Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 22:14

Европада Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан боғлиқ сиёсий можаролар тўхтамаяпти


Россиянинг «Спутник V» вакцинаси айни дамда Европа Дори-дармон агентлигида рўйхатдан ўтказилмоқда.

8 апрель куни «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилувчи Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) Словакияга юборилган вакцина дозалари қайтарилишини талаб қилди. Бунга Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси мамлакатга юборилган дозалар Европа Дори-дармон агентлиги кўриб чиқаётган вакцинадан фарқ қилишини маълум қилгани туртки бўлди.

Братислава ва Москва тортишуви рус вакцинасини Европа бўйлаб тарқатиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар учун навбатдаги зарба бўлди.

7 апрель куни «Спутник V» вакцинасидан фойдаланишга рухсат бермаган Чехия соғлиқни сақлаш вазири ишдан бўшатилган эди.

Прагадаги етакчи касалхоналардан бири раҳбари Петр Аренбергер Чехия соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланди. Президент Милош Земан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарига мурожаат қилиб, уни Чехия фуқаролари соғлиғини таъминлаш учун иш олиб боришга ва аҳолини эмлаш учун коронавирусга қарши вакциналар, шу жумладан, Россиянинг «Спутник V» вакцинаси етарли эканини таъминлашга чақирди.

Земаннинг таъкидлашича, у Исроил, Россия ва Хитой раҳбарларига вакцина етказиб беришни сўраб, мактуб йўллаган.

Аренбергердан олдини вазир Ян Блатни рус вакцинаси Европа регулятори томонидан тасдиқланишидан олдин ундан фойдаланишга қарши чиққан эди. Президент Земан ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакатда ва Европа Иттифоқида эмлаш жараёни секин силжиётганини айтиб, «Спутник V» вакцинаси бўйича собиқ вазирнинг позициясини танқид қилиб келаётган эди. Блатни истеъфосини сиёсий қарор деб атади.

Бош вазир Бабиш Блатнанининнг истеъфоси рус вакцинаси билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Чехия вакцинани Европа Иттифоқидан алоҳида рўйхатдан ўтказмайди. Бабиш вазирнинг ишдан бўшатилишининг асосий сабаби Соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқаришга турли хил ёндашувлар, шу жумладан, вазирликдаги ортиқча бюрократия эканини қўшимча қилди.

Аввалроқ Аренбергер Россия вакцинасидан кўнгиллилар орасида ўтказиладиган клиник синовларда фойдаланишга рухсат берилишини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Чехия регулятори розилиги етарли бўлади. Вазир бундай рухсатни бир ой ичида олишга умид қилмоқда.

Россиянинг «Спутник V» вакцинаси айни дамда Европа Дори-дармон агентлигида рўйхатдан ўтказилмоқда. Агар вакцина тасдиқланса, ундан Европа Иттифоқи мамлакатларида фойдаланиш мумкин бўлади.

Financial Times газетаси ўз манбаларига таянган ҳолда Европа Дори-дармон агентлиги «Спутник V» вакцинасини синовдан ўтказиш давомида ахлоқий қоидаларга амал қилингани ёки йўқлигини кўриб чиқишини хабар қилди. Аввалроқ Reuters агентлиги Россияда айрим давлат хизматчилари тест синовларида қатнашишга мажбурланганини хабар қилган эди.

Россия буни рад этди. «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилувчи Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) матбуот хизмати Financial Times газетаси ҳисоботини нотўғри деб атади.

Чехия Республикасида қарийб 11 миллион одам истиқомат қилади. Ўтган йилнинг кузида мамлакатда COVID-19 ҳолатлари кескин ўсди. Сўнгги маълумотларга кўра, Чехияда пандемия бошланганидан бери 1,5 миллиондан ортиқ коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган, 27 мингдан зиёд одам нобуд бўлган.

Европада Венгрия ва Словакия мустақил равишда аҳолини «Спутник V» вакцинаси билан эмламоқда. Словакияда рус вакцинасидан фойдаланила бошлангани сиёсий инқирозга сабаб бўлди. Натижада бош вазир Игорь Матович истеъфога чиқди.

Австрия ҳам «Спутник М» вакцинасини харид қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда март ойи охирида канцлер Себастьян Курс маълум қилди.

Германия Россия вакцинаси Европа Иттифоқида тасдиқланганидан кейин, ундан фойдаланишга ҳозирлигини изҳор қилди.

XS
SM
MD
LG