Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 08:56

Зеленский олигархлардан коронавирусга қарши курашга маблағ ажратишни сўради


Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатдаги энг бой иш одамларини коронавирусга қарши курашиш учун маблағ ва ускуналар ажратишга чақирди.

Зеленский 16 март куни Украинада бешинчи киши COVID-19 вируси юқтиргани маълум бўлганидан сўнг Киевдаги идорасида етакчи бизнес эгалари билан учрашди. Президент олигархларга мамлакат аҳолиси учун 500 та тез ёрдам машинаси ва дори-дармонга 13 миллиард гривна (490 миллион доллар) кераклигини айтганини хабар қилди.

− Бизнес ҳукумат учун қийин давр келган пайтда ижтимоий жиҳатдан масъул бўлиши керак. Украиналиклар давлат шифохоналарига борганида ўзини ҳимояланган ҳис қилиши лозим. Ёрдамингиз ҳозир кераклигини билишингизни истайман, − деди Зеленский иш одамларига.

Айни чоқда Украина Европанинг соғлиқни сақлаш тизими эскириб кетган ва етарли даражада маблағ билан таъминланмайдиган энг камбағал мамлакатларидан биридир. Мабодо коронавирус мамлакатда кенг тарқаладиган бўлса, ушбу тизим зўриқиб, иш бермай қолиши мумкин.

Учрашув иштирокчилари орасида мамлакатнинг энг бой кишиси Ринат Аҳметов, миллиардер ва Зеленский билан бизнес алоқалари мавжуд Игорь Коломойский ҳам бор эди. Кўпчилик Коломойскийнинг ўтган йилги президент сайловолди кампанияси вақтида Зеленскийни асосий қўллаб-қувватловчилардан бири экани шоҳиди бўлган.

Аҳметов Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўпкани шамоллатувчи 4 та қурилма, шунингдек, ҳимоя кийимлари, термометрлар ва тиббий ниқоблар олиб берган эди.

Қувур ишлаб чиқарувчи компания эгаси, миллиардер Виктор Пинчук Киев ва Украинанинг бошқа вилоятларидаги шифохоналарга ўпкани шамоллатувчи 10 та қурилма олиб берди.

Аҳметов, Коломойский ва Пинчук дастлабки бойлигини "ит эгасини танимайдиган" 90-йилларда Украинанинг давлат активларини арзонгаровга сотиб олиш йўли билан орттирган эди. Буни аксарият украинлар адолатсиз деб билади.

Улар Украина иқтисодиётининг асосий қисмини бошқараётган ва олигархлар деб аталаётган иш одамлари гуруҳига мансубдир.

Бошқа бадавлат иш одамлари Украинага етказиб бериш учун Қўшма Штатлардан ишлатилган ўпкани шамоллатувчи қурилмаларни сотиб олмоқда.

Хитойдаги энг йирик технология компанияларидан бири “Alibaba Group” асосчиси бўлган миллиардер Жэк Ма 80 миллион долларга Украина учун коронавирусни аниқлайдиган 1 миллион комплект қурилмалар сотиб олиб берди, деди Зеленский. Президентнинг айтишича, вирусни аниқлаш комплектлари 21 мартда Хитойдан олиб келинади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG