Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2019, Тошкент вақти: 01:43

Грузияда норозилар Ички ишлари вазирига қарши "партизан уруши" бошлади


Грузия. Парламент биноси олдида ўтказилаётган норозилик акцияси иштирокчиларидан бири. 2019, 3 июль.

Намойишчилар Грузия пойтахти марказида 14 тундан бери тўхтовсиз митинг ўтказмоқда. Эндиликда улар ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилмоқда.

Норозилар Тбилисидаги парламент биноси олдида 3 июль кечқурун яна йиғилиб, Россия таъсирига қарши чақириқлар янграган дастлабки митингни тарқатиш чоғида полиция куч ишлатгани учун ички ишлар вазири Гиорги Гахариянинг истеъфосини талаб қилди.

20 июндаги дастлабки митинг чоғида омма парламент биносига киришга уринганида, полиция резина ўқлар отгани ва сув отувчи воситаларни қўллагани оқибатида 240 дан ошиқ киши, жумладан, 80 нафар полициячи ярадор бўлган, 300 дан ошиқ киши ҳибсга олинган эди.

Мухолифат вакиллари Гахарияни намойишни тарқатиб юбориш учун керагидан ортиқча куч қўллаганликда айбламоқда.

Норозилик намойишлари икки ҳафтага яқин давом этгач, ташкилотчилар норозилик тўлқини изсиз кетмаслиги учун тактикани ўзгартираётганини айтди.

Намойишчилардан бири Гига Макаришвилининг маълум қилишича, энди митингчилар ўзи “партизанлар тактикаси” деб атаган усул бўйича ўтказилади, яъни намойишчилар Гахария қаерга борса, ортидан эргашиб, истеъфосини талаб қилиб юради.

− Биз ҳар куни кечқурун мобил экранда Россия сиёсати ҳақидаги фильмларни кўрсатамиз. Китоб тақдимотлари билан бир қаторда Россиянинг Грузиядаги сиёсий ўйинлари ҳақида китоб ёзган муаллифлар билан учрашувлар ўтказилади”, деди Макаришвили.

Намойишчиларнинг талаблари беҳуда кетмаётган кўринади.

Грузия ИИВнинг Хос вазифалар бўйича департаменти директори, полициянинг махсус бўлинмаси раҳбари Георгий Какичишвили Тбилисида 20-21 июнь кунлари митингни тарқатиб юбориш иши бўйича тергов ишлари тугагунга қадар лавозимидан четлатилди. Лекин шунинг ўзи кифоя қилармикан?

Норозилик намойишлари бошланишига Россия расмий делегациясининг Грузияга сафари, боз устига, бир рус депутатининг аҳолиси, асосан, православ динига эътиқод қилувчи мамлакатлар парламентлари вакиллари олдида Грузия парламенти спикери курсисига ўтириб маъруза қилгани сабаб бўлиб бошланиб кетган эди.

Аксарият грузинлар 9 йил олдинги беш кунлик урушда Россия қўшинлари Грузиянинг иккита ҳудудини босиб олгандан сўнг ушбу мамлакатга очиқчасига душман кўзи билан қараб келади.

2008 йилда рўй берган 5 кунлик урушдан сўнг Россия Грузиянинг иккита ажралиб чиққан ҳудудига кўпсонли қўшинларини киритган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG