Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 11:07

Ўзбекистон хабарлари

Жомбойдаги мактаб таъмирига болалар жалб этилишига президент кўрсатмаси сабаб бўлгани расман айтилди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати Жомбой туманидаги 28-мактаб ўқувчиларининг таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларга изоҳ берди.

Бошқарманинг билдиришича, ўқувчилар ота-оналарининг рухсати билан таъмирлаш ишларига жалб қилинган. Бундан ташқари Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати мазкур тадбир президентнинг топшириқларини бажариш асосида амалга оширилганини ҳам иддао қилган.

Қуйида Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати расмий билдирувини тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Президентимизнинг 2021 йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда ёшларни мактаб давриданоқ касб-ҳунарга ўқитиш, деҳқончилик сирларини ўргатиш бўйича “Самарқанд тажрибаси”ни амалга ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги айрим мактабларда ўқувчиларни полиз экинлари етиштириш, боғдорчилик, шунингдек, бошқа касб-ҳунарларга ўргатиш тажриба-синовлари амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, бундай тадбирлар ўқувчиларни меҳнатга ўргатиш, меҳнати орқасидан даромад топиш, оиласига моддий манфаат келтириш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлишида имконият яратади.

Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг мактабдаги енгил таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги акс этган расмлар турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ва Жомбой туман Халқ таълими бўлими раҳбар-ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам Жомбой тумани 28-умумтаълим мактабида ёлланма ишчи ходимлар томонидан енгил таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Суратдаги ўқувчилар, яъни 6 нафар 7-9 синф ўғил болалари мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандини ўз розилиги билан мактабдаги таъмирлаш ишларига ёрдам бериш ва таътил даврида ҳунар ўрганиш учун юборганини тасдиқлашди.

Суратдаги 5 нафар қиз ўқувчилар эса мактабнинг 11-а ва 11-в синф ўқувчилари бўлиб, улар билан суҳбатлашилганда, қизлар якуний давлат имтиҳонларининг баҳоларини билиш мақсадида келганлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари, синф раҳбарлари билан суҳбатлашиш жараёнида улар ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зид эканлигидан хабардорлигини билдиришди ва ўқувчиларни мактабдаги таъмирлаш ишларига чақирмаганликларини маълум қилишди.

Айни пайтга қадар олиб борилган ўрганишлар хулосасига кўра, Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўзи ва ота-оналарининг ихтиёрига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмаган.

Бугунги кунда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда”.

Кун янгиликлари

COVID-19: Пандемия бошидан бери коронавирус қурбонлари сони 900 нафардан ошди

Ўзбекистонда 3 август куни коронавирусга чалинган беморлардан 8 нафари вафот этган, шу тариқа пандемия қурбонлари сони 901 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга мувофиқ, кеча мамлакат бўйлаб 923 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 132 минг 901 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда сешанба куни Андижон вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 805 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 126 минг 377 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда яна 542 нафар кишида пневмония аниқлангани, 5 июлдан бери эса 12 минг 425 киши пневмонияга чалинганини очиқлаган. Булардан 5 минг 18 нафари соғайиб чиққан, 83 нафари эса вафот этган.

БП: Фарғонада 11 яшар бола зўрланганига оид маълумот ИИБ томонидан текширилмоқда

Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятида 11 ёшли бола амакиси томонидан зўрлаб келингани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот юзасидан текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур ҳолат юзасидан муқаддам ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат келиб тушмаган.

“Шу сабабли жорий йилнинг 2 август кунидан Қува тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиши бошланган”, дея билдирган Ҳ. Шамсутдинов.

Фарғонада вояга етмаган ўғил бола 48 ёшли амакиси томонидан 2 йил давомида зўрлаб келингани ҳақида дастлаб блогер Aqida Hanum Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатганди.

Блогернинг жабрланувчи болакай ва унинг онаси билан ўтказган видеосуҳбатида ҳодиса тафсилотларига ўрин берилган.

БП матбуот котиби Ҳ. Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур иш юзасидан Қува тумани ИИБ бошлаган текширув устидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Мирзиёев шароити энг оғир маҳаллаларга 100 миллион доллар ажратишни ваъда қилди

Ўзбекистондаги шароити энг оғир маҳаллаларни ривожлантиришга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 3 август куни жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида маълум қилган.

Видеоселекторда Ш. Мирзиёев шароити оғир маҳаллаларга маблағ ажратиш юзасидан топшириқ бераркан, Газета.uz нашри иқтибосича, “қарорга бугуноқ қўл қўйиб беришга тайёрман”, дея урғулаган.

Президент йиғилиш чоғида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, транспорт вазири Илҳом Махкамовга йил якунигача камида 100 та янги йўналиш ташкил этиб, жамоат транспорти етиб бормаган 1113 та маҳаллани қамраб олиш бўйича ҳам топшириқ берган.

Ашхободда ўзбекистонлик ва туркманистонлик икки Сардор музокара ўтказишди

Ўзбекистон ва Туркманистон байроқлари

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ашхободга қилган иш сафари доирасида Туркманистон бош вазирининг ўринбосари, мамлакат президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, томонлар транспорт, ёқилғи-энергетика ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини кўриб чиққанлар.

Бош вазир ўринбосарлари учрашувда Туркманистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси иши долзарблигини қайд этишган, амалий ҳамкорлик учун турли вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасида мунтазам учрашувларини ташкил этиш заруратига тўхталишган, икки мамлакат корчалонлик доиралари ўртасидаги алоқани кенгайтириш муҳимлигини урғулашган.

Ашхобод сафари доирасида душанба куни С. Умурзоқов Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, бош вазир ўринбосарлари Чори Гилижов ва Эсенмират Ўразгелдиев билан ҳам учрашган.

Аввалроқ Озодлик жорий ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафар қилиши ҳақида хабар қилган эди.

Токио олимпиадасида оғир атлетикачи Акбар Жўраев Ўзбекистонга иккинчи олтин медални туҳфа қилди

Токиода бўлиб ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларининг ўн биринчи кунида 109 килограмм вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар баҳсида иштирок этган ўзбекистонлик Акбар Жўраев Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.

Туризм ва спорт вазирлиги қайдича, силтаб кўтариш машқида ўз иштирокини 227 кг оғирликдан бошлаган Акбар Жўраев якунда бу кўрсаткични 237 килогача оширган ҳамда икки курашда 430 кило натижа билан олтин медални қўлга киритган. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчи бу натижа билан Олимпиада рекордини ўрнатишга ҳам муваффақ бўлган.

Бу Токио олимпиадасида ўзбек спортчилари томонидан қўлга киритилган иккинчи олтин медалдир. Ёзги Олимпия ўйинларида илк олтин медални Ўзбекистонга таэквондочи Улуғбек Рашитов келтиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

ЮНЕСКО пандемия важидан Шаҳрисабзни яна бир йилга Жаҳон маданий мероси рўйхатида қолдирди

Шаҳрисабздаги Кўк Гумбаз масжиди

ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитаси шу йилнинг 16-31 июль кунлари Хитойнинг Фучжоу шаҳрида бўлиб ўтган 44-сессияда Шаҳрисабзни Жаҳон маданий мероси рўйхатида яна бир йилга қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек делегацияси мазкур сессияда онлайн тарзда иштирок этган.

“Делегация томонидан бутунжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган “Шаҳрисабзнинг тарихий маркази”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”, “Бухоронинг тарихий маркази” ва Хивадаги “Ичан-қалъа”, шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўпмиллатли табиий мерос объекти бўлмиш “Ғарбий Тянь-Шань” бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилиниши таъминланди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, ЮНЕСКО 2020 йили ҳукм сурган қатъий карантин чекловлари шароитида Ўзбекистон томонидан барча вазифаларни амалга ошириш учун кўпроқ вақт талаб этилиши инобатга олинган ҳолда, сессия якунига кўра, “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирган.

Қарорларда Ўзбекистон Республикасига шаҳарлар бош режаси ва обектлар бошқаруви комплекс режаларини тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларнинг тавсияларига амал қилишга доир алоҳида чорловлар киритилган.

Жаҳон мероси қўмитаси 2016 йили Истанбулда ўтган 40-сессияда Шаҳрисабз шаҳрини йўқолиш таҳдиди остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритган. Бунга ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев қарори билан Шаҳрисабзда бошланган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ЮНЕСКО билан келишилмаган ҳолда амалга оширилгани важ ўлароқ кўрсатилган. Қўмита шаҳар марказида сайëҳлар учун инфратузилма барпо этиш иддаоси билан қилинаётган ишларни номақбул, деб топганди.

Кейинчалик қўмита “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш учун ўзбек расмийларига бир неча марта муҳлат берган эди.

Самарқандда тўрт кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган чемпион қиз 4,5 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди чақалоғини пулламоқчи бўлган спортчи қиз иши юзасидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суднинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Обидов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, олти марта Ўзбекистон чемпиони бўлган қиз машғулотлар чоғида бир йигит билан ишқий муносабатда бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолган. Фарзандини дунёга келтирганидан кейин спортчи қиз дугонаси воситасида 4 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган ва бола учун 2,5 минг доллар пул олаётган пайтда қўлга олинган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан айбланган спортчи қиз Самарқанд суди ҳукми билан 4 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Аввалроқ Озодлик Андижонда 3 ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлган она қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.

ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 890 нафардан ошди, пневмониядан 79 нафар бемор вафот этди

Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан 7 нафари вафот этган, шу тариқа хасталик қурбонлари сони 893 нафарга етган.

ССВ қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб 899 киши коронавирусга чалинган ва бу билан Ўзбекистонда вирус юқтириб олганларнинг умумий сони 131 минг 978 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 844 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 125 минг 572 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ўтган кеча-кундузда яна 516 нафар кишида пневмония аниқлангани, 5 июлдан бери эса 11 минг 883 киши пневмонияга чалинганини маълум қилган. Булардан 4 минг 577 нафари соғайиб чиққан, 79 нафари эса вафот этган.

Мирзиёев ходимларни мажбурий эмлашга оид қонунни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканига оид қўшимча киритилди.

Мазкур тартиб президент Ш. Мирзиёев томонидан шу йил 2 августида имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун асосида жорий этилади.

Янги қонун билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун 28-моддасига киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланган.

Ўзбекистон президенти имзолаган бу ҳужжат шу йил 27 июлида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 31 июль куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Бухоро расмийлари “Абдуллахон” мадрасасининг қулаган девори қайта тикланишини билдирди

Бухоронинг тарихий қисми

Бухоро вилояти ҳокимлиги 30 июль кечаси “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушганини тасдиқлади.

Ҳокимлик мазкур ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилганини маълум қилган

“Шунга кўра тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинди ва “Абдуллахон” мадрасасининг орқа қисми теворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланди”, дейилган вилоят ҳокимлиги хабарномасида.

Расмийлар Бухородаги кўҳна иншоот девори қулаши юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилганлар.

Ҳокимлик вакиллари мадраса деворини қайта тиклаш ишлари қай тарзда амалга оширилишига аниқлик киритмаганлар. Аввалроқ Озодлик билан суҳбатлашган қатор санъатшунослар Ўзбекистондаги ЮНЕСКО рўйхатига кирган қадимий иншоотларни таъмирлаш ишида “евроремонт” услубидан фойдаланилаётганидан ёзғирган эдилар.

“Абдуллахон” мадрасаси 1588-90 йиллари Бухоро хони Абдуллахон II томонидан бунёд этилган. Маълумотларга кўра, мадраса 1997 йили Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан шаҳардаги барча меъморий иншоотлар қаторида қайта таъмирдан чиқарилган.

Ўзбекистон президенти ҳафтанинг иккинчи ярмида Туркманистонга сафар қилади

Ш. Мирзиёев ҳафта охирида Туркманистонга сафар қилиши ҳақида президент матбуот котиби Ш. Асадов маълум қилди

Жорий йилнинг 5-6 август кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга боради. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни Тошкентда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Ш. Асадовга кўра, Ўзбекистон президенти Туркманистонга сафари доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Аваза шаҳрида бўлиб ўтадиган 3-маслаҳатлашув учрашувида иштирок этади.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг аввалги икки учрашуви Қозоғистон ва Ўзбекистон пойтахтларида ўтказилганини урғулаган Ш. Асадов Туркманистондаги учрашув кун тартибига Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар киритилганини қайд этган.

Президент матбуот котиби Авазадаги учрашув доирасида иқтисодий форум ва минтақадаги етакчи аёллар учрашуви ҳам ташкил этилишини қўшимча қилган.

Ўзбекистон президентининг Туркманистонга бўлажак сафари Ш. Мирзиёев ва Г. Бердимуҳамедов ўртасида 24 июль куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилинган эди.

Андижонда ҳокимлик биноси олдида йўл тўсган аёлларнинг аксарияти суд ҳукми билан қамалди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот

Жорий йилнинг 2 август куни Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ўтган шанба Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдидаги йўлни тўсиб қўйган бир гуруҳ шахс (17 киши) иши бўйича ҳукм чиқарди.

Андижонда вилоят ҳокими қабулига киролмаган бир гуруҳ аёл 31 июль куни автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ўтган шанба куни фуқаролардан бир гуруҳи вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига келишган, бироқ қабул тартибида ўзгаришлар бўлгани учун улар ҳокимнинг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ҳузурига йўлланган. Ҳокимлик матбуот хизмати иддаосича, қабул тартибидаги ўзгаришлар ҳақида барча ахборот ресурсларида 29 июлдаёқ хабар берилган.

ИИБ баёнотида айтилишича,, ҳокимлик ходимлари изоҳига қарамай, фуқаролар биринчи ўринбосар қабулига киришдан бош тортишиб, жамоат жойида ўзини тутиш қоидаларини бузишиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари талабларига бўйсунмай, ҳокимлик биноси олдидаги автомобиль йўлини тўсиб қўйишган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Андижон шаҳар ИИБ фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси терговга қадар текширув ўтказган ҳамда текширув натижалари ва бошқа материаллар шаҳар судига топширилган.

Суд қарори билан йўл тўсган 15 нафар аёл ва 2 нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 201-моддаси 1-қисми (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бўйича айбдор, деб топилганлар. Судланганлардан 11 нафари 8 суткадан 15 суткагача ҳибсга олинганлар, қолганларига эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (1 миллион 715 минг сўм) миқдорида жарима солинган.

Озодлик ўтган ой Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олингани, яна 4 киши жаримага тортилгани ҳақида хабар қилганди.

Шерзод Асадов Ўзбекистон президенти коронавирусга қарши тўлиқ эмланганини очиқлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда эмлаш учун рухсат этилган учта вакцинадан бирини қабул қилган. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 2 август куни Тошкентда оммавий ахборот воситалари учун ҳар душанба анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган брифинг чоғида маълум қилган.

Брифинг чоғида Кун.уз нашри мухбири томонидан берилган “Президентимизнинг ўзи вакцина қабул қилдими, агар жавоб ижобий бўлса, у қандай турдаги вакцина?” саволига Ш. Асадов тасдиқ жавобини берган.

“Давлатимиз раҳбари масъулиятли фуқаро сифатида вакцинация жараёнига жиддий қараганлар ва эмланиш муолажаларини тўла қабул қилиб бўлганлар. Президентимиз вакцина қабул қилаётган вақтларида Ўзбекистонда учта вакцина бўйича эмлаш олиб борилаётганди, булар Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқилган вакцина, “Спутник V” ва AstraZeneca вакциналари эди. Давлат раҳбари шу вакциналардан бирини қабул қилган”, дея жавоб қилган Шерзод Асадов мамлакат президентининг айнан қачон ва қайси препарат билан эмланганига аниқлик киритган эмас.

Ўзбекистон президентининг бошқа давлат раҳбарлари (мас., АҚШ президенти Жо Байден ёки қўшни Қирғизистон президенти Садир Жапаров) каби бевосита телекамералар қаршисида вакцина олмагани маълум, Ш. Мирзиёев вакцинация жараёнида иштирок этганидан гувоҳлик берувчи фотоҳужжатлар ҳам мавжуд эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда эмлов жараёнини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, рассом Марат Содиқов вафот этди

Рассом Марат Содиқов

Жорий йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Рассомлар уюшмаси аъзоси, график ва акварелист рассом Марат Содиқов 76 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Бадиий академияси рассом вафоти сабабини очиқлаган эмас.

Қайд этилишича, 1945 йил 1 январида Бухоро шаҳрида туғилган М. Содиқов 1973 йили Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган.

У 1972 йилдан буён республика ва халқаро бадиий кўргазмаларда иштирок этиб келган.

М. Содиқовга 2004 йили Ўзбекистон Бадиий академияси академиги унвони берилган.

Рассомнинг асарлари Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейи, Третьяков галереяси, Ўзбекистон санъат музейи ҳамда АҚШ, Россия, Германия, Финляндия, Италия, Франция ва Япониядаги галерея, музейлар ва хусусий коллекцияларда сақланади.

Санъаткор 2 август куни маҳаллий вақт билан соат 12.30 да Тошкентнинг Чўпонота кўчасида жойлашган қабристонда дафн этилиши билдирилган.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 131 мингдан, пневмонияга чалинганлар сони 11 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 1 август ҳолатига кўра, 131 минг 79 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча мамлакат бўйлаб 863 киши коронавирусга чалинган.

Якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 733 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 124 минг 728 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 6 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 886 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, август ойининг биринчи куни яна 498 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 11 минг 367 киши пневмонияга чалинган. Булардан 4 минг 253 нафари соғайиб чиққан, 76 нафари эса вафот этган.

Қашқадарёда ногирон онасини урган аёл қилмиши ИИБ ходимлари томонидан ўрганилмоқда

Қарши шаҳрида ногирон онасини уриб-таҳқирлаган О.Ҳ.нинг хатти-ҳаракатлари Қашқадарё вилояти ИИБ ХҚМБ масъул ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан расмий муносабатини билдирган ИИБ онасига қўл кўтарган аёл Қарши шаҳар, Шайхали маҳалласи Бўзтепа кўчасидаги 18-ётоқхонанинг 56-хонасида яшашини маълум қилган.

Қайд этилишича, О.Ҳ. шу йилнинг 13 июль куни Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти бошқармаси биноси олдига 1- гуруҳ ногирони бўлган онаси М. А.ни ҳокимият вакилларидан пул ундириш мақсадида олиб келган.

Онасини мазкур манзилда қолдириб кетган аёл бир муддатдан сўнг қайтиб келгач, “нега ҳокимият вакилларидан пул сўрамадинг?!” деб, онасини уриб, таҳқирлаган.

Хабарномада жорий йил бошидан бери О.Ҳ. ва унинг оиласига озиқ-овқат ва нақд пул шаклида 56 миллион сўм моддий ёрдам берилгани, турар-жой билан таъминлангани ҳамда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриш учун 2 сотих ер ажратилгани иддао қилинган.

Вилоят ИИБ онасини урган аёл хатти-ҳаракатлари айни пайтда ўз ходимлари томонидан ўрганилаётганини урғуларкан, О.Ҳ.га нисбатан ҳалигача бирор чора кўрилган-кўрилмаганини очиқлаган эмас.

ФВВ Зоминдаги ёнғин чоғида ҳеч ким жабрланмагани ва қурбон бўлмаганини билдирди

Зоминдаги ўрмон ёнғинини бартараф этишда иштирок этган ходимлар (ФВВ фотоси)

Жиззах вилояти Зомин тумани “Дуоба” маҳалла фуқаролар йиғини “Ўриклисой” аҳоли пункти ҳудудига яқин жойда 1 август куни юзага келган ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, "Зомин" санаторийси яқинида 80 гектар майдонда якшанба куни эрталаб соат 10:40 дан бошланган ёнғин ФВВ, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасининг юзлаб ходими иштирокида соат 18:20 га бориб тамоман ўчирилган.

Ёнғинни ўчириш учун 14 та ёнғин ўчириш экипажи, битта ёнғин қутқарув отряди ҳамда тўртта вертолёт жалб этилган ва тақрибан 7 соат вақт сарф қилинган.

“Тегишли идораларнинг куч воситаларининг ўз вақтидаги харакатлари натижасида ёнғин яқин атрофдаги аҳоли пунктларига ўтмади”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Айни пайтда Мудофаа вазирлиги Зоминдаги ёнғинни бартараф этишга 400 нафар ҳарбий хизматчидан иборат батальон жалб этилгани, Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёт авиацияси звеноси томонидан Зомин сув омборидан йигирма маротабадан ортиқ махсус восита ёрдамида сув олиниб, ҳаводан олов ўчоқларига 30 тоннадан зиёд сув ташланганини билдирган.

Зомин туманидаги ўрмон ҳудудида 1 август куни ёнғин содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Магистратурага кириш имтиҳонлари келаси йилдан Давлат тест марказига ўтказилади

31 июл куни Халқаро пресс-клубнинг олий ўқув юртларига қабул масалаларига бағишланган йиғилишида Олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқулов магистратурага кириш имтиҳонлари келаси йилдан бошлаб тест марказига ўтказилишини маълум қилди.

Вазир магистратурага қабул кўп йиллар давомида адолатсиз тарзда амалга ошириб келинганини тасдиқлади.

Жорий 2021 йилда мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонлари вақт зиқлиги боис Давлат тест марказида ўтказилмагани айтилди.

Вазирнинг таъкидлашича, эндиликда магистратурага имтиҳонлар уч асосий йўналиш бўйича амалга оширилади: чет тили ва мутахассислиги синов имтиҳонлари ҳамда бакалавр дипломи бўйича олинган ўртача баллар ҳисобига.

Чет тиллар бўйича имтиҳонларнинг Давлат тест марказига ўтказилиши орқали имтиҳон ошкоралигига эришилади, деди вазир Тошқулов.

- Бу йил вақт етишмагани учун магистратурага кириш имтиҳонларини ДТМга топширишга улгурмадик. Келаси йилдан ихтисослик фанлари бўйича имтиҳонлар ҳам ДТМга ўтказилади. Бакалавриатни тугатаётганларнинг ҳаммаси бу ҳақида билиши керак, деди Абдуқодир Тошқулов.

Бундан ташқари, янги тартибларга кўра, кейинги ўқув йилидан чет тили бўийча сертификатга эга бўлмаган абитуриентлар магистратурага имтиҳон топшира олмайдилар.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Жанубий Корея расмийлари билан учрашди

2021-йилнинг 31-июл куни Сеулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Яшил ўсиш глобал институти (GGGI) Ассамблеяси раиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди.

Бу ҳақда хабар берган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида Яшил ўсиш глобал институтига аъзо бўлиб кирган биринчи давлат бўлди.

Таъкидланишича, Тошкентда GGGI нинг Марказий Осиёдаги биринчи ваколатхонаси очилди, ўндан ортиқ қўшма тадбирлар амалга оширилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва GGGI ўртасидаги қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, яшил иқтисодиёт технологияларини жорий этиш, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сеулга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) президенти Сон Ҳёк Санг билан ҳам учрашди.

Айтилишича, агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилганидан буён 130 миллион долларлик 32 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, Корея Республикасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг 2 мингдан ортиқ амалиёти ташкил этилди, 570 дан ортиқ КОИCА кўнгилли экспертлари жалб қилинди.

Учрашувда KOICA ва GGGI ўртасидаги қиймати 5,6 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида Орол денгизи минтақасининг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳолатини яхшилаш бўйича музокаралар олиб борилди.

Абдулазиз Камилов, шунингдек, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок ва Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Чон Ий Йон билан учрашувлар ўтказди.

Томонлар яқинлашиб келаётган тарихий саналар – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва 2022-йилда корейс диаспорасининг Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан фикр алмашилди.

Каттақўрғонда автобус ағдарилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, беш киши жароҳатланди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Бухородан Тошкентга кетаётган Yutong йўловчи автобуси ағдарилиб кетди.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилишича, йўл -транспорт ҳодисаси 31 июл куни соат 01: 45 ларда “Самарқанд - Бухоро – Туркманбоши” М -37 автомагистралининг 71 -километрида содир бўлган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги маълумотларига кўра, 1983 йилда туғилган ҳайдовчи йўлни кесиб ўтган велосипедчини уриб юбормаслик учун рулни кескин ўнгга буриб юборган ва автобус ағдарилиб кетган.

Автоҳалокат натижасида шахси аниқланаётган 40-45 ёшли шахс тиббий муассасага олиб кетилаётганида йўлда, 24 ёшли йўловчи Ж. Н. эса касалхонада вафот этди. Яна беш киши турли тан жароҳатлари билан маҳаллий шифохонага ётқизилган.

Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми (“ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш ёки транспорт воситасини ишлатиш қоидаларини бузиш, одамларнинг қурбон бўлиши”) асосида жиноят иши қўзғатилди. Тергов-суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

Токио-2020: Боксчи Баҳодир Жалолов Токио Олимпиадасининг ярим финал босқичига чиқди

Баҳодир Жалолов

Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов Токиодаги Олимпиаданинг ярим финал босқичига чиқишга эришди. Бу дегани нуфузли халқаро мусобақасида 39 ўринда кетаётган Ўзбекистон камида яна битта медал соҳибига айланди.

Ўзбекистон делегациясининг байроқдори, ўғир вазн тоифасидаги (+91 кг) бокс устаси чорак финал босқичида ҳиндистонлик Сандуш Кумарни 5:0 ҳисобига енгиб, яримфиналга чиқди.

Янги қоидаларга қўра, яримфиналга чиққан, аммо рақибига бой берган боксчи ҳам бронза медали билан тақдирланади.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясида битта олтин ва камида иккита бронза медали борлиги тўғрисида айтиш мумкин. Мутахассислар яхши жисмоний формада қолаётган ва ҳозирча енгилмаган 27 яшар Баҳодир Жалоловнинг имкониятларини юқори баҳоламоқда.

Оғир вазндаги ўзбек боксчилари орасида энг юқори поғонада турган Баҳодир бугунда дунёнинг энг қучли боксчилар 40талигидан ўрин олган.

Кейинги учрашувни у франциялик рақиби Фрайзер Кларк билан 4 август куни ўтказади.

25 июль куни таэквондо мусобақаларида Улуғбек Рашитов олтин медални, дзюдочи Давлат Бобонов эса Токио-2020 Олимпиядасининг бронза медалини қўлга киритган эди.

Сенат иш берувчининг ўз ходимларидан эмланишни талаб қилувчи қонунни маъқуллади

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ 30 июлга қадар  мамлакатда жами "238 980 доза COVID-19га қарши вакцина қўлланилган".

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.

Бу ҳақда 31 июль куни Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали хабар қилди.

Расмий хабарда ëзилишича¸ “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда.

Шунингдек¸ Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.

Иш берувчининг ўз ходимларидан эмланишни талаб қилишига йўл очувчи бу ўзгартиш ва қўшимчалар президент томонидан имзоланиб¸ расмий матбуотда эълон қилинганидан сўнг кучга киради.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ 30 июлга қадар мамлакатда жами "238 980 доза COVID-19га қарши вакцина қўлланилган".

Улардан 1-босқич эмланганлар 168 506 нафарни, 2-босқич эмланганлар 48 959 нафарни, 3-босқич эмланганлар 21 515 нафарни ташкил қилган.

Андижонда ҳоким қабулига киролмаган аëллар норозилик тариқасида йўл тўсди

Ижтимоий тармоқда тарқаган қисқа видеода ўндан ошиқ аëлнинг йўл тўсиб тургани кўрилади

31 июль куни маҳаллий блогерлар тарқатган хабарга кўра¸ Андижонда бир гуруҳ аëллар шаҳар марказидаги йўлни тўсган.

Айтилишича¸ аëллар бир ойда бир марта оддий халқни қабул қилиши айтилган вилоят ҳокимининг қабулга келмаганига нисбатан ўз норозилигини шундай ифодалаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган қисқа видеода¸ Андижон вилояти ҳокимлиги деб айтилаëтган бино қаршисида ўнга яқин аëлнинг йўлни тўсиб тургани ва машиналарнинг сигнал чалаëтгани кўрилади.

Озодлик ҳозирда норози аëлларнинг ўзи билан боғланиб¸ воқеа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонда ҳал этилмай келаëтган муаммоларга ҳокимият эътиборини қаратиш мақсадида аëлларнинг йўл тўсиш ҳодисаси тез-тез қайд этилади.

Хусусан¸ йиллардан бери газ ва светсиз яшаëтган вилоятларда¸айниқса¸ қиш мавсумида бундай ҳолатлар кўп кузатилади. Айни пайтда¸ расмийлар норозиликнинг бундай шаклига қарши жазони кучайтирмоқда.

Хусусан¸ жорий Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олинди, яна 4 киши жаримага тортилди.

Ўзбекистондаги саноқли аëл ҳокимлардан бири вафот этди

Садбархон Мамитова

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича¸ Андижон вилояти Бўстон (аввалги Бўз) тумани ҳокими Садбархон Мамитова вафот этган.

Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га айтишича¸ 56 яшар ҳоким ўлимига 12 бармоқли ичак касаллигининг асоратлари сабаб бўлган.

Ўзбекистондаги саноқли аëл ҳокимлардан бўлган Мамитова 2020 йил 4 март куни Бўстон тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

Қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис бўлган Мамитова¸ 2007−2008 йилларда туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2011−2017 йилларда Жалақудуқ тумани Бандликка кўмаклашиш маркази директори, 2019 йилдан то ҳокимликка тайинлангуча¸ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган.

Айтилишича¸ Мамитова 31 июль куни ўзи туғилган Жалақудуқ тумани "Дўнг" қишлоғида дафн этилади.

COVID-19: Ўзбекистонда кунлик касалланиш ҳолатлари 900 тага етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 29 июль ҳолатига кўра, 128 минг 403 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 897 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа пандемия бошидан бери кунлик касалланиш бўйича аксилрекорд яна янгиланган.

Кеча кун бўйи Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 650 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 122 минг 368 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 7 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 866 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 29 июль куни яна 546 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 9 минг 798 киши пневмонияга чалинган. Булардан 3 минг 275 нафари соғайиб чиққан, 66 нафари эса вафот этган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG