Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2020, Тошкент вақти: 13:37

Абхазиядан яна 299 ўзбек муҳожири олиб чиқилди (ФОТО)


Ўзбекистонликлар 28 октябрь куни иккита рейсда олиб чиқилди

Жорий йилнинг 28 октябрь куни тан олинмаган Абхазия республикасида қолиб кетган 299 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ватанига юборилди. Ўзбекистон Бош консуллиги яқин кунларда Сочидан яна иккита рейс амалга оширилишини маълум қилди.

Абхазияда қолиб кетган ўзбекистонлик муҳожирларнинг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи 28 октябрь куни Сочи шаҳридан “Uzbekistan Airways” чартер рейслари билан юртига олиб келинди.

Бу ҳақда Озодликка қўшимча маълумот берган Ўзбекистоннинг Ростовдаги Бош консуллиги 20 кун муқаддам, 9 октябр куни, Абхазиядаги ўзбеклардан ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, касаллар ва болали аёллар) 19 нафари махсус поездда Ўзбекистонга қайтарилганини қайд этган.

Ўзбекистонликлар Россиянинг Сочи аэропорти орқали олиб кетилди
Ўзбекистонликлар Россиянинг Сочи аэропорти орқали олиб кетилди

Консуллик хабарига кўра, ўзбек муҳожирларини олиб чиқишда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консуллик бўлимлари, Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Транспорт вазирлиги ходимлари иштирок этган.

- Ўзбекистон Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олмагани боис у ерга тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш ва одамларни олиб чиқиш билан боғлиқ муаммолар вужудга келган эди. Халқаро қоидаларга кўра, Ўзбекистон дипломатлари ҳам бу мамлакатга киришга ҳаққи йўқ. Шу сабабли Ўзбекистонга жўнатилиши керак бўлган одамлар рўйхати Абхазияда қолган ўзбекистонлик фаоллар томонидан тузилган. Россия Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари, Росгвардия ва Чегара хизмати ходимлари кўмагида ўзбекистонликлардан 299 нафари автобусларда Сочи аэропортига олиб келинди ва Тошкентга жўнатилди, деди ваколатхона расмийси.

Суҳбатдош маълумотича, ташкил этилган иккита рейсда меҳнат муҳожирлари билан бирга 5 нафар гўдакли аёллар ҳам бўлган.

Озодлик олган маълумотларга кўра, Абхазияда Ўзбекистонга кетиш истагида бўлган яна 200 зиёдроқ ўзбек мигрантлари қолмоқда.

Абхазияда яна 200 яқин ўзбек мигранти қолмоқда.
Абхазияда яна 200 яқин ўзбек мигранти қолмоқда.

Консуллик 1 ноябр куни Сочидан Тошкентга яна иккита чартер рейси амалга оширилиши юзасидан Россия тарафи билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Бундан олдинроқ Озодлик коронавирус чекловлари туфайли Абхазия-Россия чегарасида юзлаб ўзбекистонлик муҳожир ватанига қайта олмай, кўчада яшашга мажбур бўлаётгани тўғрисида хабар берган эди.

Пандемия ортидан чегараларни ёпган Ўзбекистон ҳукумати Россия ва бошқа мамлакатларда қолиб кетган минглаб ўзбек мусофирларини олиб чиқиш учун ҳаво ва темир йўллар орқали чартер рейсларини йўлга қўйган эди.

XS
SM
MD
LG