Линклар

Блогистон

Календарь

Ичидаги ичидадир (блог)

  • Сарвар Усмон
Uzbekistan - Exit visa issued by Interior Ministry of Uzbekistan

Uzbekistan - Exit visa issued by Interior Ministry of Uzbekistan

Сарлавҳа учун Мавлоно Румий (1207 – 1273) ҳазратлари рози бўлсинлар. Гап моҳият ҳақида. Чиқиш визасининг, аниқроғи, чиқиш визасида битилган жумланинг моҳияти ҳақида.

Сарлавҳа учун Мавлоно Румий (1207 – 1273) ҳазратлари рози бўлсинлар.

Гап моҳият ҳақида. Чиқиш визасининг, аниқроғи, чиқиш визасида битилган жумланинг моҳияти ҳақида.

Мана ўша жумла:

“Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун”.

Мана буниси инглизча варианти:

“…valid for visiting all countries in the world”.

Чиқиш визаси тўғрисида бир неча мақола қилибману шу жумлалар моҳиятига ҳеч эътибор бермабман.

Кеча, бир тингловчимиз айтганидан сўнг, бердим эътиборни. Визадаги жумлалар моҳиятини ўйлай бошладим.

Айниқса, инглизча версиясининг моҳиятини. Таржимаси будир:

“Дунёнинг барча мамлакатларига бориш учун”.

Ўзбекистон битта стикер билан ўз фуқаросига дунёдаги барча мамлакатлар эшигини очиб берган бўлаяптими?

Шунақа супердавлатми Ўзбекистон?!

Албатта, йўқ.

Аслида, чиқиш визасида “Ўзбекистондан ташқарига чиқиш учун”, деган ёзув бўлуви керак эди.

Лекин бундай ёзув битишга, афтидан, уяладилар.

Чунки ташқарилаш учун ҳаммаси бўлиб 3 хил муассасадан махсус рухсат керак:

а) ҳарбий қисмдан – хизмат муддати тугаган аскар учун;

б) қамоқхонадан – жазо муддати тугаган маҳбус учун;

в) психиатрия касалхонасидан – соғайиб қолган бемор учун;

Демак, чиқиш визасини бекор қилмаётган Ўзбекистон маъмурлари учун ҳар бир ўзбекистонлик:

ё аскар, ёки маҳбус, ёҳуд...

Бу гапларни ёздиму яна ўйлаб қолдим – маъмурлар каминага қулоқ солиб, бундан буёғига чиқиш визасида “Ўзбекистондан ташқарига чиқиш учун”, деб ёза бошласалар нима бўлади?

Бундай ёзувни кўрган элчихоналар виза сўраб борган ўзбекистонликка “Давлатингиз сизни аранг чиқарибди, демак хавфли одамга ўхшайсиз...” деб виза бермай қўйсачи?

Қош қўяман, деб кўз чиқариб қўйган бўлмайманми?

Хуллас, ўқиганларингизни унутинг.

Майли, қандай бўлса, шундай қолаверсин.

Ёки, кучи етса, умуман бекор қилсин чиқиш визасини.

Мен моҳиятни изладим, холос.

Ичидагининг ичидагини изладим.

Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Тўй" номли асари (фрагмент)

Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Тўй" номли асари (фрагмент)

“Фуқароми, Ватандошми?” мавзуида бошлаётганим гап, аслида, каттароқ мақола бўлуви керак эди. Бир ҳафтадан бери хом ашёси тайёр бўлган: интервьюлар олинган, ёзишмалар қилинган, китоблар кўрилган эди. Лекин мавзу BahsOnlineга кўчгани учун қисқароқ қилишга уринаман.

“Фуқароми, Ватандошми?” мавзуида бошлаётганим гап, аслида, каттароқ мақола бўлуви керак эди. Бир ҳафтадан бери хом ашёси тайёр бўлган: интервьюлар олинган, ёзишмалар қилинган, китоблар кўрилган эди. Лекин мавзу BahsOnlineга кўчгани учун қисқароқ қилишга уринаман.

Қисқа гапни ҳидлардан бошламоқчиман. Ширин ҳидларни бир четга сурамиз. Сассиқларидан айтамиз.

Мен ўзим биладиган сассиқ ҳидларнинг энг сассиғини Тошкентдаги кўн зовутининг терига бирламчи ишлов бериш цехида туйганман. Талабалик йилларимда ўша цехда 3 кун ишлаганману ҳали-ҳануз эслайман ўша ҳидни.

Химикатга ботирилган мол терининг ҳидини билмасангиз, палағда тухум ҳидини биларсизу?

Ёки айниган гўшт ҳидини эсланг.

Малайзияга борганлар дуриан деган мевани ҳидлаб кўргандир. Халожойнинг ҳиди келади, дейишади.

Қисқаси, сассиқ ҳидлар 100 та бўлса, 99 ига, агар ўша ҳид орасида яшайверса, одам вақт ўтиб кўнади. Шунинг учун ҳам кўн зовути тўхтаб қолмайди.

Фақат битта ҳидга – газга қўшиладиган одорант ҳидига ҳеч ким ҳеч қачон кўнмайди. 3 йилдаям, 5 йилдаям, 100 йилдаям кўнмайди. Шунинг учун ҳам газга бошқа ашёни эмас, айнан ўша сассиқ одорантни қўшадилар. Токи бурни ҳид билавермаслар ҳам чидолмасин ва хавф муқаррар эканини сезсин, деб.

Фуқаро сўзи замиридан ҳам, мана 25 йилдирки, ўша одорантдай ёқимсиз маъно - “қашшоқ” маъноси cизиб чиқиб келавераяптики, бу маъно яна 100 йилдаям, 1000 йилдаям йўқолмайди.

Шунинг учун мана 25 йилдирки, ўзбеклар орасида бу сўз атрофида турли даражаларда баҳс-мунозара. Бу баҳс қишлоқ чойхонасидаям, академиклар гурунгидаям қулоққа чалинади.

Шунинг учун ҳам бундай баҳс озодликчилар орасида ора кунда олти марта бўлмаса ҳам, ҳар фаслда бир бор бўлиб туради.

Баҳс қизигандан қизийди баҳсни яхши кўрадиган “тўполончи” ҳамкасбларим орасида. Иш қопкетади, мақолалар чала қопкетади, тушлик қопкетади – баҳс қизийди. Ки “фуқаро” бўлмаймиз, чунки фақир эмасмиз!

Хўш, унда ким бўламиз?

“Ватандош” бўламиз”, деди кимдир баҳсларнинг охиргисида. “Турк қардошлар қарийб 100 йилдан бери “ватандош”, улардан нимамиз кам?”

Бу гапдан кейин баҳс сув сепилган олов каби “пов” этиб ўчгандай бўлди.

Бироз сукут сақладилар. Сукут - розилик аломати.

“Майли”, деди кейин кўпчилик.

“Интернет-нашрлар орасида аудиторияси энг катта нашр – ozodlik.org “ватандош” деяверсин, балки бошқалар ҳам ва охир-оқибат бутун ЎЗБЕК кўникиб кетар, ҳукумат ҳам қабул қилар", деди кўпчилик.

Балки, шундай қилинса, кейинги йилларда ўзбеклигидан ийманиброқ қола бошлаган ўзбек “қайга борса, бошда дўппи, ғоз юра бошлар, гердайиб”?

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, олдинги жумладаги сўнгги сўзлар муаллифи, бир вақтлар “Ўзбегим”и билан миллатнинг ўмгагини кўтариб қўйган Эркин Воҳидов бундан 25 йил муқаддам миллатни “фуқаро”га айлантириб кетди.

Хуллас, Фуқаро эмас, Ватандош!

Қайга борсак, бошда дўппи, ғоз юрайлик гердайиб!

Қолганини юкланг

XS
SM
MD
LG