Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 08:29

“Аксинча, ғалаба қадрини ерга уришмоқда”. Россиялик тарихчилар Путиннинг фашизмга қарши урушга оид сиёсати ҳақида


Путин Ғалаба кунига бағишланган парад пайти нутқ сўзламоқда. 9 май, 2018 йил

Россия Давлат Думаси “совет халқининг нацистлар Германиясини тор-мор этишдаги ҳал қилувчи роли ва Совет Иттифоқининг Европа мамлакатларини озод этишдаги инсонпарварлик миссияси”ни омма олдида инкор қилишни, шунингдек, “СССР ва Германиянинг Иккинчи жаҳон урушидаги ролини тенг кўриш”ни тақиқловчи қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Лойиҳани сенатор Алексей Пушков ҳамда Думадаги “единорос”лар Александр Жуков ва Елена Ямпольская ишлаб чиққан.

Россиялик таниқли тарихчилар – Тамара Эйдельман ва Лев Лурье “Настояшее время” телеканали эфирида ушбу қонунчилик ташаббуси юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Историки анализируют законопроект о "решающей роли СССР" в победе над нацистской Германией
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:19 0:00

Хусусан, Эйдельманга кўра, қонун лойиҳаси билан гўё “очиқ дарвозани тепишяпти”, яъни баҳслашишдан маъно йўқ масалада баҳслашмоқчи.

“Сталин Гитлер билан тил бириктирганини ҳамма билади. Ва бу Совет Иттифоқининг кейин иттифоқчилари билан бирга фашизмга қарши курашгани фактини асло камситмайди. Бу совет халқининг жасоратига соя солмайди. Бу фақат тузумнинг ваҳший табиатини билдиради. Бу – биринчи эътирозим”,- дейди тарихчи.

Эйдельман, шунингдек, қонун лойиҳаси муаллифлари тарихчиларга нимани гапириш кераклиги ҳақида буйруқ бермоқчи бўлаётганини сира ҳазм қила олмаслигини айтади. Унинг фикрича, “тарихчи, агар исботлай олса, хоҳлаганини гапириши мумкин ва ҳеч бир депутат бунга аралашмаслиги лозим”.

Лев Лурье лойиҳадаги “ўхшатиш мумкин эмас” деган иборани тушунмаётганини таъкидлайди. Унга кўра, Сталин ва Муссолинини, Путин билан Грознийни таққослашни ман этишга уриниш аҳмоқона иш.

“Фашистлар Германияси қайсидир маънода Сталин бошқарган СССРга ўхшаган” деб айтишни тақиқловчи бу қонун тасдиқланди ҳам дейлик. Кейин‑чи? Ҳамма кутубхоналар “тозаланадими”? Солженицин, Суворов асарлари ёқиладими?”,- ажабланади тарихчи.

Лурье мазкур лойиҳа муаллифларини беш баҳо олиш илинжида ҳамиша қўл кўтарадиган, муаллим турғизганида эса сийқаси чиққан гаплар билан “аравани олиб қочадиган” ўқувчиларга менгзайди.

Россияда нацизмни реабилитация қилиш ва Совет Иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушидаги роли тўғрисида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган қонун аллақачон мавжуд. Шунга қарамай бу лойиҳанинг тайёрланганига изоҳ бераркан, Лурье Россияда қонунчилик фақат тарғибот ва қўрқитиш мақсадида қабул қилинишини урғулайди, зеро, агар бировни қамаш ниятлари бўлса, “шусиз ҳам қамай олишади”.

Тамара Эйдельман Россия ҳукумати гўёки совет халқи жасорати ҳақида қайғураётгандек кўрингани билан, амалда уруш қурбонлари хотирасини масхара қилаётганини, ғалабани девальвация қилиб, буларнинг барини жирканч милитаристик комедияга айлантириб юборганини афсус билан қайд этади.

“Мана бугун эрталаб “Facebook”да кўрдим. Тверь вилоятидаги ҳарбийча кийинтирилган болалар паради уюштирилибди, яна қайсидир боғчада болалар жажжи вужудлари билан қабрларни саҳнада акс эттирмоқчи бўлишган. Менга қолса, мана шунақа ҳайвоний ишлар учун уларнинг ўзларини жиноий жазога тортган бўлардим”, - ёзғиради тарихчи.

Суҳбат якунида олимлар Владимир Путиннинг “Россияга уруш тўғрисидаги соф, лойқаланмаган ҳақиқат керак”, деган фикрига муносабат билдиришган.

Эйдельман: Керак. Лойқаланмаган ҳақиқат керак, аммо бу Путин назарда тутаётган нарса эмас, мутлақо. Уруш ҳақидаги ҳақиқатга келсак, у ҳар хил бўлади. Россияда – бунақа, Америкада – унақа, Чехияда – яна бошқаси. Улар қайсидир нуқталарда кесишади, қаердадир – йўқ, тарих фани шундай ривожланади. Албатта, ҳақиқат керак.

Лурье: Уруш ҳақидаги ҳақиқат деган нарса бўлмаган гап. Тарихда ягона ҳақиқат бўлмайди, тарихчилар эса манбаларни ўрганиб у ёки бу нарсани аниқлаштиради. Совет Иттифоқи бошқа исталган мамлакатдан кўра кўпроқ талафот берганини, Қизил армия эса Сталинград ва Москвадан Берлинга довур йўл босганини ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Агар инсоний талафотлар ҳақида гапирсак, ғалабада энг кўп ҳисса Совет Иттифоқига тегишлилигини ҳам. Ҳа, биз буларни унутмаганимиз, бир лаҳза ҳам эсдан чиқармаганимиз, полк хоналари ташкил қилганимиз, қаҳрамонлар ҳақида кўпдан-кўп хотиралар тўплаганимиз – ҳаммаси яхши. Лекин бунга Владимир Путин билан “Единая Россия” партиясининг нима дахли бор?

XS
SM
MD
LG