёбонлардан бирида юз мингдан ортиқ германиялик олдида нутқ сўзлади.

Куни-кеча Яқин Шарқ бўйлаб қилган сафари якунида Барак Обама ноябрь ойида ўтказилажак сайловда ғалаба қозонгудек бўлса, Исроил ҳукумати билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишга ваъда берган эди.

Эрон масаласига тўхталган Б.Обама “ядровий қуролга эга бўлган Теҳрон катта таҳдид келтириши ва жаҳон ҳамжамияти бунинг олдини олиши даркор”лигини таъкидлади.

Караджич Гаага трибуналига топширилади
Сербия расмийлари Радован Караджич кейинги ҳафта бошида Гаагадаги халқаро трибуналга топширилиши мумкинлигини маълум қилди.

Бироқ Р.Караджичнинг адвокати Светозар Вуячич ўз мижозининг экстрадицияси жараёнини кечиктириш мақсадида Белграддаги суд қарори юзасидан шикоят аризасини жума куни топширишини билдирди.

“Шикоят аризамиз жума кунгача у ерга етиб бормайди. Боиси, мен шикоят аризасини жума куни соат 19:55 да почта орқали юбораман. Улар шикоят аризасини олмагунча ҳеч нарса қила олмайди. Аризамиз душанба куни ҳам етиб бормайди”,- деди Р.Караджичнинг адвокати.

Шунингдек, Р.Караджичнинг адвокат хизматидан воз кечгани маълум бўлди.

Инсониятга қарши жиноятларда айбланаётган Радован Карджич душанба куни Белградда ҳибсга олинган эди.

Айни пайтда Сербия ҳукумати Р.Караджичга қалбаки ҳужжат тайёрлаб берган ва унга кўмак берган шахслар қидирилаётганини маълум қилди.

Президентлар темир йўл қурилишини бошлаб берди
Туркия, Грузия ва Озарбойжон президентлари учта давлатни боғловчи темир йўл қурилишини бошлаб берди.

Умумий қиймати 600 миллион АҚШ доллари бўлган бу темир йўл Озарбойжон пойтахти Бокуни Грузия орқали Туркиянинг Карс шаҳри билан боғлайди.

Карс шаҳрида бўлиб ўтган тантанали маросимда мазкур темир йўлнинг Туркия ҳудуди орқали ўтувчи 76 кмлик қисмини қуришга старт берилди.

Турк авиацияси 13 жангарини ўлдирди
Туркия қўшинлари қўмондонлиги Ироқ шимолида амалга оширилган ҳаво зарбаси оқибатида Курдистон ишчилар партиясининг 13 жангариси ўлдирилганини маълум қилди.

Туркия томони Ироқ ҳудудида беркинаётган курд жангариларининг турк ҳарбийларга уюштираётган хуружлари тўхтатилмагунча уларга қарши кенг кўламли амалиётлар давом эттирилиши тўғрисида огоҳлантирди.

НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер Афғонистонга келди
Бу ерда у Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ва ҳукумат расмийлари билан учрашиб, мамлакатдаги вазиятни муҳокама этишни режалаштирган.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб рўй берган ҳужумларда полициянинг етти ходими нобуд бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, Пактика вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида тўрт полициячи нобуд бўлган. Шунингдек, Фароҳ вилоятида “Толибон” жангарилари полиция карвонига ҳужум қилиб, уч ходимни ўлдириб кетган.

Ғазна вилоятида эса ҳукумат қўшинлари халқаро кучлар ёрдамида маҳаллий туманлардан бирини босиб олган жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда. Маълум бўлишича, бу амалиёт чоғида ўндан зиёд жангари ўлдирилган. Зобул вилоятидаги тўқнашувларда эса 30дан зиёд жангари ўлдирилгани хабар қилинди.

КХДР минтақавий шартномага қўшилди
Шимолий Корея Жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик шартномасига қўшилди.

Мазкур шартнома Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Пак Уи Чун томонидан Сингапурдаги халқаро анжуман чоғида имзоланди. Айрим кузатувчилар бу ҳаракатни Шимолий Кореянинг халқаро майдонда ўз обрўини қайта тиклашга қилаётган уриниши, дея баҳоламоқда.

Куни-кеча Шимолий Корея ташқи ишлар вазири АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ҳамда расмий Пхеньян ядровий дастурига оид музокараларда иштирок этган етакчи беш давлат вакиллари билан учрашган эди.

Бойлар аксилтамаки кампаниясига қўшилди
Жаҳоннинг икки энг бой шахслари – Нью-Йорк ҳокими Майкл Блумберг ва “Майкрософт” компанияси асосчиси Билл Гейтс ривожланаётган давлатларда тамаки чекишга қарши кураш кампаниясига қўшилишини маълум қилди.

Хабарларга кўра, бу шахслар глобал тамаки эпидемиясига қарши кураш учун 375 миллион доллар ажратишга ваъда берган. Бу маблағ тамаки чекишга қарши маҳаллий ҳукуматлар билан иш олиб бораётган ташкилотлар фаолиятига сарфланади.

Франция қуролли кучлари сонини қисқартирмоқчи
Франция ҳукумати мамлакат қуролли кучларини 54 минг кишига қисқартириш режасини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Франция мудофаа вазири Франсуа Филлоннинг таъкидича, мазкур режа туфайли Франция миллиардлаб евро тежаб қолиши мумкин. Кейинги йилда Франция бўйлаб 83 та кичик ҳарбий базани ёпиш ҳам режалаштирилган.

Мазкур режа АҚШ ва НАТОга аъзо давлатларнинг Франция ҳукуматини Афғонистонга қўшимча ҳарбий юборишга ундаб келаётган пайтда қабул қилинди.

Франция қуролли кучларида жами 350 мингга яқин ҳарбий хизмат қилади.

“Мигрант” тадбирида юзлаб ўзбеклар ушланди
Олмаотада ўтказилган “Мигрант” тезкор-профилактик тадбири натижасида Қозоғистонда ноқонуний ишлаётган мингга яқин ўзбекистонлик аниқланди.

Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, “Мигрант” тадбирини ўтказиш чоғида шаҳардаги барча йирик бозорлар, турли савдо марказлари ҳамда уларга яқин бўлган уйлар текширувдан ўтказилган.

Ўтказилган рейд натижаларига кўра, Қозоғистон ҳудудида ноқонуний ишлаб юрган 1357 нафар хориж фуқароси қўлга олинган. МДҲ давлатларидан келган қонунбузар мигрантларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган бўлиб, ҳозирда ўзбекистонлик 906 киши маъмурий жавобгарликка тортилган ва юртига бадарға қилинган.




  [RFE/RL Logo]
[Navigation]
[www.ozodlik.org]
 
news reports rubrics audio archive contact go-up homepage email print