Линклар

Шошилинч хабар
15 апрел 2021, Тошкент вақти: 20:03

Зеленский Освенцимда омон қолган асирларни “инсоният матонати рамзи” деб атади


Украина президенти Володимир Зеленский Освенцим концентрацион лагери асирлари озод этилганининг 75 йиллигига бағишланган маросимда. 2020, 26 январь.

Украина президенти Володимир Зеленский Освенцим концентрацион лагери асирлари озод этилганининг 75 йиллигига бағишланган маросимда қатнашиб, фашистлар қирғинидан омон қолганларни “инсоният матонати рамзи” деб атади.

26 январь куни Польшанинг Краков шаҳрида Ҳолокостдан омон қолганлар иштирокида бўлиб ўтган хотира маросимида сўзлаган президент:

- Инсоният сизнинг бардошингиз ва матонатингизни таърифловчи сўзларни ўйлаб топмаган бўлса керак, — деди.

Зеленский ўзининг қисқа нутқи давомида антисемитизм ва ирқчиликни қоралаб, инсоний қадриятларни ҳимоя қилиш аҳамияти ҳақида сўзлади.

- Бу хотираларнинг аксари бир хил чақириққа эга: Жим ўтирманг! Янги авлод бу ҳикояларни билиши керак, сайёрада бунақа ҳодиса такрорланишига ҳеч қачон йўл қўймаслик учун Ҳолокост даҳшатларини билиши керак, — деди президент.

Таржимон орқали сўзлаган Зеленский:

- Сиз жуда кучли ва жасоратлисиз. Ҳолокостни инсоният тарихидаги қора давр деб аташади. Сизлар эса қоронғиликни ёриб чиққан қуёш нурларисиз, — дея қўшимча қилди президент.

27 январь куни Зеленский лагерда омон қолган 200 дан ошиқ киши ҳамда 60 давлат делегациялари аъзолари билан фашистлар 1,1 миллион шахсни — асосан яҳудийларни қирғин қилган собиқ лагерь ҳудудига борди.

Зеленский Ҳолокостда қариндошлари нобуд бўлганини айтди.

- Нафрат йўқ қилиниши керак. Илдизи билан қуритилиши керак. Нафратни йўқ қилишимиз керак, чунки жамиятимизни барбод қилаётган энг йирик куч айнан шудир, — деди Украина президенти.

Президент, шунингдек, яҳудийлар умрини сақлаб қолиш учун курашган украиналикларни олқишлади.

Исроил ҳукумати яҳудийлар умрини сақлаб қолиш учун курашганларни “Дунё халқларининг солиҳлари” деб атайди. Мазкур унвон берилган 27,362 кишининг тахминан 10 фоизи украинлардир.

Кейинги йилларда жаҳонда антисемитизм қайта авж олаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

2019 йил ноябрида қароргоҳи АҚШда жойлашган “Деффамацияга қарши лига” ҳар тўрт европаликнинг биттаси яҳудийлар ҳақида “чуқур ва салбий” қарашларга эга эканлиги аниқланганини хабар қилган эди. Хусусан, Германияда сўров иштирокчиларнинг 42 фоизи яҳудийлар Ҳолокост ҳақида ошиқча кўп сўзлайди, деган фикрга қўшилган.

XS
SM
MD
LG