Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:19

OzodBlog: Бош вазир фақат пойтахтликларни ҳимоя қиладими?


Бош вазир Абдулла Арипов Сергелидаги кўп қаватли уй фонида. (Блог муаллифи фотоколлажи)

Эътиборингизга ўзбекистонлик блогер Мирзо Субхонов OzodBlog рукнига тақдим этган блогни ҳавола қилаяпмиз. Таҳрирсиз берилаётган матннинг имло ва стилистикаси сақлаб қолинди. Блогга илова қилинган фото ва ҳужжатлар фотолари муаллифники.

***

Бош вазир фақат пойтахтликларни ҳимоя қиладими ёки Нима учун вилоятлардаги "арзон уйлар" пойтахтникидан қиммат?

Ёш оилалар, эскирган уйларда яшовчилар ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш юзасидан президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 октябрдаги «2018-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қавартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастури» тўғрисидаги қарорининг дастлабки баҳосидан келиб чиқиб, арзон уйларнинг бир квадрат метр нархи 2 756 400,00 сўм этиб белгиланган эди.

Аммо, арзон уйлар битқазилиши арафасида қурилишга масъул ягона буюртмачи «Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖ валютанинг ошиши, имтиёзли нархларда ажратилган цемент ва металл маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш тартиби жорий этилганлиги, ойлик иш ҳақи миқдорлари ўртача ошганлиги, газ, электр энергиялар нархларининг кўтарилганини сабаб қилиб уй-жойлар нархини 4 338 967,00 сўм ёки 55%гача кескин оширишга қарор қилди:

Шунга жавобан, Тошкент шаҳри Сергели туманидан арзон уй учун кредит олган аҳоли нархларнинг кескин ошишига норозилик билдиради ва 9 апрел куни қарийб 60 киши бўлиб Президент девонига шикоят қилиб боради. Икки кун ўтиб, 11 апрель куни Сергели тумани ҳокимияти биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида норози фуқаролар қабули ташкил этилди ва нархларни максимал даражада камайтирилиши, ҳамда хонадонлар сифатини тўлиқ қайта кўриб чиқишга келишиб олинган эди.

Орадан бир ой ўтиб Тошкент шаҳри Сергели туманидаги уй-жойлар нархи 3 253 000,00 сўмгача туширилди, аммо вилоятлардаги уй жойлар нархи камайтирилмади. Бугунга келиб вилоятлардаги «арзон уйлар» нархи 3 500 000,00 сўмдан бошланади ва бу Сергелидаги уйлар нархидан 8%га қиммат, ваҳоланки вилоятлардаги ўртача иш ҳақи миқдори пойтахтликлар иш ҳақисидан расман нахт икки бараварга кам.

Ягона буюртмачи «Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖнинг 30.07.2019йил №01/2469-сонли жавоб хатига асосан Бош вазир Абдулла Ариповнинг 2019 йил 14 майдаги топшириғи «факат Сергели туманида қурилган уй-жойларга тегишли» эканлиги алоҳида айтиб ўтилди:

Мустақил Ўзбекистонимиз пойтахт Тошкент шаҳридан ташқари яна 12 вилоят ва Қорақалпоғистон республикасидан ташкил топган. Шунга асосан Бош вазир Абдулла Ариповдан Ўзбекистон фукароларини ажратиб арзон уй-жойлар нархини фақат Сергели аҳолиси учун камайтириш эмас, балки республика доирасида ҳамма аҳоли учун мақбул ягона нарх белгилаш бўйича топшириқ беришларини сўраб мурожаат этамиз.

Мирзо Субханов

XS
SM
MD
LG