Яна бир ўзбекистонлик юртига экстрадиция қилинди
Хабарларга кўра, Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон фуқароси Эркин Холиқовни ўз юртига экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилган.
Эркин Холиқов ўтган йилнинг август ойида қирғиз милицияси томонидан қўлга олинган ҳамда суд ҳукми билан 4 йилга озодликдан маҳрум этилиб, Ўшдаги қамоқхонада сақланаётган эди. Ўзбекистонда эса Э.Холиқовга диний экстремистик ташкилотларга алоқадорлик айби қўйилган.
“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти расмий Бишкекни Э.Холиқовни юртига қайтармасликка чақирди.
Жорж Буш Исроилга келди
 АҚШ президенти Жорж Буш Яқин Шарққа амалга ошираётган сафари доирасида Исроилга ташриф буюрди.
“Бундан саккиз йил муқаддам президент бўлгандан буён Жорж Буш бизнинг иттифоқчимиз ва яқин дўстимиз бўлиб келди. Бундай байрам тадбирларида биз билан бирга бўлиш қарорингиз ҳам ўзаро дўстлигимиз намунасидир”,-деди Тел–Авив аэропортида Жорж Бушни кутиб олган Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт.
Бу ерда Жорж Буш Исроил давлати ташкил этилганига 60 йил тўлиши муносабати билан ўтказилажак байрам тадбирларида иштирок этади. Шунингдек, АҚШ раҳбари Исроил расмийлари билан Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини давом эттириш масаласини муҳокама қилади.
Исроилдан сўнг Буш Саудия Арабистони ва Мисрга сафар қилади.
Зилзила оқибатлари бартараф этилмоқда
 Хитойнинг Сичуань вилоятида 12 май куни рўй берган кучли зилзила оқибатлари бартараф этилмоқда.
Вилоятда қутқарув ишлари давом этган сари қурбонлар сони ҳам ошиб боряпти. Шу пайтгача 20 мингдан зиёд фуқаро нобуд бўлгани эълон қилинди.
Хитой оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, биргина Юнгхий шаҳарчасида етти мингдан зиёд фуқаро табиий офат қурбони бўлган. Шунингдек, Миянянг, Бейчуан, Деянг ва Венчуан шаҳарлари ҳам катта зарар кўрган.
Хитой ҳукумати зудлик билан мамлакат ҳарбийларини қутқарув ишларига жалб қилди. Ҳозир табиий офатдан зарар кўрган шаҳар ва қишлоқларда қутқарув ва қидирув ишлари давом этмоқда.
Мьянма инсонпарварлик ёрдами оляпти
Ўтган ҳафтада тропик циклондан зарар кўрган Мьянмага инсонпарварлик ёрдами етказиб берилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 34 минг кишига етган, 280 мингдан зиёд фуқаро ҳануз бедарак йўқолган ҳисобланмоқда.
Мамлакатнинг айрим ҳудудларида озиқ-овқат ва ичимлик сув тақчиллиги сезилаётгани айтилмоқда.
Айни пайтда халқаро ҳамжамият Мьянма ҳарбий хунтасини хорижлик мутахассислар ва қутқарувчилар гуруҳи мамлакатга киритилишига рухсат беришга ундамоқда. Шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти яқин келажакда Мьянма узра яна бир тропик циклон ўтиш хавфи борлигидан огоҳлантирди.
Афғонистон изоҳ сўрамоқда
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги эронлик чегарачилар томонидан отиб ўлдирилган 4 афғонистонлик иши бўйича изоҳ беришини сўраб, Эроннинг Кобулдаги элчихонасига норозилик нотаси топширди.
Афғонистоннинг Нимроз вилояти ҳокимининг айтишича, чегарачилар ҳужумидан омон қолган шахс тўрт киши ўлдирилгани, саккиз киши тан жароҳати олиб Эрон шифохонасига ётқизилганини маълум қилган.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, шу билан сўнгги бир ой ичида афғон-эрон чегарасида афғонистонлик фуқароларнинг иккинчи бор отиб ўлдирилишидир.
Германия ва Россия вазирлари Екатеринбургда учрашди
 Екатеринбург шаҳрида Германия ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди.
Хабарларга кўра, Сергей Лавров ва Франк-Вальтер Штайнмайер ўзаро ҳамкорлик масалалари ва халқаро майдондаги вазиятни муҳокама қилган.
С.Лавров учрашув чоғида Косовонинг бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилиши қайта кўриб чиқилиши даркорлигини билдирди.
“Косово ўз мустақиллигини эълон қилгандан сўнг пайдо бўлган вазиятни издан чиқарувчи омиллар бундан кейин ҳам кўпроқ сезилади. У ердаги вазиятни ҳуқуқий ўзанга қайтариш каби масалаларнинг ечимини топиш борасида музокаралар ўтказишга тайёрмиз”,- деди Сергей Лавров.
Араб лигаси давлатлари махсус делегацияси Ливанга сафар қилди
Бу ерда улар Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган Ливан ҳукумати тарафдорлари ва “Ҳизбаллоҳ” аъзолари ўртасида юзага келган сиёсий бўҳронни ҳал этиш юзасидан ўтказилажак музокараларга воситачилик қилади.
Ўтган ҳафта давомида ҳукумат тарафдорлари ва “Ҳизбаллоҳ” аъзолари ўртасида авж олган қуролли тўқнашувлар оқибатида 65 киши ўлганди.
Бош вазир ҳарбий амалиётларни назорат қилмоқда
 Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий “Ал-Қоида” жангариларига қарши ўтказилаётган ҳарбий амалиётларни назорат қилиш мақсадида Мосул шаҳрига келди.
Ироқ Мудофаа вазирлиги шанба куни бошланган кенг кўламли амалиётлар Ниневаҳ вилоятини қуролли гуруҳлардан тозалашга қаратилганини маълум қилди. АҚШ қўшинлари қўмондонлиги эса америкалик аскарлар Мосулдаги амалиётларда Ироқ хавфсизлик кучларига кўмак бераётганини билдирди.
Бишкекдаги минтақавий анжуман
Бишкекда “Исломни ўқитиш ва тадқиқ қилишнинг услубий муаммолари” мавзусида минтақавий анжуман ўтказилди. Бишкек анжуманида асосий диққат–эътибор исломни ўқитиш услублари муаммосига қаратилди.
Халқаро тадқиқотчилар фикрича, минтақа мадрасаларида исломни ўрганиш борасида ягона дастур йўқ. Бу мадрасаларнинг ҳар бири ўз дастурлари асосида ўқитади. Мадрасалардан малакали мутахассислар етишиб чиқиши учун ягона услуб ва дастур қабул қилиниши лозим.
ЮНЕСКО ва АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси томонидан молиялаштирилган бу анжуман иштирокчилари диний ташкилотлар ва ҳукуматлар ўртасида ўзаро ишончли алоқанинг йўқлиги муаммосини ҳам муҳокама қилди.
Катта миқдорда наркотик қўлга олинди
Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги ўз фаолияти давомида илк бор катта миқдордаги банг моддасини мусодара қилди.
Агентлик ходимларининг Душанбе-Хўжанд автомобиль йўлида ўтказган махсус тадбири чоғида “КамАЗ” машинасига 423 килограмм қорадори яширилгани аниқланган.
Агентлик расмийси Аваз Йўлдошевнинг айтишича, мамлакат шимоли томон ҳаракатланаётган “КамАЗ”га ўрнатилган махфий жойдан 34 килограмм героин, 389 килограмм қорадори ва Макаров русумли тўппонча 15 дона ўқи билан топилган. Мусодара қилинган наркотик моддаларнинг нархи ўн миллион доллардан ошиқроқ пулга баҳоланган.
Айни пайтда бу моддаларни Тожикистон ҳудудига олиб кириш ва ташишга алоқадорликда гумонланган уч шахс милиция томонидан ҳибсга олинган.
Хабар ёлғон бўлиб чиқди
13 май куни Олмаота аэропортида портлаш мосламаси ўрнатилгани ҳақида хабар келиб тушгандан кейин у ердан мингга яқин киши эвакуация қилинди.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 13 май куни кечки соат ўндан беш дақиқа ўтганда келиб тушган аноним хабардан кейин вазирлик ходимлари ўтказган махсус тадбир давомида аэропорт биносидан портлаш мосламаси топилмаган. Авиақатновлар кечиктирилмай, ўз вақтида амалга оширилган.
ЕХҲТ вакили янги қонунга вето қўйилишини истайди
ЕХҲТнинг оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили Миклош Харасти Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиевга “Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тўғрисида”ги янги қонунга вето қўйиш илтимоси билан мурожаат қилди.
М.Харастининг мурожаатномасида қонунга яқинда киритилган ўзгартишлар ОАВда фикрлар плюрализмини чеклаши қайд этилган.
Мазкур қонунга киритилган тузатишларга мувофиқ давлат раҳбари Қирғизистон телерадиокорпорацияси бош директорини тайинлаш ва Назорат кенгашининг барча аъзолари номзодини кўрсатиш ваколатларига эга.
|