Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:59

Лукашенкога яқин россиялик ишбилармонларга қарши санкция жорий этиш таклиф қилинди


Беларусь мухолифати АҚШни Лукашенко режимини иҳоталашга чақирмоқда.
Беларусь мухолифати АҚШни Лукашенко режимини иҳоталашга чақирмоқда.

АҚШ Конгрессининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясида 6 май куни Беларусдаги воқеаларга бағишланган тингловлар бўлиб ўтди. Унда қатнашганлар ушбу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани муносабати билан, шу жумладан, Россиянинг йирик тадбиркорлари ва ширкатларига қарши санкция жорий этишни таклиф қилганлар.

Онлайн тарзда кечган тингловларга конгрессменлар Жеймс Макговерн ва Кристофер Смит раислик қилган. Маърузачилардан бири, Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская ўтган йилги сайловдан сўнг мамлакатда давом этаётган сиёсий қатағонлар ҳақида сўзлаб берган.

Хусусан, унинг айтишича, Александр Лукашенко ҳокимиятига қарши оммавий намойишга чиққанлардан 35 мингдан ортиқ киши қўлга олинган, улардан минг нафари калтакланган ёки бошқа турли қийноқларга дучор бўлган, 8 киши ўлган. Жами мингдан зиёд жиноят иши очилган.

Тихановская АҚШни Лукашенко режимини иҳоталашга, фуқаролик жамияти ва мустақил ОАВларини дастаклаш ҳамда Беларусдаги воқеаларга бағишланган халқаро конференция ташкил қилишга чақирган.

Тингловларда эксперт ўлароқ чиқиш қилган АҚШ давлат котибининг собиқ ёрдамчиси Дэвид Кремер Лукашенко режимини молиялаштираётган беларуслик тадбиркорлар билан чекланмай, Беларусь президентига яқин бўлган россиялик олигархлар, Россия давлат ОАВлари, хусусан, RT ходимлари, Россиянинг йирик банклари ва ширкатларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этишга чорлади.

Жумладан, у Михаил Гуцериев, Герман Греф, шунингдек, ВТБ, ВЭБ, “Газпромбанк”, “Газпром”, “Роснефть” ва бошқа ширкатлар номини тилга олган. Кремернинг айтишича, Беларусни “босиб олиши”га йўл қўйилмаслиги ҳақида Россияга аниқ сигнал йўллаш лозим.

Варшавадаги Шарққа оид тадқиқотлар маркази директори Адам Эберҳард, ўз навбатида, Беларусь халқаро майдонда яккаланиб қолаётгани манзарасида Россиянинг ушбу мамлакатдаги вазиятга таъсири тобора кучаяётганини таъкидлади.

АҚШ Вакиллар палатаси аъзоларидан иборат Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия Инсон ҳуқуқлари бутунжаҳон декларациясида белгиланган халқаро ҳуқуқларини дастаклаш ва ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

5 май куни “Катта еттилик”ка аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ўтган йилнинг августида Беларусда бўлиб ўтган сайловларни “сохта” деб атаб, барча сиёсий тутқунларни озод қилишга ва “халқаро вакиллар кузатувида янги, эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш”га чақирган эди.

XS
SM
MD
LG