Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 19:40

Украинанинг давлат тили тўғрисидаги қонуни кучга кирди


Президент Петро Порошенко давлат тили тўғрисидаги қонунни 2019 йилнинг 15 май куни имзолаган эди.

Украинанинг давлат тили тўғрисидаги қонун 16 июлдан кучга кирди. Уни икки ой аввал ўшандаги президент Петро Порошенко лавозимидан кетаётиб тасдиқлаган эди.

“Украин тилининг давлат тили эканини таъминлаш тўғрисида”ги қонунда украин тили “Украинадаги ягона расмий тил” деб эълон қилинди.

Қонунда айтилишича, бошқа тилларни давлат тили сифатида жорий қилишга “уринишлар” “конституцион тузумни зўрлик билан ўзгартириш”га уриниш деб ҳисобланади.

Янги қонунда “украин тилини жамоатчилик олдида камситиш”га Жиноят кодекси моддалари билан жазоланадиган жиноят деб қаралади.

Унда давлат ва хусусий телекўрсатувлар учун меъёр белгиланди, унга кўра матбуотдаги матнларнинг ярми украин тилида бўлиши шарт.

Украин тилини яхши билиш талаб этиладиган давлат хизматчилари рўйхатига президент, парламент спикери, шунингдек, депутатлар, вазирлар, давлат хавфсизлик хизмати раҳбари, бош прокурор Украина Миллий банки бошлиғи ва маҳаллий кенгаш аъзолари киритилди.

Бундан сўнг украин тили расмий ҳужжатлар, суд ишларини юритиш, сайлов ва референдумлар, халқаро шартномалар ва меҳнат шартномалари учун мажбурий бўлади.

Айни пайтда қонун бандлари хусусий суҳбатлар ёки диний маросимлар тилига дахл қилмайди.

Украин тили мамлакат 45 миллион аҳолисининг 67 фоизи учун она тили ҳисобланади, аҳолининг 30 фоизи эса¸ асосан, шаҳарларда рус тилида гаплашади. Украиналикларнинг деярли 3 фоизи бошқа тилларни она тили деб билади.

Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар расмий Киев рус тилидан фойдаланишни атай чеклаяпти, деб иддао қилмоқда.

Россия Украинада тил ҳақида янги қонун қабул қилингани муносабати билан 16 июлда “шошилинч маслаҳатлашув” учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг янги мажлисини чақиришни сўради.

Россиянинг Европа Кенгашидаги доимий миссияси ҳам ушбу ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идорани янги қонунга муносабат билдиришга чақирди.

“Ушбу қонун Украинанинг Европа Кенгаши олдида олган мажбуриятларига хилофдир. Биз Европа Кенгаши тегишли органларини ушбу қонунбузарликларга муносабат билдиришга чақирамиз”, деб ёзди Россия миссияси вакили Твиттерда.

20 майда лавозимига киришган Украина янги президенти Володимир Зеленский қонунни “тақиқ ва жазолар” туркуми деб танқид қилди.

Янги президент фикрича, у бюрократик тартибларни мураккаблаштиради ва “амалдорлар сонини камайтириш ўрнига¸ кўпайтиради”.

XS
SM
MD
LG